'Aл-Қоида'нинг халқаро амалиётларга масъул раҳбари ўлдирилди

Агар, покистонлик ҳарбийларнинг сўзларига таянилса, Аднан ал Шукрижума мамлакатнинг Афғонистон билан чегарага яқин шимолий-ғарбий минтақасига уюштирилган рейд давомида ўлдирилган.

Аднан ал Шукрижума "ал-Қоида" тармоғининг юқори мартабали қўмондони бўлган.

Америка Федерал Қидирув Бюроси Аднан ал Шукрижума тармоқнинг халқаро амалиётларига масъул шахс бўлганини айтмоқда.

Бюрога кўра, ал-Шукрижума мелодий 2001 йил 11 сентябр ҳужумларига бош-қош бўлганлик гумони билан ҳибсга олиниб, ҳукм этилган Холид Шайх Муҳаммаднинг ўрнини эгаллаб турган.

Америка ҳарбийлари, йилларки, уни қўлда олиш истагида юришгани ҳам айтилади.

Улар Аднан Шукрижумани 2009 йилги Нью-Йорк ерости йўлида портлаш уюштириш фитнасида қўли борликда айблашади.

Шунингдек, ўлдирилган қўмондон Британия ва Норвегияда ҳам турли ҳужумларни режалашда гумон қилинган.

Хабарларга кўра, Аднан ал Шукрижума асли саудия арабистонлик бўлган.

Аммо бир неча йил умрини Америка Қўшма Штатларида ўтказган.

Ўлдирилган пайтда эса, Жанубий Вазиристоннинг Шинварсак минтақасида бўлгани айтилади.

Хавотир

Сурат манбаси, Getty

Сўнгги пайтларда Америка ва Нато ҳарбийлари "ал-Қоида" тармоғи қўмондонларининг айнан Покистон орқали Афғонистонга ўтиш ҳаракатида юрганликларидан жиддий хавотир билдириб келишади.

АҚШ томонининг баён қилишича, "ал-Қоида" тармоғининг Афғонистондаги раҳбари Фаруқ ал-Қаҳтаний ал-Қатарий ҳозир худди шунинг ҳаракатида.

Уларга кўра, тармоқ Афғонистондаги маҳаллий иттифоқчилари билан алоқаларини мустаҳкамлаб, янги жангариларини тайёрлаш учун кичик сонда тажрибалиларини Афғонистонга келтирмоқда.

Америкалик ҳарбий мулозимларга кўра, худди шу сабабдан ҳам, Афғонистоннинг Покистонга чегарадош шарқий Кўнар ва Нуристон вилоятларида ал-Қатарий ва унинг издошларига қарши дрон ҳужумларини кучайтиришган.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, Покистондаги "ал-Қоида" жангарилари хорижий иттифоқ қўшинларининг бу йилги оммавий сафарбарликлари ортидан, яна Афғонистондан хавфсиз бошпана топиш ва ўзининг аввалги қудратини қайта тиклаш илинжида.

Америка Жосуслик хизмати мулозимлари келтирган рақамларга таянилса, Афғонистонда "ал-Қоида" тармоғи жангариларининг сони ортиб бормоқда ва ҳозирга келиб, бир неча юзга етган.

Уларга кўра, ҳозир ушбу жангарилар катта сондаги хорижий иттифоқ қўшинларининг Афғонистондан чиқиб кетишларини кутиб, пайт пойлаб туришибди.

АҚШ ҳарбийларининг айтишларича, агар, Афғонистондаги ҳеч бўлмаса битта базаларидан дрон ҳужумларини давом эттиришмаса, ал-Қатарий ва унинг жангарилари алал-оқибат ўзларини яна нишонга олишлари мумкин.

"ал-Қоида"

Сурат манбаси, BBC World Service

Лекин ҳарбий экспертлар наздларида тармоқ бундан 13 йил аввалги қудратига эга эмас.

Аммо, уларнинг бирдек эътироф этишларича, "ал-Қоида"нинг ғояси ҳануз тирик.

Шу боис ҳам, тармоқ солажак хавфни назардан қочириб бўлмайди. Уни даф этиш ҳам осон бўлмайди.

Ўз ўрнида, эслатиб ўтиш жоиз, АҚШ "ал-Қоида" тармоғи раҳбари Усама бин Лодинни 2001 йил Нью-Йорк ва Вашингтонда уюштирилган ҳужумларга масъул, деб топганди.

Унинг ўзини эса, Афғонистондаги ҳарбий амалиётларидан 10 йил ўтиб, 2011 йил Покистонда ўлдиришга муваффақ бўлганди.

Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг 2001 йилги ишғоли ортидан, Афғонистонда тармоқнинг яқин иттифоқчиси бўлган Толибон тузуми ағдарилган ва уларнинг паноҳи остида бўлган "ал-Қоида" жангариларининг аксарияти қўшни Покистондан бошпана топишганди.

"Ал-Қоида" тармоғига 1988 ва 1989 йиллар оралиғида марҳум Усама бин Лодин томонидан асос солинган.

Ўз вақтида глобал исломий жангари тармоқ бўлган "ал-Қоида"га ҳозир унинг муовини Айман аз-Завоҳирий бошчилик қилади.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002