Таҳлил: Мулла Мансур Толибон ҳаракатини эплай оладими?

    • Author, Довуд Қоризода
    • Role, Би-би-сининг Афғонистон бўйича мухбири
  • Ўқилиш вақти: 8 дақ

Агар, ҳаракатнинг ўз баёнотларига таянилса, бугун ораларидаги зиддиятга барҳам бериб, янги лидерлари Мулла Ахтар Муҳаммад Мансур атрофида бирлашишган.

Аммо уларнинг бу каби даъволари дарров янграб қолгани йўқ: Айнан янги раҳбарлари ким бўлиши юзасидан толиблар орасида келиб чиққан жанжал ўзиям бир неча ҳафтага чўзилган ва ҳатто, ҳаракат сафларида бўлинишга ҳам сабаб бўлганди.

Шу йил июл ойида узоқ йиллик лидери Мулла Муҳаммад Умарнинг қазо қилгани ўз тасдиғини топаркан, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, Мулла Мансур унинг ўрнига Амир ул-Мўминин, деб эълон қилинганди.

Лекин ушбу қарор ҳаракат аъзолари томонидан бирдек хуш қарши олинмаган, марҳум Мулла Муҳаммад Умарнинг айрим тарафдорлари унга қаршилик қилишганди.

Мулла Умарнинг бундан икки йил бурун қазо қилгани маълум бўлган ва Мулла Мансур зудлик билан унинг ўрнига тайинланганди
Сурат тагсўзи, Мулла Умарнинг бундан икки йил бурун қазо қилгани маълум бўлган ва Мулла Мансур зудлик билан унинг ўрнига тайинланганди

Айниқса, Мулла Умарнинг шу пайтгача борлигини кўпчилик билмаган акаси ва тўнғич ўғли янги амирни ёвқарашлик билан қарши олишган, унинг қандай қилиб ҳаракат тепасига келиб қолганини савол остига олишганди.

Аммо, бунга қарамай, кейинроқ улар ҳар икковининг ҳам Мулла Мансурга байъат келтиришгани маълум бўлганди.

Бу ҳақда Би-би-сига ўтган ҳафта Афғонистон Толибон ҳаракатининг воизи Забиуллоҳ Мужоҳид расман баён қилганди.

Агар, унинг сўзларига таянилса, “Мулла Умарнинг тўнғич ўғли Мулла Ёқуб ва акаси Мулла Манан ҳаракатнинг янги лидерига ўз байъатларини тантанали маросим чоғида келтиришган”.

Лекин воиз жаноблари бу маросимнинг айнан қаерда ва қандай кечгани борасида миқ этмаган.

Афғонистон Толибон ҳаракатининг воизи бундан буёғига яна бир ёқадан бош чиқариб фаолият олиб боражакларини қўшимча қилишни унутмаган.

Афғонистон Толибон ҳаракатининг расмий веб саҳифасида баён қилинишича, Мулла Муҳаммад Умарнинг оиласи янги лидерга байъат келтиришган
Сурат тагсўзи, Афғонистон Толибон ҳаракатининг расмий веб саҳифасида баён қилинишича, Мулла Муҳаммад Умарнинг оиласи янги лидерга байъат келтиришган

Ораларидаги ўзаро нифоққа барҳам бериш учун ўтган яқин ҳафталар ичида юзлаб Толибон қўмондонлари, жангарилари ва уламолари қўшни Покистонга серқатнов бўлиб қолишганди.

Покистоннинг Афғонистон чегарасига яқин Кветта шаҳридан олинган хабарларга кўра, ҳаракатнинг тарафдорлари гаплашиб олиш учун келаётган шунча одамни сиғдириш учун масжидлар, мадрасалар, одамларнинг ҳовлиларидан фойдаланишган. Машиналаргача топиб бериб, лозим барча ашёлар билан таъминлашган.

Аммо воиз жанобларининг оғзидан янграган бу каби умидбахш даъволарга қарамай, Афғонистон Толибон ҳаракатини қайта бирлаштириш осон кечмайдиган кўринади.

Чунки ҳаракатнинг айрим юқори мартабали мулозимлари ҳануз Мулла Мансурга бош эгмоқчи эмас ва ўзлари алоҳида гуруҳ тузиб, мустақил ҳолда жанг олиб боришлари билан ҳам таҳдид қилишмоқда.

Бирлашиш илинжи

Мулла Мансур аллақачон тўқнаш келиб турган муаммоларни ҳал этиш йўлида қилинаётган бунча жонбозлик эса, ҳаракат учун яхлит қолишнинг қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканига далолат қилади.

Агар, Кобулдан Толибон масалалари бўйича эксперт Воҳид Мужданинг сўзларига таянилса, Афғонистон Толибон ҳаракати бусиз йўқолиб кетишларини билади.

Воҳид Мужданинг ўзи эса, Толибон тузуми Афғонистонда қудратда бўлган 90-йиллар охири ва 2000-йиллар бошларида толибларнинг Ташқи ишлар вазирлигида ишлаган.

“Толибларнинг рақиблари улардан кучлироқ. Худди шу боис ҳам, толиблар, агар бирлашишмаса, ўзларини йўқ қилиб юборишларини билишади”, - дейди эксперт.

Америкадан Афғонистон масалалари бўйича етакчи таҳлилчи Барнет Рубинга кўра эса, шу пайтгача Толибон ҳаракатини мукаммал бир ғоя бирлаштириб турган ва худди шу нарса уларнинг парчаланиб кетишига йўл қўймаган.

“Чунки ҳаракатнинг ўзига гуруҳбозликларга чек қўйиш мақсади билан асос солинган ва худди шу боис ҳам, бу каби ҳолатларга тоқат қилинмаган”, - дейди Барнет Рубин.

“Толибларнинг барчаси ягона амирнинг буйруқларига итоат этишади. Тўғри, ҳаракат сафларини тарк этган ёки ҳайдалган толиблар ҳам бўлган. Аммо шу ондан бошлаб улар ўзларининг барча таъсирларини ҳам йўқотишган”, - дея сўзларида давом этади у.

Янги лидери қўл остида ҳаракат қандай фаолият олиб боришини таҳлил қилиш учун Би-би-си Толибон масалалари бўйича қатор экспертларнинг фикрлари билан қизиқди:

Юқоридан бошлаб қуйигача

Мулла Мансур амир сифатида икки муовинига таянган ҳолда қатъий тартибда амал қилувчи қўмондонлик тизимига бошчилик қилади.

Унинг муовинларидан бири бўлган Сирожиддин Ҳаққоний – “Ҳаққоний” тармоғининг лидерларидан. Бу тармоқ сўнгги йилларда Афғонистон ичкарисида уюштирилган энг қонли ҳужумлардан айримларига масъул кўрилади.

АҚШ Сирожиддин Ҳаққонийнинг бошига 5 миллион доллар мукофот пули тиккан ва уни ниҳоятда қўлга олишни истайди.

Ундан кейин эса, шу пайтгача сони 18 кишидан ортмаган “Шўро” кенгаши келади.

Аммо, покистонлик узоқ йиллик журналист Раҳимуллоҳ Юсуфзайга кўра, Мулла Мансур аллақачон кенгаш аъзоларининг сонини яна учтага кўпайтиришга муваффақ бўлган ва улардан аксарияти этник паштунлардир.

“Кенгаш 21 нафар аъзосидан фақат иккитаси паштун эмас. Улардан бири тожик, бошқаси эса, Афғонистон шимолилик ўзбек”, - дейди суҳбатдошимиз. “Қолган барчаси Афғонистон Толибон ҳаракатининг истеҳкоми ва асос солинган ерлари, деб билинувчи жанубий Қандаҳор, Ўрўзгон ва Ҳелманд вилоятилик”.

“Шўро” кенгаши эса, ўз навбатида, Толибон ҳаракатининг вазирликларига қиёс бериш мумкин бўлган ўнлаб ҳайъатларнинг фаолиятини назорат қилади.

Афғонистон Таҳлилчилар Тармоғидан Бурхон Усмоннинг айтишича, Толибон жангариларини бошқаришда, айниқса, ҳарбий ҳайъат муҳим ўрин тутади.

“Мазкур ҳарбий ҳайъатнинг раҳбари бир мамлакатнинг мудофаа вазири мақомига тенг шахс кўрилади”, - дейди у.

Таҳлилчининг давом этишича, амалий ҳаётда толибларга минтақавий қўмондонлари ва Афғонистон бўйлаб турли вилоятларга тайин этган ҳокимлари бошчилик қилишади.

Бунга ҳамоҳанг равишда Толибоннинг Қатарда ўз идорасига эга сиёсий ҳайъати ҳам иш олиб боради. Ҳайъатнинг Доҳадаги идорасига тинчлик музокараларини жонлантириш мақсадида қатор хорижий давлатларнинг саъй-ҳаракатлари билан асос солинганди.

Мулла Мансур ким?

  • Мулла Мансур анча вақтдан буён Толибон ҳаракатининг ижроий раҳбари сифатида кўриб келинган ва ҳаракат асосчиси Мулла Муҳаммад Умарга яқин кўрилади.
  • У 1960 йилда Афғонистоннинг жанубий Қандаҳор вилоятида туғилган. Афғонистонда Толибон тузуми қулатилиши ортидан, ҳаракатнинг Қандаҳордаги ҳокими сифатида фаолият юритиб келган.
  • Толибон тузуми Афғонистонда қудратда бўлган йилларда эса, Фуқаро Авиацияси вазири бўлган. Агар, БМТ маъмулотларига таянилса, Мулла Мансур гиёҳванд моддалар контрабандасида ҳам фаол роль ўйнаган.
  • Ўз вақтида ҳокимият талашиб, Толибон ҳаракатининг бошқа бир бир қудратли қўмондони Абдул Қаюм Закий билан ҳам сан-манга борган. Афғон ҳукумати билан тинчлик музокаралари юзасидан ҳам икковлоннинг фикрлари бир жойдан чиқмаган.
  • Ўзининг Мансур эканини даъво қилган шахс тинчлик музокаралари олиб бориш учун Афғонистоннинг ўша пайтдаги президенти Ҳомид Карзай билан ҳам учрашган, аммо кейинчалик унинг бошқа одам экани маълум бўлганди.

Яширин мулоқотлар

Агар, раҳбариятининг Покистонда жойлашганига оид ишонч, қўмондонлари ва жангари бўлинмаларининг бутун Афғонистон бўйлаб сочилиб кетгани назарда тутилса, ҳаракат учун мулоқот масаласи энг муҳимларидан бири саналади.

Би-би-си Урду Хизматининг Исломободдаги идораси Бош муҳаррири Хорун Рашиднинг айтишича, айниқса, ўта нозик маълумотларнинг хавфсизлигини таъминлаш толиблар учун катта аҳамият касб этади.

“Худди шунинг учун ҳам улар бу масалада энг аввало “юзма-юз” мулоқот йўлини афзал билишади”, - дейди Хорун Рашид.

“Аммо бир-бирлари билан мактублашиб ҳам туришади. Дейлик, шахсан ўзим уларнинг Шимолий Вазиристоннинг энг йирик Мироншоҳ шаҳридан юборган баъзи бир мактубларини кўрганман. Агар, шундан келиб чиқиб айтсам, бу каби ёзишмалар толиблар орасида анчайин урф бўлган мулоқот йўли саналади”, - дея сўзларида давом этади Би-би-си Бош муҳаррири.

Таҳлилчи Бурхон Усмоннинг айтишича, Толибоннинг дала қўмондонлари ва ҳокимлари электроник усуллардан ҳам фойдаланишади.

“Тўғри, вилоятдаги ҳокимлари ўз қўмондонлари билан бу йўлни тутмас, аммо муовинларига келганда, фақат ўзларига тушунарли бир усулда улар билан телефон орқали мулоқот қилишлари мумкин. Бундан ташқари, агар, бир-бирларига яқин жойда бўлишса, ҳозир рациядан фойдаланиш ҳоллари ҳам жуда кучайган”, - дейди таҳлилчи.

“Кветта шўроси” каби Толибон раҳбарияти қўллайдиган айрим номлар ҳам худди бир хос жойга ишора қилаётгандек туюлади. Аммо бу тўғри эмас”, - дея сўзларида давом этади таҳлилчи.

“Бу – қароргоҳдан кўра, муайян бир механизмни англатади. Дейлик, улар бугун ўз аъзолари ёки тарафдорларидан бирининг уйида учрашишади. Кейинги гал эса, йиғинлари умуман бошқа бир шаҳарда бўлиб ўтади”.

Би-би-си муҳаррири Хорун Рашид ҳам афғонистонлик таҳлилчининг фикрлари билан якдил эканини айтади. Унга кўра, Толибон ҳаракатини қатъий инфратузилмага эга ташкилот, деб ўйлаш хато бўлади.

“Улар борига қаноат қилишади. Яъни бир жойда муқим фаолият юритмай, доимо ҳаракатда бўлишади. Бироқ, шунда ҳам, Покистондаги диний мактаблар ва масжидлардан туриб ўз фаолиятларини юритишни афзал билиб келишади”, - дейди Хорун Рашид.

Сурат манбаси,

Асалдан тушган пул

Толибон ҳаракати азал-азалдан Форс Кўрфазидаги ҳомийларининг хайрия пулларига орқа қилиб келган.

Аммо, айрим экспертларга кўра, ҳозирга келиб бу пулларнинг чўғи анча камайиб қолган.

“Глобал жиҳоднинг маркази Араб оламининг ўзига қайтаркан, назаримда, улар молиявий манбаларининг ҳам таги кўриниб қолган”, - дейди Барнет Рубин.

“Афғонистоннинг ичкарисида эса, рэкет, божлар, пора, ўлпон ва турли маҳсулотлар контрабандаси орқасидан тушувчи пуллар уларнинг асосий даромад манбалари саналади”.

Барнет Рубинга кўра, бундан ташқари, айрим толиблар Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар ва Саудия Арабистонида ўз тижоратларига ҳам эгалар.

“Дейлик, Ҳаққонийларнинг Покистон, Афғонистон ва Форс Кўрфазида йирик бизнес тармоқлари бор. Улар асал сотиш билан ҳам шуғулланишади. Бундан ташқари, Афғонистонда ери бўлганлари, сўзсиз, унда кўкнори етиштиради. Бошқа томондан, гиёҳванд моддалар контрабандасини ҳимоя қилиш орқасидан ҳам пул топишади”, - дейди америкалик таҳлилчи.

Собиқ Толибон мулозими Воҳид Мужданинг сўзларига таянилса эса, Афғонистоннинг миллий бойликлари ҳам толибларнинг кўзларидан бир четда қолмаган.

“Дейлик, ҳаракат бор-йўғи ўтган йили Афғонистондаги конлар билан шуғулланишини кўзда тутиб, ўзиниг молиявий қўмитасида махсус бўлинма очди”, - дейди у.

Воҳид Мужданинг айтишича, мазкур қўмита Толибоннинг назорати остида бўлган конларни одамлар ва ширкатларга ижарага беради.

Покистон билан алоқа

Афғон ҳукумати қўшни Покистон Афғонистон Толибон ҳаракатини дастаклашини изчил равишда даъво қилиб келади. Аммо расмий Исломобод бу каби иддаоларни доимо рад этади.

“Покистон томонининг расман инкор қилишича, Афғонистон Толибон ҳаракатини ҳеч қанақасига назорат қилмайди. Бироқ худди шу манзарада Покистоннинг Афғонистондаги толибларга таъсири ва улар билан алоқага эга эканини ҳам рад қилиш қийин”, - дейди Би-би-сининг Исломободдаги муҳаррири.

Таҳлилчи Барнет Рубиннинг айтишича, Покистон Жосуслик Хизматининг Афғонистон Толибон ҳаракатига анча яқин эканига оид даъволарни ҳам буткул пуч, деб бўлмайди.

“Аксарият Толибон амалиётлари бевосита Покистон Жосуслик Хизмати ёки уларнинг Толибон сафларидаги ёлланма ходимлари томонидан бошқарилган бўлиши мумкин. Бундайин эҳтимолни назардан соқит қилиб бўлмайди. Айниқса, 1994-2001 йиллар назарда тутилса”, - дейди у.

Жаноб Рубинга кўра, Афғонистондаги стратегик қизиқишларини назарда тутиб, Покистон бундан кейин ҳам Толибондан фойдаланиши мумкин.

“Ҳиндистонпараст ёки Паштунистон истагидаги ҳукумат шаклланишининг олдини олиш учун Покистон Афғонистонда Толибон амалиётлари босимидан фойдаланишни истайди. Бу – уларнинг ўз сўзлари. Агар, улар илгари сураётган таклифларга назар ташласак, агар, худди шу талаблари адо этилса, Толибон исёнкорлигига ҳам чек қўйилади”, - дейди таҳлилчи.

Иттифоқчи ва рақиблар

Сўзсиз, Покистон Толибон ҳаракати ва “ал-Қоида” тармоғига алоқаси бўлган турли гуруҳлар назарда тутилса, Покистоннинг ўзида ҳам исёнчилик муаммоси бор.

Кузатувчиларга кўра, уларнинг Афғонистон Толибон ҳаракати билан алоқалари бўлса-да, бу ҳамкорлик амалий маънода унча кўп нарсани англатмайди.

“Покистон Толибон ҳаракати Мулла Муҳаммад Умарга байъат келтирганди. Энди бу байъатни жимгина Ахтар Мансурга беришлари мумкин”, - дейди Афғонистон Таҳлилчилар Тармоғидан Бурхон Усмон.

“Аммо аввалбошданоқ бу бор-йўғи рамзий бир ҳамкорлик бўлиб келган. Покистон Толибон Ҳаракати буткул бошқача ташкилот. Уларнинг ғояси, мақсади ва фаолият юритиш механизми ўзгача. “Ал-Қоида” тармоғи мисолида ҳам худди шундай. Тармоқ Толибонга байъат келтирган. Аммо уларнинг бу байъати ҳам фақат рамзий бир маънога эга бўлган, холос”.

Аммо “Исломий Давлат” гуруҳига байъат келтирган ва Афғонистоннинг айрим ҳудудларида ҳозир эканликларини даъво қилаётган бир гуруҳ исёнчилар бугун Афғонистон Толибон ҳаракатининг потенциал рақиби сифатида ўртага чиққан. Бироқ, кузатувчиларга кўра, улардан аксарияти – норози руҳдаги исёнчилардир.

“Баъзи бир толиблар ўз раҳбариятларидан норози. Бошқалари эса, ўз гуруҳларини тузмоқчи бўлишгану, бу ишни уддалай олишмаган. Шу боис ҳам, ҳаракат сафларини тарк этиб, “Исломий Давлат”га қўшилишган”, - дейди Барнет Рубин.

Аммо, барибир, Афғонистон Толибон ҳаракати янги амирининг фаолият юритиши осон бўлмайди.

Толибон ҳаракатининг Афғонистон жанубидаги таниқли дала қўмондонларидан бири бўлган Мулла Мансур Дадуллоҳ янги лидерни аллақачон Покистон Жосуслик Хизматининг қўғирчоғи эканликда айблаб чиққан.

Худди шу манзарада унинг тарафдорлари ва ҳаракат асосий бўғинига мансуб толиблар орасида тўқнашувлар юз берганига оид хабарлар ҳам бор.

Бироқ, мавжуд муаммоларга қарамай, таҳлилчи Бурхон Усмон Толибон ҳаракатининг қудратига жиддий зиён етмайди, деган фикрда.

Унинг айтишича, жорий пайтда бунинг нишоналари кўзга ташланмайди.

“Бунга бораётган жангларнинг ўзи мисол. Уларнинг шиддати ўша-ўша, сусайганича йўқ. Шундай экан, камида амалий ҳаётда бирор бир жиддийроқ ўзгариш юз бергани йўқ”, - дейди таҳлилчи Бурхон Усмон.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio