Толибон Қундуз шаҳрига уч томондан ҳужум қилди

Полициянинг хабар беришича, Толибон жангарилари Афғонистоннинг стратегик шаҳри бўлмиш Қундузга кутилмаганда уч томондан ҳужум қилган. Қурбонларнинг аниқ сони борасида маълумот йўқ, бироқ матбуот бир неча одамнинг ҳалок бўлганини ёзмоқда. Жанглар давом этмоқда.

Жангариларнинг шу йилнинг ҳисобидан иккинчи марта Қундузга киришга ҳаракат қилмоқда.

Ушбу ҳодиса Афғонистон шарқидаги Пактика вилоятида спорт мусобақасига бомбали ҳужумдан бир кун ўтиб рўй бермоқда. Ҳужумда 9 киши нобуд бўлган.

Қундуз полицияси воизи Сайид Сарвар Ҳусайнийнинг журналистларга айтишича, Толибон шаҳарга душанба куни тонгда бир неча тарафдан ҳужум қилган.

"Шаҳар олиб кирувчи Хонобод, Чордара ва Имом Шоҳидда оғир жанглар кетмоқда. Кучларимиз етарли ва уларни кейинроқ сиқиб чиқарамиз", - деган Сайид Сарвар Ҳусайний.

Қурбонлар борасида қарама қарши хабарлар келмоқда.

Маҳаллий расмийлар Tolo News агентлигига Толибон билан тўқнашувда 21 киши ҳалок бўлгани ва 13 жангари ўлдирилганини айтган.

Полиция эса 20 нафар жангари ўлдирилганини айтмоқда.

Қундуз вилояти марказий ва шимолий Афғонистонни, жумладан пойтахт Қобулни бирлаштириб турувчи катта йўллар чорраҳасида жойлашган.

Кузатувчиларнинг айтишича, вилоят Афғонистон гуручининг ярмини етказиб беради.

АҚШ ва НАТО ҳарбий кучлари Афғонистонни ўтган йили тарк этиши ортидан мамлакат бўйлаб жангариларнинг фаоллиги кузатилган.

Якшанба куни Пактикадаги спорт майдончасига қилинган бомба ҳужуми 9 кишининг умрига зомин бўлган ва кўплаб одамни жароҳатлаган.

Бундан ташқари якшанба куни ўзини Исломий давлат дея номловчи гуруҳга бирлашган 300 жангари Нангарҳардаги чегара нуқтасига ҳужум қилган.

Маҳаллий расмийлар ҳужумда икки полициячи ўлгани ва 60 жангари ўлдирилганини айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio