500 га яқин Роҳинга муҳожири Индонезия соҳилида қутқарилган

Сурат манбаси, AFP

Индонезия расмийлари хабар қилишларича, 469 мусулмон муҳожир ўтирган кема Ачех вилояти соҳилига яқин жойда қутқарилган.

Балиқчилар денгизда одамлар чиққан ёғоч кема ҳаракатсиз қолиб кетгани ҳақида хабар қилганлар.

Ачех вилояти денгиз қутқарув хизмати ҳодиса жойига қутқарувчиларни юборган ва кемадаги Мянмар(Бирма)лик Роҳинга мусулмонлари ва бангладешликларни хавфсиз жойга етказган.

Кемада аёллар ва болалар бўлган.

Жуда кам озиқ-овқат қолган, айрим муҳожирлар тиббий муолажага муҳтож бўлиб қолганлар.

"Франс Пресс" ахборот агентлиги хабар қилишича, муҳожирларни кемада Малайзияга етқазиб қўйишга ваъда берганлар.

Улар бир ҳафта олдин денгизда сузишни бошлаганлар.

Муҳожирлар бешта кемада йўлга чиқишган.

Якшанба, 10 май тонгида Малайзия соҳилига етиб келишганини, энди буёғига сузиб бориш кераклигини айтганлар.

Сурат манбаси, Reuters

"Кимлардир сузиб кетди. Лекин яқин-атрофдаги балиқчилар бизга бу ер Малайзия эмас, Индонезия соҳиллари эканини айтишди", деб айтган Малай тилида сўзлашишни биладиган муҳожирлардан бири.

Индонезиянинг Ачех вилояти муҳожирларни тутиб туриш марказидаги инсонларнинг айтишларича, улар Мянмардаги ўзларига нисбатан бўлган таҳдидлар ортидан яшаб турган жойларини ташлаб қочишга мажбур бўлганлар.

"Мусулмонларни калтаклаб, устларига қайноқ сувлар сепишди. Шунинг учун улар қаерга бўлса ҳам, тезроқ Мянмардан қочиб чиқишга аҳд қилдилар", деб айтган муҳожирлардан бири.

Олдинги Бирма, ҳозирги Мянмарнинг 800 минг аҳолисини Роҳинга мусулмонлари ташкил этган.

Роҳингаларни Мянмар давлати ўз фуқаролари деб билмайди ва шахсларини тасдиқловчи ҳужжат бермайди.

Охирги йилларда Мянмардаги буддойиларнинг мусулмонларга нисбатан ҳужумлари кўпайган.

Сурат манбаси, epa

Бунинг оқибатида юз минглаб Роҳинга мусулмонлари ўз уйларини ташлаб қочиб, Мянмарнинг денгиз соҳилидаги қочқинларнинг вақтинчалик жамлоқларига жойлашишга мажбур бўлганлар.

Бу жамлоқлардан сув ва қуруқлик орқали мусулмон давлатларига етиб олишни кўзлаганлар.

Қуруқлик орқали Роҳинга мусулмонлари Таиландга, у ердан эса Малайзияга етиб боришга ҳаракат қиладилар.

Кўпинча Таиланддаги одам савдогарлари қурбонларига айланадилар.

Ўтган ҳафта Таиланд жанубида одам савдогарлари қурбонига айланган муҳожирларники деб кўрилган 30 дан ортиқ инсон жасади оммавий қабрларда топилди.

БМТ Роҳинга мусулмонларини дунёдаги энг кўп таъқибга учраётган озчиликлар деб тан олган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio