"Ал-Қоида" Жанубий Осиёда ўз шохасини ташкил этганини билдирди

Сурат манбаси, AFP
"Ал-Қоида" раҳбари, Аймон ал-Завоҳирий, бир видео хабар тарқатиб, Жанубий Осиё бўйлаб "жиҳод байроғини кўтариш" мақсадида тармоқнинг ҳинд бўлими ташкил этилганини маълум қилган.
Узунлиги 55-дақиқа бўлган видео хабар интернет тармоқлари орқали тарқатилган.
Унда Завоҳирий Афғонистондаги Толибон раҳбари Мулло Умарга содиқлигини яна бир бор таъкидлаган.
Мухбирларга кўра, "ал-Қоида" раҳбари Толибон раҳбарига қилган баятини ёдга олиш билан Исломий Давлатни (ИД) эътироф этмаслигига ишора қилмоқда.
"Ал-Қоида" раҳбари "Ҳинд Субконтинентидаги ал-Қоида" ташкил этилгани ҳақидаги хабарни араб ва урду тилларида баён қилган.
У мусулмон "уммат"ини , "душманларга қарши жиҳод қилишга, ўз тупроқларини озод қилишга, мустақиллик ва халифаликни қайта тиклаш"га чақирган.
Завоҳирийнинг айтишича, "Ҳинд Субконтинентидаги ал-Қоида" Бирма, Бангладеш ва Ҳиндистоннинг Ассам, Гужарот ҳамда Жамму ва Кашмир штатлари мусулмонлари учун хушхабардир.
Ҳиндистонда "ал-Қоида" тармоғининг мавжудлигига оид маълумотлар йўқ.
Бу мамлакатда фаол бўлган Исломий қуролли гуруҳлар асосан Кашмир бўлгинчиларига алоқадор дея кўрилади.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












