Қундуз: Толибон Боло Ҳисорни ҳам қўлга киритди

Сурат манбаси, Reuters

Душанба куни Қундуз шаҳрини босиб олган Толибон жангарилари яна бир ютуққа эришишган: Афғон ҳукумат кучларига тегишли стратегик жиҳатдан муҳим ҳарбий иншоотлардан бирини қўлга киритишган.

Қундуз учун қақшатқич жангларнинг иккинчи куни ниҳоялаб бораркан, толиблар шаҳардаги Боло Ҳисор қалъасини ҳам забт этишган.

Сўнгги хабарларга кўра, шаҳар касалхоналари ярадорларга тўлиб тошиб кетган ва шифокорларнинг бошлари шишиб қолган.

Ярадорларнинг орасида ҳарбийлардан ташқари оддий одамларнинг ҳам борликлари айтилмоқда.

Йўллар миналаштирилган, электр токи ва сув таъминоти кесиб қўйилган.

Қундуз шаҳар аэропорти ҳозирча афғон ҳукумат кучлари қўлида ва улар толибларни ортга қайтариш ҳаракатидалар.

Жанглар оғирлашиб бораркан, бироз аввал афғон хавфсизлик кучларига кўмак бериш учун кичик сондаги Нато махсус кучлари ҳам Қундузга ташланган.

АҚШ ҳарбийлари томонидан кеча сешанба куни уюштирилган қўшалоқ ҳаво ҳужумида 170 яқин жангари ўлдирилган.

Сурат манбаси, f

Толибон босиб олган Қундуз шаҳри учун жанглар оғирлашиб бораркан, шаҳарга Нато қўшинлари ҳам етиб боришган.

Юзлаб жангарилар душанба кунининг ўзида шаҳарни босиб олишган, ҳукумат кучлари эса уларга қарши кеча сешанба куни махсус амалиётга қўл уришганди.

Аммо, Қундуздан олинган сўнгги хабарларга кўра, шаҳарни қайтариб олиш афғон хавфсизлик кучлари учун осон кечмаётир.

Шаҳарда, иккинчи кундирки, қақшатқич жанглар давом этмоқда.

Айтилишича, АҚШ ҳарбийлари томонидан уюштирилган қўшалоқ ҳаво ҳужуми жангариларга писанд бўлмаган ва улар шаҳар аэропорти сари илгарилашмоқда.

Сурат манбаси, Reuters

АҚШ Қуролли кучлари воизининг баён қилишича, афғон хавфсизлик кучларига маслаҳат бериш учун энди Қундузга Нато ҳарбийлари ташланган.

Ўтган йил охирида расмий Вашингтон ва Кобул ўртасида имзоланган муҳим хавфсизлик битимига мувофиқ, Афғонистонда оммавий сафарбарлик ортидан ўн мингдан ортиқ хорижий аскар қолган.

Улар Нато ваколати остида иш юритишади ва эҳтиёж туғилган пайтда афғон хавфсизлик кучларига ҳаводан туриб мадад беришга ҳақли саналишади.

Мазкур келишувга мувофиқ, улар аксариятининг афғон тупроғида жанговар амалиётлар олиб боришлари тақиқланган.

Аммо, Афғонистондаги вазият ёмонлашиб бораркан, президент Барак Обама ўтган йил якунида Нато қўшинлари сафларидаги ҳарбийларига бундай ҳуқуқни берганди.

Сурат манбаси, Reuters

Ҳар икки томон ҳам ўзларининг қўллари баланд келаётганини иддао қилишаркан, иккинчи кундирки, Афғонистоннинг Тожикистонга бевосита қўшни Қундуз вилояти марказида толиблар ва афғон ҳукумат кучлари ўртасида қақшатқич жанглар давом этмоқда.

Юзлаб Толибон жангарилари турли томондан ҳужум қилиб, шу ҳафта душанба куни Қундуз шаҳрини босиб олишганди.

Кеча сешанба куни афғон ҳукумат кучлари АҚШ ҳарбийлари кўмагида шаҳарни қайтариб олиш учун ўз амалиётларини бошлашган, аммо энг сўнгги хабарларга кўра ҳам, ҳамон бунга муваффақ бўлишмаган.

Сурат манбаси, Reuters

Афғонистон Жосуслик Хизматининг иддао қилишича, ҳаво ҳужумлари натижасида Толибон ҳаракатининг Қундуз вилоятини лидери ва унинг муовини ўлдирилган. Аммо ҳаракат уларнинг бу даъволарини рад этган.

Қундуз шаҳрининг босиб олиниши – 2001 йилдан буён жангарилар қўлга киритишга муваффақ бўлган энг йирик ғалаба сифатида баҳоланмоқда.

Хабарларга кўра, ўтган тун ҳам Қундуз атрофида жанглар кечган ва ҳозирга қадар шаҳарнинг қанча қисми кимнинг қўлида экани маълум эмас.

Қундуз полиция бошқармаси воизи Сайид Анвар Ҳусайнийнинг “Reuters” ахборот агентлигига айтишича, “юзлаб Толибон жангарилари ўлдирилган ва уларнинг жасадлари шаҳар кўчаларида чўзилиб ётибди”.

Сурат манбаси, Reuters

Афғонистон Мудофаа вазирлиги эса, шаҳар полиция бошқармаси идораси ва қамоқхона ҳозир яна ўз назоратлари остида эканини иддао этишмоқда.

Аммо Толибон эълон қилган видеотасвирларда жангариларнинг танклар, зирхли ва полиция машиналарида шаҳарни бемалол кезию юришгани акс этади.

Қундуздаги шоҳидлардан бирининг Би-би-сига айтишича, толибларга ҳам қўшимча мадад кучлари етиб келган ва шаҳар аҳолисининг ҳаёти янада хатар остида қолган.

Одамларнинг асабий эканликлари, ҳам жангарилар ва ҳам жангларнинг кўчаларига кўчиши эҳтимолидан хавотирланиб, асосан ўз уйларига қамалиб олишгани айтилади.

Афғонистон Толибон ҳаракатининг янги лидери Мулла Ахтар Муҳаммад эса, афғон ҳукумати ўз мағлубиятини тан олиши шарт, демоқда.

Сурат манбаси, AFP

Кеча сешанба куни қудратга келганига роппа-роса бир йил бўлган Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани эса, ўзининг телевизион мурожаатида Қундузда анча олдинга силжишгани, аммо толибларнинг шаҳар аҳолисидан жонли қалқон сифатида фойдаланаётгани ўз хавфсизлик кучларига тўсқинлик қилаётганини айтган.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, толибларнинг Қундуздаги йирик ғалабаси Афғонистон Толибон ҳаракатига янги лидер тайин этилиши ва янги раҳбарнинг номзоди ҳаракат сафларида жиддий бўлинишларга сабаб бўлганига оид хабарлардан қисқа вақт ўтмай кузатилмоқда.

Шу йил июл ойида Афғонистон Толибон ҳаракатининг узоқ йиллик раҳбари Мулла Муҳаммад Умарнинг бундан икки йил қазо қилгани расман маълум бўлган ва орадан қисқа вақт ўтмай, унинг яқин сафдошларидан бири бўлган Мулла Ахтар Муҳаммад унинг ўрнини эгаллаганди.

Бунинг ортидан Қурбон Ҳайити муносабати билан афғон халқига йўллаган илк табригида эса, Мулла Ахтар Муҳаммад оддий одамларнинг жанглардан зиён чекмасликлари лозимлиги ҳақида сўз юритган ва афғон можаросига тинч йўл билан барҳам беришга мойил эканликларига ҳам ишора қилганди.

Аммо бунинг учун хорижий қўшинлар “ўзлари ишғол қилиб турган” Афғонистонни буткул тарк этишлари шарт эканини урғулаганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio