Матбуот: Шавкат Мирзиёевга 'суяниш мумкин'

Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, AP

Ўзбекистон давлат хабар агентлиги-ЎзА Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига келиб тушаётган ариза ва шикоятлар ҳамда уларнинг ечимига бағишланган мақола чоп этган.

Унда президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев "юксак иродали инсон"дея таърифланади.

Мақола марҳум президент Ислом Каримовнинг "Юксак маънавият - енгилмас куч" китобидан олингани айтилган мана бу иқтибос билан очилган:

"Биринчи Президентимиз Ислом Каримов «Юксак маънавият - енгилмас куч» китобида «юксак иродали инсонга суяниш мумкин»лигини таъкидлаган: «Бундай кишилар бошингизга бирор-бир ташвиш ёки муаммо тушгудек бўлса, лоқайд қараб туролмайди. Ҳеч иккиланмасдан, ёнингизда туриб, қўлидан келганча ёрдам беришга, қийинчиликларни сиз билан биргаликда енгишга ҳаракат қилади".

Мақола давомида "фуқароларнинг муаммолари, ариза ва шикоятлари тезда ҳал қилингани учун миннатдорлик хатлари"дан иқтибослар келтирилган.

Улар орасида мамлакатнинг турли минтақаларидан ғалланинг пулини ололмай, тракторчилардан қарздор бўлиб қолган фермер, пластик карточкага сифатсиз ун сотиб олган истеъмолчи, хориждаги шериги олдида юзи шувут бўлаёзган маҳаллий тадбиркор, банкдан 500 АҚШ долларини конвертация қилолмай сарсон бўлган ва Юселл антеннаси йўқлигидан шикоят қилган фуқаролар бор.

Мақолада таъкидланишича, ушбу ариза ва шикоятларнинг барчаси қисқа вақт ичида ва ижобий ҳал этилган.

Жаноб Мирзиёев жамоатчилик олдидаги чиқишларида ўзини марҳум президент Ислом Каримовнинг фарзанди, дея тақдим қилмоқда.

Унинг сайлов стратегияси афтидан, ҳокимиятнинг давомийлиги тамойилига қурилган.

Сўнгги мақолада ҳам виртуал қабулхона "Ислом Каримов асос солган ва бошлаб берган кенг қамровли ислоҳотларнинг изчил давоми" дея тақдим этилган.

Марҳум президентнинг ўзи тириклигида эҳтимолий ворисига ишора қилмаган.

8 сентябр куни Сенат раиси ўрнига Бош вазирнинг вақтинча президент этиб тайинланиши ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликларнинг жуда кам кузатиладиган норозиликларига сабаб бўлган эди.

Бунинг ортидан ҳукуматнинг бош ҳуқуқшуноси Акмал Саидов Конституция бузилмаганини ҳуқуқий жиҳатдан асослашга мажбур бўлди.

Аммо қисқа вақт ичида ичида ижтимоий тармоқлардаги кайфиятлар жаноб Мирзиёев фойдасига ўзгарганини кузатиш мумкин.

Ойна

Мурожаат қилган фуқаролардан бири Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси мамлакатдаги асл вазиятга ойна тутаётганини айтган.

"Ҳаммага маълум гап: қуйи бўғинлардаги айрим раҳбару ходимлар қоғозда гўё ҳамма масалани ҳал қилаверар, бу муаммолар аслида ҳаётда ечилмай ёки аҳвол ўзгаришсиз қолаверарди. Энди ҳеч ким бундай қилолмайди. Чунки Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси мамлакатимизнинг барча жойидаги асл вазиятни ойнадай кўрсатиб бермоқда", дея бухоролик Н. Сафарованинг сўзларидан иқтибос келтиради давлат хабар агентлиги.

"Ишим-ку битди, лекин ўйлайман-да: одам ҳатто айтишга хижолат бўладиган шундай кичик масалани Бош вазир даражасигача олиб бориш керакми? Шуларни туман доирасида ҳал қилса бўлмайдими? Бунга нима халал беради?" дея савол қўйган Н.Сафарова.

Ўзбекистон расмийларига кўра, Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига қисқа вақт мобайнида ўн минглаб шикоят ва аризалар келиб тушган.

Уларнинг аксарияти мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари ва банк тизимининг фаолияти билан боғлиқ экани маълум қилинган.

Виртуал қабулхонага мурожаат қилган фуқаролар ижтимоий тармоқларда ўз аризаларига 10 кун ичида ва асосан ижобий жавоб олишгани ҳақида ёзишмоқда.

Танқидчиларга кўра, виртуал қабулхона Мирзиёевнинг сайловолди ташвиқотларининг бир қисми, холос.

Улар янги раҳбарият халқ орасида машҳур бўлмаган Бош вазирнинг рейтингини шу йўл билан кўтармоқчи эканини айтишади.

Фалажлик

Марҳум президент Ислом Каримов даврида инсон ҳақлари фаоллари ҳокимият фуқароларнинг ариза ва шикоятлари билан ишламаслигини кўп бора танқид қилганлар.

Таҳлилчиларга кўра, виртуал қабулхона фаолияти жойларда давлат ҳокимиятининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилмай қўйгани, амалда фалаж ҳолга келиб қолганини кўрсатган.

Хориждаги ўзбек мухолифати ва фуқаро жамияти вакиллари Бош вазирнинг виртуал қабулхонасини эҳтиёткорлик билан олқишлашган ва жаноб Мирзиёевни сиёсий ислоҳотларни тезроқ бошлашга чақирганлар.

Улардан баъзилари виртуал қабулхонага ўзларининг ислоҳотларга доир дастурларини ҳам таклиф этишган.

Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган "Эрк" демократик партияси раиси Муҳаммад Солиҳга кўра, Ўзбекистоннинг 27 йил мобайнида йиғилиб қолган муаммоларини "виртуал даричалар" очиш билан ечиб бўлмайди.

Унинг фикрича, агар жаноб Мирзиёев ислоҳотлар ўтказиш ниятида қатъий бўлса, "Ўзбекистон қамоқхоналаридаги сиёсий маҳбусларни озод этиши ва ватандан қувилган мухолифатни реабилитация қилиши керак".

Жаноб Мирзиёев ҳозирга қадар сиёсий соҳада жиддий ислоҳотлар бошланиши борасида бирон ишора бермаган.

Ўтган ҳафта у коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги қонун лойиҳасини парламентга тақдим этган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.