Ироқдаги ИД раҳбари ўлдирилган

Сурат манбаси, AP
АҚШ Мудофаа вазирлигига кўра, Ироқнинг Анбар вилоятида Америка бошчилигида халқаро кучлар амалга оширган ҳаво ҳужумида "Исломий давлат"нинг асосий раҳбарларидан бири ўлдирилган.
Қўшма Штатлар Мудофаа вазирлиги матбуот сўзчиси Петер Кукга кўра, 6 май куни Рутба яқинида ичида Абу Ваҳиб бўлганига ишонилган автомобил нишонга олиниши натижасида у дохил яна уч жангари ҳалок этилган.
"Шу кунларда Ироқ ва Сурияда ИШИД раҳбарларидан бўлиш хатарли", деб айтган жаноб Кук.
Абу Ваҳиб бундан олдин ҳам бир неча бор ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқалган, бироқ кейин улар ёлғон бўлиб чиққан.
Пентагон Шокир Ваҳиб номи билан танилган Абу Ваҳибни Анбар вилоятида "ИД кучлари амири" бўлган дея таърифлайди.
Жиҳодий гуруҳ 2014 йилда аҳолисининг аксарияти сунний араблардан иборат йирик Анбар вилоятини босиб олган эди.
Кузатувчиларга биноан, 1986 йилда туғилган, собиқ компютер талабаси Абу Ваҳибга "Исломий давлат" нинг умидли раҳбарларидан бири деб қаралган.
Ироқдаги Ал-Қоиданинг собиқ аъзоларидан бири, сўнгра ИД сафига ўтган Абу Ваҳиб АҚШ ҳарбийлари томонидан 2006 йилда ушланиб, ўлимга ҳукм этилган, бироқ 2012 йил у қамоқдан қочишга муваффақ бўлган.
Сўнгра у Суриядан Ироққа қатновчи юк машина ҳайдовчиларини ўлдирганлиги билан ном чиқарган.
Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Кукнинг айтишича, Абу Ваҳиб нафақат Анбар вилоятининг, балки бутун "Исломий давлат"нинг нуфузли раҳбарлари қаторида саналган.
Шу боис, унинг ўлдирилиши халқаро кучларнинг олдинга катта қадами, дейиш мумкин.
АҚШ бошчилигида халқаро кучлар ҳужумларида охирги пайтда бир нечта ИШИД раҳбарлари ўлдирилган, Абу Ваҳиб уларнинг охиргисидир.
Бундан олдин Ироқда Ҳожи Имом лақаби билан машҳур Абдул Раҳмон Мустафо ал Қадулий ва Умар ал-Шишаний ёки "Умар чечен" номи билан танилган "уруш вазири" Тархон Батирашвили ўлдирилган эди.
Халқаро кучларнинг ҳарбий амалиётларига қарамасдан, "Исломий давлат" жангари гуруҳи Ироқнинг Сурия билан чегарадош катта ҳудудларини назорат қилиб турибди.
- Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
- ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
- Instagram - BBC UZBEK
- Twitter - BBC UZBEK
- Odnoklassniki - BBC UZBEK
- Facebook - BBC UZBEK
- Google+BBC UZBEK
- YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
- Skype - uzbekbbclondon
- bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг












