Толибон Хитойнинг миллиардларига учадими?

Сурат манбаси, Getty

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Агар, ошкора баён қилаётган истакларига назар солинса, энди дунёнинг иккита қудратли давлатидан биттаси бўлган Хитой Толибон муаммосига ечим топмоқчи.

Қўшни Афғонистонга ҳозир ҳам ҳарбийларини юборишдан тийилган ҳолда, бунинг учун асосан ўзининг йирик иқтисодий қудратини ишга солмоқчи.

Афғонистон, Покистон ва Толибон ҳаракатини музокаралар столига келтириш учун минтақада қиймати 100 миллиард доллардан ортиқ лойиҳаларга қўл урмоқчи.

Тинчлик музокаралари учун ўз ҳудудида бетараф бир замин ҳозирлаб, толибларни, ҳатто, Хитойга таклиф қилмоқчи.

Қудратли Хитойнинг бу каби саъй-ҳаракатлари Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари ўтган 13 йил давомида афғон можаросига бирор бир ечим тополмай, Афғонистонни деярли тарк этиб бўлган бир манзарада кузатилмоқда.

Мамлакати қайта зўравонликлар гирдобига ботиб бораркан, Хитой Афғонистоннинг янги президенти Ашраф Ғани Толибон билан тинчлик музокараларида дастагини сўраб, биринчилардан бўлиб сафар қилган дунёнинг иккита давлатидан биттаси бўлганди.

Президент Ғани бу масалада энг аввало расмий Пекиннинг Исломободга бўлган катта таъсири ва йирик иқтисодий қудратига кўз тикканди.

Ўз навбатида, ҳам ҳарбий ва ҳам иқтисодий жиҳатдан қанчалик қудратли бўлмасин, шундоқ биқинидаги Афғонистондаги вазиятнинг қандай тус олиши, йилларки, қолган аксарият минтақа давлатлари каби Хитойнинг ҳам диққат-эътиборидаги асосий масалалардан бири бўлиб келади.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, расмий Пекин чегараоша арзон афюн оқими ва уйғур исломий бўлгинчилигининг янада кучайиб, Хитой миллий хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлигидан жиддий хавотирда.

Сурат манбаси, Reuters

Яқинда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳам Афғонистон билан бевосита чегарадош жанубий Термиз шаҳрига қилган сафари чоғида, “35 йиллик афғон уруши – минтақага энг катта хавф” эканини баён қилганди.

Афғонистон, Хитой, Ўзбекистон ва қолган Марказий Осиё давлатларини ўз ичига олувчи минтақавий Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотида етакчи ўрин тутувчи Россия Президенти Владимир Путин ҳам куни-кеча Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг бу йилги оммавий сафарбарлиги ортидан, Афғонистондаги вазият издан чиқиб кетиши эҳтимоли ҳақида сўз юритган ва лозим бўлган тақдирда, ёрдам беришга ҳозир эканликларини баён қилганди.

Ўзининг яқин иттифоқчиси бўлган Хитой каби Россия ҳам мамлакати ичкариси ва ҳам шундоққина ташқарисида исломий жангари гуруҳлар фаолиятининг кучайиши ва Афғонистондан ўз ҳудуди оша Оврўпога йўл солувчи катта ҳажмдаги турли гиёҳванд моддалар оқимининг янада ортишидан ташвишда.

Худди шу манзарада Ўзбекистон раҳбари яна бир бор афғон можаросига ҳарбий йўл билан барҳам бериб бўлмаслигини такрорларкан, унинг ечимини ёлғиз Афғонистон халқининг ўзига қўйиб бериш лозимлигини таъкидлаганди.

Аммо, қанчалик жиддий огоҳлантириш билан чиққанига қарамай, Россия президенти беришга ҳозир бўлган кўмакларининг шаклу шамойил ва мазмунини очиқламаганди.

Таъкидлаш жоиз, сўнгги йилларда Афғонистондаги вазият юзасидан каттаю кичик минбарлар орқали янграётган бу каби хавотирлар манзарасида Хитой, ҳозирча, минтақа давлатлари орасидан афғон можаросига ечим топиш йўлида жиддий иш қилишга ҳозирлигини намоён этаётган ягона мамлакат бўлади.

Сурат манбаси,

Бироқ, бугун дунёда эгаллаб турган иқтисодий ва ҳарбий қудратига қарамай, бу масалада Хитойнинг нималарга қодир бўлишини савол остига олаётган таҳлилчилар ҳам йўқ эмас.

Жумладан, минтақавий таҳлилчи Аҳмад Рашид ўзининг яқинда Би-би-си учун ёзган таҳлилий мақоласида Хитойнинг шу пайтгача ҳеч қачон ўзининг чегарасидан ташқарисидаги можароларда воситачи бўлиб кўрмаганига диққат қаратганди.

Бошқа таҳлилчилар эса, ўтган 13 йил давомида Афғонистон Толибон ҳаракати билан тинчлик музокараларида воситачи бўлишга уринган Япониядан тортиб, Швейцария, Саудия Арабистони, Туркия ва Қатар давлатларнинг “аччиқ” тажрибасини мисол қилиб келтиришади.

Устига устак, улар шунча қудрати ва Афғонистонда ҳозир ўн минглаб ҳарбийлари билан Ғарб ва қатор минтақа давлатларининг бу йўлдаги уринишлари ҳам бесамар кетгани, уларнинг натижаси Толибон ҳаракати бу каби музокараларни ўз мақсадлари йўлида суиистеъфода этишини кўрсатганини айтишади.

Ўз навбатида, таҳлилчиларга кўра, айниқса, Покистон Толибон ҳаракати сафларининг қанчалар тарқоқлиги ҳам бу масалада воситачи давлатларга панд бермай қолмайди.

Сурат манбаси, Reuters

Бошқа томондан, янги афғон ҳукумати ва расмий Вашингтон ўртасида имзоланиб, Афғонистонда яна камида икки йилгача минглаб хорижий аскарларнинг қолишига расман изн берувчи хавфсизлик битими ҳам бу каби уринишларни деярли йўққа чиқариши мумкин, дейишади улар.

Эслатиб ўтиш жоиз, Покистон Толибон ҳаракати аъзолари ҳам байъат келтирган Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбари Мулла Муҳаммад Умар ўтган 13 йил давомида афғон тупроғида бирор бир чет эл ҳарбийси қоларкан, тинчлик музокараларига бормаслигини ошкора баён қилиб келади.

Аммо худди шу ўринда таҳлилчи Аҳмад Рашиднинг ўз мақоласида айрим дипломатларнинг сўзларига иқтибосан ёзишича, Хитой бугун таклиф этаётган ва минтақа давлатларининг сўзсиз иқтисодий юксалишига хизмат қилувчи йирик иқтисодий лойиҳалар ҳам Покистон, ҳам Афғонистон ва ҳам Толибон ҳаракати учун “ҳаётда бир марта берилувчи” имконият бўлади.

Бу каби фикрларга жавобан Туркиядан афғонистонлик собиқ дипломат ва сиёсий таҳлилчи Абдулсалом Осимнинг айтишича, ўтган йиллар бадалида ўзининг бирор бир сиёсий доктринасини намойиш этмаган бир ҳаракатни сиёсий мухолиф куч сифатида кўриш ва улар билан сулҳу мадорага бориш уринишлари хато бўлади.

Покистонни эса, миллиардлаб долларлик лойиҳа бўлмайдими, энг аввало минтақадаги гео-сиёсий манфаатлари қизиқтиради, дейди таҳлилчи суҳбатдошимиз:

Собиқ дипломатга кўра, шу боис ҳам, Хитой ўз режаю ташаббусларида самимий бўлиши мумкин, аммо Толибонга катта таъсирга эга Покистонга ўхшаш минтақа давлатларининг бунга қанчалик сидқидилдан ҳозир эканликлари бу ўринда муҳим ўрин тутади.

Афғонистонлик бошқа бир таҳлилчи Фазил Аҳмад Бургутнинг сўзларига таянилса эса, бу муаммонинг якуний ечими – энг аввало барча манфаатдор томонларнинг Толибон ҳаракатига ташкилот ўлароқ аниқ тасниф беришларини тақозо этади.

Унинг айтишича, танловнинг ҳарбий ёки ноҳарбий бўлиши айнан худди шу нарсага боғлиқ бўлади ва Толибон муаммоси ҳам фақат шунга қараб ўз ечимини топади.

Ўз навбатида, хорижий иттифоқ қўшинларининг Афғонистондан оммавий сафарбарлиги якунига етиб қолган шу кунларда Ғарбнинг 13 йиллик сиёсатини савол остига олаётган америкалик таҳлилчилар ҳам йўқ эмас.

Сурат манбаси, AP

Жумладан, “Яхши уруш: Биз нега урушда енга олмадик ёки Афғонистонда тинчлик” китоби муаллифи Жак Фейрвезернинг “Нью Йорк Таймс”даги мақоласида ёзишича, Ғарб шунча вақт бадалида ўзи кўришни истаган Афғонистонни қурмоқчи бўлди.

“Улар адолатли ва ўзи-ўзини эплашга қодирининг ўрнига, фақат катта миқдордаги пуллару ўн минглаб ҳарбийларини киритиб, Франкенштейн давлатини барпо қилишди”, - дейди муаллиф. “Толибонга имконият беринг” мақоласи муаллифига кўра, номукаммалдек туюлса-да, афғонларга ўз давлатларини барпо этишга имконият беришнинг вақти етган.

Унинг ёзишича, бу масалада Афғонистоннинг ўзига хосликлари: анчайин қолоқ ва қавмий экани, албатта, инобатга олинмоғи, Толибон Афғонистоннинг беқарор қавмий сиёсатидаги “овозлар”дан яккаҳокими эмас, фақат биттаси экани англаб етилиб, эътироф этилмоғи лозим.

Унинг ёзишича, худди шу нарсани назарда тутган ҳолда, Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг янги маъмурияти бу каби гуруҳлар билан тил топишиб, бу мамлакатда шунча йиллардан буён кутилаётган бир сиёсий муросага эришмоғи керак бўлади.

Муаллифга кўра, бугунги реаллик толибларга янги афғон ҳукумати таркибидан ўрин берилишини тақозо этади.

Афғонистон Толибон ҳаракатининг ўзи ҳам Натонинг шу йил сентябр ойида Уэльсда бўлиб ўтган саммити арафасида худди шундай бўлган тақдирда, сулҳу мадорга боришга ҳозир эканлиги ишора қилгани ҳам бор гап.

Аммо, энг сўнггида шуни ҳам эътироф этиш жоизки, шунча давлатнинг Афғонистондаги шунча йиллик “тажрибаси”дан келиб чиқиб, бугун ҳам минтақавий ва ҳам халқаро таҳлилчилар орасида 35 йиллик афғон можаросининг ечими қандай бўлишини ҳозир ҳеч ким билмаслигига оид хулосага келиб бўлганлари ҳам оз эмас.

Устига устак, минтақавий таҳлилчиларга кўра, иқтидорга келган ўтган икки ой ичида толиблар билан сулҳу мадора истагида эканини ошкора ва расман баён этиб келаётганига қарамай, Афғонистоннинг янги миллий бирдамлик ҳукумати қўлида тузук-қуруқ тинчлик режаси йўқ.

Толибон ҳаракатига катта таъсирга эга, деб кўрилувчи Покистон ҳукумати, Жосуслик Хизмати ва ҳатто, Хитой ҳам афғон ҳукуматининг шахсан ўзи бу каби режа билан чиққан тақдирдагина, тинчлик музокаралари масаласида Афғонистонни қўллашга ваъда беришган.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002