'Британия: болаларга жинсий тарбияни 11 ёшдан ўргатинг!'

Сурат манбаси, Thinkstock
Британия ҳукумати мактаб ўқувчиларига жинсий алоқага розилик бериш мавзуси ҳам қамраб олинган сабоқларни 11 ёшдан бошлашга бағишланган йўриқномани ишлаб чиққан. Бунга парламентнинг янги ҳисоботи туртки берган, бу ҳисоботда жинсий тарбия сабоқлари барча ўқувчилар учун мажбурий бўлмоғи лозим деган хулосага келинган. Би-би-сининг оила ва жамият масалалари бўйича мухбири Жон Макманус эрта жинсий тарбияни тарғиб қилаётганлар бу йўллар билан нимага эришмоқчилар, деган саволга жавоб топишга уринган.
Жинсий мавзу ҳеч қачон Британия жамиятида бугунги кундагидек кенг тарқалмаган эди.
Телевизорга қарасангиз ҳам секс, рекламада ҳам жинсий тарғибот, жинсий мавзуни ҳатто мактабда ҳам кўрасиз.
Порнография мамлакатда тақиқланганига қарамасдан, уни Интернетдан осон топасиз.
Жамият жинсий мавзуга "ботиб кетгани"нининг бир кўрсаткичи ўспиринлар ўртасидаги ҳомиладорлик бўлиши мумкин.
Мамлакатда ҳомиладор бўлиб қолган ўсмир қизларнинг сони борган сайин камайиб бораяпти ва 1969 йилдан буён энг қуйи рақамга тушган. Бироқ сўнгги тадқиқотлар Британия ўспиринлар ҳомиладорлиги юқорилиги бўйича Оврўпо Иттифоқида тўртинчи ўринни эгаллашини намойиш этган.

Вазият яхшиланаётгани кўрсаткичлари, болалар хайрия ташкилотларининг фикрича, ҳукуматнинг жинсий тарбия борасида амалга ошираётган саъй-ҳаракатларининг натижасидир.
Хатарли вазиятлар
Британия ҳукумати ўзини бу йўналишда янада кўпроқ ишларни бажариши лозим деб ҳисоблайди.
Маориф вазири Никки Морган сўзларига кўра, сўз жинсий алоқа ҳақида борганида болалар улкан босим остида қоладилар ва улар чиндан ҳам хатарли вазиятга тушиб қолган пайтларида уларга кўмак зарур.
"Биз шунга эришмоғимиз лозимки, бизнинг қизларимиз олаётган сабоқ, нафақат уларнинг маърифий имкониятларини оширсин, балки уларнинг замонавий Британия ҳаётига ҳам тайёрласин", деб ёзган вазир хоним рўзномалардан бирида эълон қилинган мақоласида.
Бу дегани, мамлакатда жинсий алоқага киришга қонунчиликда 16 ёш назарда тутилганига қарамасдан, болаларга мактабда жинсий алоқа, шу жумладан, жинсий алоқага қандай қилиб тўғри рози бўлишни ҳам ўргатишни ҳам англатади.
Бу ерда расмийлар жиловлашни хоҳлаётган икки хил вазият ҳақида гап бормоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
Биринчиси, ўртадаги муносабатлари жуда ҳам яқинлашиб кетиб қолган икки тенгдошдан бири ёки иккови ҳам жисмоний яқинликни жуда ҳам хоҳлаб қоладиган оддий романтик ҳолатларда ўсмирлар ўзларини қандай тутишлари лозимлигига ўргатиш мақсади кўзланмоқда.
Иккинчиси эса янада хатарли вазият деб кўрилади.
Бу жинсий эрмак ёки жинсий таҳқир шаклидир.
Personal, Social, Health and Economic Education Association(PSHE) - Британиядаги шахсий, ижтимоий, саломатлик ва иқтисодий таълим соҳаларига ихтисослашган хайрия ташкилоти ва бу ташкилот мактаблар учун янги йўриқномани ишлаб чиқишда иштирок этган.
Ушбу бирлашма фаолларининг фикрича, Британиядаги сўнгги жинсий зўрлашлар ҳақидаги овозали жанжаллар болаларга ўзларини қандай қилиб бундай сексуал ҳужумлардан муҳофаза қилишга ўргатиш муҳим эканини кўрсатган.
Ижтимоий муҳофаза қилинмаган аҳоли қатлами вакиллари ҳисобланган қизлар катта эркаклар томонидан мунтазам жинсий таҳқирланганлари ҳақидаги энг сўнгги жанжаллар шуни кўрсатдики, кўпинча қизлар жинсий эксплуатация қурбонларига айланаётганларини англамаганлар.

Сурат манбаси, PA
Ҳар доим деярли бир хил ҳолат такрорланган - бошида ўспирин қизга ғамхўрлик кўрсатилган, совғалар ҳадя қилинган ва бу қизлар бу эркакларни ўзларининг хуштори деб ҳисоблай бошлаганлар. Сўнг улар жинсий алоқага мажбурланганлар.
Парламент аъзолари ўрганган бошқа бир ҳолатда кўпинча ўсмир қизлар шахсий муносабатларда нима мумкину-нима мумкин эмаслиги чегарасини тушунмасликлари аён бўлган.
Ўтказилган сўров натижаларига кўра, ҳар беш қиздан иккитаси, йигити ундан қаердалиги ҳақида мунтазам ҳисобот талаб қилиб туришга ҳақли, деб ҳисоблар экан.
Ҳар бештадан биттаси эса йигити қайси кўйлакни кийиш, қайсинини киймасликни кўрсатиши мумкин, деган фикрда экан.
Жинсий "билимдон" бола бахтли болами?
Мактабларда жинсий тарбия дарсларини жорий қилиш тарафдорлари фикрича, ҳукумат бу йўналишда етарли иш қилмаяпти ва бундай дарсларни барча ўқувчилар учун мажбурий қилмоқ лозим.
Ҳозирги пайтда агар ота-онаси диний ёки ахлоқий сабабларга кўра қарши бўлса, фарзанди жинсий тарбия дарсларига қатнашмаслиги мумкин.
Аммо сўровлар натижаларига кўра ота-оналарнинг аксари бундай дарсларни қўллаб-қувватлашар экан.
Жинсий алоқа ва муносабатларга бағишланган сабоқлардан наф борми ўзи?

Сурат манбаси, Thinkstock
Қўшма Штатларида ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, бундай дарсларда қатнашган ўқувчилар ўзларининг ҳаётидаги илк жинсий алоқага ошиқмаганлар, илк жинсий алоқага киришган пайтларида контрацептивлардан фойдаланганлар.
Лекин дунёнинг 87 мамлакатида ЮНЕСКО ўтказган тадқиқот натижалари АҚШдагидек қониқарли бўлмаган.
"Жинсий тарбия сабоқлари янада кечроқ ва янада масъулиятлироқ жинсий алоқага етаклаши мумкин ёки келгуси жинсий ҳатти-ҳаракатларга ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслиги ҳам мумкин", дейилади ЮНЕСКО хулосасида.
Энг катта муаммо бу дарслар мактаб дастурига тўғри келишидадир, дейди PSHE ассоциациясидан Жон Диллон, чунки мактаб дастури шундоқ ҳам зич.
"Бу олдинга бир қадам, бироқ мактабларда мажбурий қилинмагунча ундан наф бўлмайди", дейди у.
"Кўп мактаблар дастурга бу дарсни киритишмайди, асосий сабаби вақт. Чунки мактаблар академик кўрсаткичлар босим остида қолган", дейди Жон Диллон.
Жинсий тарбия деган предмет узоқ истиқболда катта фойда келтириши ҳам мумкин. Чунки ўрганишлар шуни кўрсатадики, шахсий муносабатларда ўз ҳис-туйғуларини жиловлашни ўрганган ўқувчилар ўзларини бахтли ҳис қилар эканлар.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












