Тунис президенти террорга қарши "шафқатсизларча" курашмоқчи

Тунис пойтахтидаги Бардо музейида амалга оширилган қуролли ҳужум 19 кишини нобуд қилиши ортидан Тунис раҳбари террорчиликка қарши "шафқатсизларча" курашишга ваъда берди.
Расмийларга кўра, ҳужумда ҳалок бўлганларнинг 17 нафари сайёҳлар, хусусан Япония, Италия, Колумбия, Австралия, Франция, Польша ва Испания фуқаролари бўлишган.
Тунислик бир полициячи ва оддий фуқаро ҳам ҳужумда нобуд бўлишган.

Сурат манбаси, AFP
Хавфсизлик кучлари икки ҳужумчини ўлдиришган ва айни дамда уларнинг шерикларини қидиришмоқда.
Расмийларга кўра, 40дан ошиқ одам ҳужумда жароҳат олганлар.
"Демократия ғалаба қозонади"
Президент Бежи Саид Эссебси ўз мамлакати "террор билан уруш"га кирганини айтди.

Сурат манбаси, AFP
"Бу жирканч озчилик бизни қўрқита олмайди. Биз уларга қарши шафқатсизларча курашамиз. Демократия ғалаба қозонади ва давом этади", - деди у.
Ҳужум пайтида музейга қўшни парламент биносида депутатлар аксилтеррорчилик қонунларини муҳокама қилишаётганди.
Парламент аввалига эвакуация қилинган, бироқ кечроқ фавқулодда сессияга йиғилган.
Кўплаб тунисликлик норозилик билдириб пойтахт марказига чиқишган ва байроқларни ҳилпиратиб музей ташқарисида шам ёқишган.

Сурат манбаси, AP
Бу ҳужум Туниснинг йирик туризм саноати учун катта зарба бўлмоқда. Бир неча ой аввал узоқ ўзгаришлар ортидан шаклланган ҳукумат ҳам қаттиқ шикаст емоқда.
Тунисда исломий жангарилар сиёсий ислоҳотларни издан чиқаришга уринганлар, бироқ шунга қарамай Тунис Яқин Шарқдаги араб баҳорининг энг муваффақиятли мисоли бўлиб қолмоқда.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002












