"Ҳамма Араб давлатлари Эронга қарши чиқиши мумкин"

Сурат манбаси, Reuters
Миср пойтахти Қоҳирага Араб лигасига аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари фавқулодда мажлисга тўпланганлар.
Бу мажлис Эрон билан муносабатлари ёмонлашиши манзарасида Саудия Арабистони чақириғи билан ташкил этилган.
Айни пайтда Эрон Саудия Арабистонини Суриядаги урушни ҳал этиш йўлига ғов қўйиш ҳаракатларида айблаб чиққан.
Қоҳирадаги йиғилишда Араб Лигаси раҳбари Наби ал-Арабий Теҳронни "провокатив амалларда" айблаган ва Араб мамлакатларини бирлашишга чақирган.
Наби ал-Арабий Араб мамлакатларини Саудия таклиф қилган якдил қарорни маъқуллашга чақирган.
Жаноб Арабий сўзларига кўра, "барча Араб мамлакатлари Эроннинг Араб давлатлари ишларига ҳар қандай шаклда аралашишни тўхтатиш борасида кескин ва аниқ мавқеъ"ни эгаллашлари лозим.
Саудия Ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр Эрон баёнотларини "Саудия Арабистонига душман" баёнотлар деб атаган, бу баёнотлар Саудия Арабистонининг Теҳрондаги элчилигига ҳужумларга тўғридан-тўғри етаклаган.
Саудия Ташқи ишлар вазири ал-Жубайрнинг қоҳирадаги мажлисда айтишича, "агар Эрон "терроризм, мазҳабчилик ва зўравонлик"ни қўллаб-қувватлашни давом этдираверса, барча Араб мамлакатларининг мухолифлиги билан юзма-юз келади".
Саудия билан Эрон ўртасидаги алоқалар ёмонлашишига Саудияда таниқли бўлган шиа Шайх Нимр ал-Нимр ва яна 46 кишининг 2 январ куни қатл қилингани сабаб бўлди.

Сурат манбаси, Reuters
Ўша куни Теҳрондаги норозилик намойиши иштирокчилари Саудия элчихонасига, Эроннинг иккинчи йирик шаҳри Машҳаддаги консулликка ҳужум қилдилар ва бинога ўт қўйиб юборилди.
Бунга жавобан Саудия Арабистони Эрон билан дипломатик алоқаларни узди. Баҳрайн ва Судан ҳам саудийлар йўлини тутиб, Теҳрон билан алоқаларни уздилар.
Теҳрон Саудиядан импортни тақиқлади.
Саудия ва Баҳрайн Эронга учоқлар парвозини ҳам тўхтатишга қарор қилди.
7 январ куни Эрон Саудия Арабистонини ўзининг Ямандаги элчихонани бомбалашда айблади ва БМТ Хавфсизлик кенгашига протест киритди.
Ямандаги шиа Хусий исёнчиларини Эрон дастаклаб келади, Хусийлар ҳаракатига қарши Яман ҳукумати ва бошқа мамлакатлардан иборат ҳарбий коалицияга етакчилик қилаётган Саудия Арабистони Теҳрон айбловларини рад этди.
Саудияга кўра, Эроннинг Теҳрондаги элчилигига яқин жойда ҳарбий амалиёт ўтказилмаган.
Айни пайтда 10 январ куни Эрон Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф Саудияни ушбу можародан Сурия тинчлик музокараларини издан чиқаришда фойдаланаётганликда айблаб чиқди.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












