Оврўпо раҳбарлари муҳожирлар квотасини ҳал қилишга уринмоқда

Сурат манбаси, AFPGetty
Оврўпо Иттифоқи вазирлари яқин кунларда Оврўпога етиб келган 120 минг бошпана изловчиларни жойлаштириш масаласи устидан чиққан зиддиятни ҳал қилиш учун учрашишади.
Марказий Оврўпонинг баъзи давлатлари Оврўпо Иттифоқининг мажбурий квоталарини рад қилиб келишмоқда.
Ўтган июль ва август ойларининг ўзида 250 мингдан ошиқ муҳожирлар Оврўпога етиб келишди. Олмония жорий йилнинг ўзида бу сон 1 миллионга етишини кутаётганини айтди.
Венгрия эса Оврўпо чегаралари таҳдид остида қолаётганини таъкидламоқда.
Муҳожирларнинг бу қадар йирик оқими Оврўпо Иттифоқи бўйлаб чуқур бўлинишларга сабаб бўлаяпти.
Чоршанба куни иттифоққа аъзо давлатлар раҳбарлари фавқулодда учрашишларидан аввал, сешанба куни Брюсселда ички ишлар вазирлари ўзаро муросага келишга уринадилар.
Мухбиримизга кўра, агар келишмовчиликлар аримаса, бир овоздан эмас, балки кўпчилик овоз билан қарор қилиниши мумкин.

Кўпчилик овоз билан келишувга эришишга аксар давлатлар рози бўлишган.
Венгрия, Польша, Словакия ва Чехия муҳожирларни қабул қилиш бўйича мажбурий квоталарга кескин қаршилик кўрсатишмоқда.
Аммо, Чехия ташқи ишлар вазири Любомир Заоралек тўрт давлат ҳали ҳам ечимга эришига бел боғлашганларини айтди.
Оврўпо Комиссиясига кўра, Оврўпо Иттифоқига етиб келаётганларнинг аксари урушлардан тинкаси қуриган Суриядан қочишган.
Сурия, Ироқ ва Эритреядан келаётган муҳожирлар "халқаро ҳимояга муҳтож" мақомига эга бўлиб, аризалари тезроқ кўриб чиқилиши кўзда тутилади.
120 минг муҳожир Венгрия, Греция ва Италиядан Иттифоқнинг бошқа давлатларига кўчириладилар.
Британия мазкур схемага аъзо бўлмаган, бироқ келгуси 5 йил ичида Сурияга қўшни давлатлардан 20 минг муҳожирни қабул қилиб олишга рози бўлди.

Сурат манбаси, Reuters
Схемага аъзо бўлмаган Ирландия ва Дания ҳам муҳожирларни қабул қилишга рози бўлганлар.
Венгрия муҳожирларни жиловлаш йўлида ўз армиясига қўшимча ваколатларни берди. Ҳарбийлар резина ўқлари, кўзни ёшлантирувчи газ ва тўр отувчи милтиқларни қўллай оладилар.
Мамлакат бош вазири Виктор Обанга кўра, муҳожирлар Венгрияни "босиб кетаяпти".
"Улар эшигимизни тақиллатишмаяпти, балки эшикларимизни синдириб, устимизга бостириб киришаяпти. Чегараларимиз хавф остида қолган. Нафақат Венгрия, балки бутун Оврўпо таҳдид остида қолган", - деди у.
Аммо, марказий ва жанубий Оврўпога келаётган муҳожирларнинг Венгрияда қолиш ниятлари йўқ, улар Олмония ва Скандинавия давлатларига етиб олиш илинжида илгарилашда давом этишаяпти.
Грециянинг Лесбос оролига Туркиядан кунига 4 минг муҳожир кемаларда етиб келаяпти. Юзлаб муҳожирлар эса Венгрия орқали Австрияга ўтишмоқда.












