Meн ва Абу Тавбаҳ :Исломий жангарининг калласида нима бор?

Нина Орифнинг "Исломий давлат" жангариси Абу Тавбаҳ билан ёзишмаларидан
Сурат тагсўзи, Нина Орифнинг "Исломий давлат" жангариси Абу Тавбаҳ билан ёзишмаларидан

Кўпчилик “Исломий давлат” жангарисининг калласидан қандай ўй-хаёллар кечади деб қизиқиши мумкин. Нина Ориф бу саволга жавоб қидириб, ана шундай кўнгиллилардан ва келиб чиқиши Ғарбдан бўлган ёш йигит билан ёзишмага киришади.

Мен Музенна Абу Тавбаҳ билан сўнгги бор ёзишганимдан кейин ҳам бир неча ой ўтди.

У мен каби бир мусулмон эди, Лондон марказидаги ўрта мактабни битирган ва худди мен каби Шарқ жанг усулларини ёқтирарди.

Аммо мендан фарқли ўлароқ, у Сурияга кетди, “Исломий давлат”га қўшилди.

Абу Тавбаҳнинг асл исмини мен билмас эдим, аммо у билан бир неча ой мулоқотда бўлдим.

У ярим ирланд ва ярим нигериялик эди.

24 ёшли Абу Тавбаҳ Исломни қабул қилган ёшлардан бири эди, у ҳақида суриштирганимда, менга унинг Сурия Раққа шаҳрида қандайдир бомба ясаш вақти тасодифий ўлим топганини айтишди.

Мен у билан 2014 йилда танишдим ва бир мусулмон журналисти ўлароқ, нима учун Абу Тавбаҳ радикал гуруҳга қўшилиб қолгани билан қизиқдим.

У менинг саволларимга жавоб беришга рози бўлди.

Биз WhatsApp орқали қарийб олти ой мулоқотда бўлдик.

Аввалига Абу Тавбаҳ ўзини бир мужоҳид сифатида анчайин сипо тутди.

Менга ўзининг Twitter ҳисобини кўрсатди.

Абу Тавбаҳ сурияликларга ёрдам бериш учун “қон билан шартнома” имзолаганини айтганди.

Унинг айтишича, айнан Сурия ва бошқа мамлакатлардаги мусулмонларнинг жабр тортиши туфайли Абу Тавбаҳ “Исломий давлат”га қўшилган.

"Хитойни олинг, бу мамлакатда эркакларга соқол қўйиш мумкин эмас. Мусулмонларга рўза тутишни таъқиқлашган. Франсага қаранг...Аёллар исломий либосларни кийишолмайди. АҚШ ва Британияга боқинг, у ерда ҳатто жиҳод ҳақида гапиролмайсиз”, деб ёзганди у.

У менга дунёни оқу қорага бўлган турфа ташвиқот ахборотларни, линкларни жўнатарди, мен уларнинг барини рад этардим, аммо унинг мусулмонлар эркинликлари поймол этилаётганига доир қарашларига ҳайриҳоҳлигимча қолдим.

Аксарият бегуноҳ мусулмонлар бугун чет давлатларда кечаётган урушлар учун товон тўлашмоқда. Бу бор гап.

Аммо нима учун Абу Тавбаҳ ҳақсизликларга нисбатан айнан жиҳодни танлади?

“Исломий давлат” ҳақсизлик қилаётгани йўқми?

Ана шу саволларни сўрамоқчи эдим мен ундан, аммо аввалига унинг ўтмиши ҳақида билишни истадим.

Унга ярим ҳазил, ярим чин қилиб, Исломга киришингиздан аввал, ҳойнаҳой, гиёҳванд моддалар савдосига алоқадор бўлгансиз, ёки қамоққа тушиб чиққансиз, шундайми дедим.

“Изоҳ йўқ” деган жавоб келди.

У фақат ўз ўтмиши жуда ёмон бўлгани ва ҳозир бунинг тескариси эканини айтар экан, “ҳаёт сизга лимон берса, лимонад қилиб ичинг” деган эди.

Абу Тавбаҳ алал-оқибат мен билан очиқроқ гаплашадиган бўлди.

Буюк Британияда университетга қатнагани, Шарқ кураш усули билан шуғуллангани, шахматни билиши ва ҳатто ўзининг ити бўлгани ҳақида айтиб берди.

У ўз оиласи уни тушунмаса ҳам, уларни жуда соғингани ҳақида ёзди.

Абу Тавбаҳ
Сурат тагсўзи, Абу Тавбаҳ

Сурияда эса ўз биродарлари учун овқат тайёрлар, “ҳалол зиёфатлар” – Ҳайит кунларида маза қилар ва ҳатто мушукча боқарди.

Абу Тавбаҳ арабчани ҳам ўрганиб олади.

Унинг айтишича, Раққада кўплаб хорижлик жангарилар ўз оилалари билан яшашган.

Мен Абу Тавбаҳ ҳақиқатдан ҳам жангу жадалларда қатнашганми, йўқми, аниқ билмас эдим.

Фақат ундан “Исломий давлат “ сафида нима иш қилишини сўраганимда, у аниқ жавоб бермаган, балки “Аллоҳ учун кундузи ишлаб, тунлари ором оламиз”, деб жавоб берганди.

У хавфсизлик юзасидан ўз шахсини аниқлаштирмаслигини айтган эди.

Мен эса бу “сир сақлаш” сабаби балки Абу Тавбаҳнинг бир кун яна ватанга қайтиш нияти билан боғлиқмикан деб ўйлардим...

У одатда мени жиҳодий ташвиқотлар билан “тўйдириб” қўярди, аммо баъзан қаерларга сайёҳат қилганим, қандай даҳшатли воқеаларга шоҳид бўлганим ҳақида сўрарди.

Менимча, у аслида ёш бўлишига қарамасдан, у мендан кўра кўпроқ “куйлак йиртиб” қўйгани билан мақтанмоқчи бўларди.

Бир марта у менга, “ мен сиздан кўра кўпроқ тажрибага эгаман, дунё кўрганман” деб қолди.

Соат тонгги учларга яқинлашиб қолган ва мен жуда чарчаган эдим.

У мендан Исломни ўрганганманми, қайси олимларни билишим ҳақида сўради.

Мен унга "билмаганим учун ҳам сиз билан мулоқот қилмоқдаман", деб жавоб бердим.

Кейин мен у ҳақда нима деб ўйлашим билан қизиқди.

Мен унга умумий қилиб, “Сиз ўз мақсадингиз ва йўлингизда анча тинмас бир шахс экансиз”, деб жавоб бердим.

У эса, “Ростданми? Ҳеч ёмон нарса ўйламайсизми? Менимча, бу жавобингиз самимий эмас”, деб ёзди.

У рост айтганди. Шундан кейин мен унга очиқроқ бир жавоб бердим.

"Менга айтганларингизнинг айримларидан келиб чиқадиган бўлсак...Менимча, Сиз дунёга сал бир тарафлама қарар экансиз. Мен Сиз келажакда ўз амалларингиздан афсус қиласиз деб хавотирдаман. Қуръонда фикр қилинг, зикр қилинг деб айтилмаганми? Сиз фақат оқ қорани кўрасиз,холос”, дедим.

Ана шунда Абу Тавбаҳнинг ҳафсаласи пир бўлганини сездим. Чунки у юборган жиҳодий ташвиқот менга таъсир қилмаганини сезиб қолганди.

Менга аввалига у динни ўрганиш ҳақида уқтирди, кейин эса Ғарбдаги мусулмонлар ҳақида ваъз қилишга тушди.

"Улар мужоҳидларнинг қадрига етмайди. Туҳмат қилишади. Шафқатсиз дейишади. Аммо кофирлар ҳақида бунақа гапиришмайди. Кофирлар қонунлари остида яшашни севишади...”

Кейин эса бирданига у “Сизга бир нарса айтишим керак. Биз бошқа ёзишмаслигимиз лозим”, деб ёзди.

Абу Тавбаҳ
Сурат тагсўзи, Абу Тавбаҳ

Албатта, мен унинг бу қарорини ҳурмат қилардим. Аммо бу ҳурматим фақат тўрт кунга чўзилди.

У мен билан ёзишишни истаётгани, аммо Абу Тавбаҳ ўз бошлиқлари томонидан тақиққа учраганини кўнглим сезиб турарди.

Мен алал-оқибат ундан нима учун бирданига фикрини ўзгартириб қолгани ҳақида сўрадим.

“Мен қусурли бир одамман, “Исломий давлат” ни тақдим қилишга ярамайман”, деб жавоб берди у.

Шунга қарамай у менга жиҳодий вебсаҳифалар учун линклар жўнатишда давом этди.

"Бу пропаганда Сиз учун...мен Сизни радикаллаштирмоқчиман, агар сезмаган бўлсангиз...Биламан, мени “террорчи” деб ўйлайсиз...”

Бу сафар эса мен унга мусулмон олимларнинг “Исломий давлат”га қарши ёзганларини жўнатишга қарор қилдим.

“Мен эса Сизни радикал йўлдан воз кечишга ундамоқчиман”.

Аммо Абу Тавбаҳ мен тақдим қилган барча мусулмон олимларни “кофир” деб атади.

"Сиз билан ёзишмоқликдан манфаат йўқ, мен бу ёзишмаларни ёмон кўраман. Мен Сиз билан яшайдиган эркакка раҳмим келади...”

Бунақа ёзма ҳужумлар бир неча бор бўлди.

Бир куни у менга Нигериядаги Боко Ҳарам раҳбарининг “Исломий давлат”га байъат бергани тасвирланган расмни жўнатди.

Мен Боко Ҳарам томонидан мактабда ўқийдиган қизларнинг ўғирлаб кетилиши ва бунга Абу Тавбаҳнинг қараши билан қизиқдим.

"Кофирларнинг қизларини ўғирлаб кетса бўлади, агар улар билан орада шартнома бўлмаса...”

"Исломда бегуноҳ қизларни ўғирлаб кетиш, кейин уларни сотиш мумкинми? Жиддий гапираяпсизми? Бу қизлардан бири Сизнинг синглингиз бўлиши мумкин”, деб жавоб бердим мен. Кейин яна ёздим.

"Сизнинг оилангиз аъзоларидан айримлари мусулмон эмас...Менга очиғини айтинг, агар “Исломий давлат” уларни ўғирлаб кетиб, кейин фоҳишаликка сотадиган бўлса, Сиз жим ўтирасизми”, деб сўрадим ундан.

"Сиз Пайғамбаримиз(САВ)нинг суннатини фоҳишалик демоқдасизми? Аллоҳдан қўрқинг”.

Нина Орифнинг "Исломий давлат" жангариси Абу Тавбаҳ билан ёзишмаларидан
Сурат тагсўзи, Нина Орифнинг "Исломий давлат" жангариси Абу Тавбаҳ билан ёзишмаларидан

Мен ундан одам савдоси қаерда ёзилган деб диний далиллар сўрадим, унинг бундан жаҳли чиқди.

У бу каби маълумотларни ўзим қидиришим, динимни ўрганишим ҳақида ёзар экан, “Сиз билан баҳслашишдан чарчадим”, деди.

Бу пайтга келиб Абу Тавбаҳнинг Twitter даги ҳисоби ўчиб қолди.

Мен унга интернетда ўзи ҳақида мақола ўқиганимни айтганимда, у жуда хавотирга тушди.

Twitter ҳисоби ўчирилгани сабаби унинг “Исломий давлат” ташвиқотчиси бўлгани эҳтимоли эканини тушунтирмоқчи бўлганимда, у менга, “йўқ, мен ИД аъзоси эканим ҳисобимда билинмасди,аммо тарафдор эканим очиқ эди...Сиз жосусмисиз”, деб сўради.

Кейин бизнинг ёзишмаларимиз тобора санжоблаша бошлади.

“Бизнинг динга қарашимиз бошқа-бошқа...”

Орадан кўп ўтмай, Абу Тавбаҳ умуман ёзмай қолди.

Алал-оқибат мен уни билганлардан бири билан боғландим.

Абу Тавбаҳ ҳалок бўлган эди.

У ўзининг яқин дўсти билан биргаликда, Раққадаги бомба ясайдиган устахонада ҳалок бўлган экан.

Менга яна 24 яшар Абу Тавбаҳнинг яқинда тўйи бўлиши кутилаётганини айтишди.

Тўйдан аввал у ҳалок бўлди.

Ёзишмаларнинг бирида у менга “Ўлим пешонага ёзилган бўлади. Ўлимдан қочиб қутулиб бўлмайди”, деган эди.

Менинг ёзишмаларимдаги Абу Тавбаҳ ўзи даъво қилгани каби... ўзининг айтаётганларига тўла ишонган бир шахс эмас эди. Мен “Исломий давлат”нинг ташқаридан бузилмас бўлиб кўринаётгани армияси сафларида яна қанчадан – қанча шубҳа билан яшаётганлар бор экан деб ўйлаб қолдим...

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio