Россия нимага ҳозирлик кўрмоқда?

Сурат манбаси, BBC World Service
Расмий хабарларга кўра, Россия ўтган саккиз кун ичида тўртта қитъалараро баллистик ракетасини муваффақиятли синовдан ўтказган.
Россия томонининг бу каби хатти-ҳаракатлари Украина инқирози юзасидан расмий Кремль ва Ғарб орасидаги танглик янада кучайган бир манзарада кузатилмоқда.
Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, воқеаларнинг бу каби ривожи қатор Натога аъзо давлатлар ҳарбий экспертларини хавотирга солмай қўймаган.
Улар қитъалараро баллистик ракеталар синовини Россия стратегик қирувчи учоқларининг Оврўпо фазоси узра яқинда қилган парвозлари билан бир контекстда баҳолашган.
Худди шу манзарада Россия ҳарбийларининг шу кунларда жуда фаоллашиб қолишганидан хавотир билдиришган.
“Barents Observer” нашрининг ёзишича, Россия 72 соат ичида бутун ядровий триадаси: стратегик қирувчи учоқлари, сувости қайиқлари ва қитъалараро баллистик ракеталарини синаб кўрган.
Россиянинг бу каби ҳарбий фаоллигига ўз ҳарбий экспертларининг муносабати анчайин оғир-босиқ бўлган.

Сурат манбаси, AP
Аммо улар ҳам расмий Москва ўзининг ядровий қудратини кучайтириш ҳаракатида эканига диққат қаратишган.
Хавфли ўйин
Айрим таҳлилчиларга кўра, Россия анчайин қалтис ядровий ўйин бошлаши мумкин.
Уларнинг айтишларича, собиқ Шўролар Иттифоқи куч-қудратга тўлган даврлар билан таққосланганда, ҳозир Россияда бошқа йўл билан Ғарбга қарши туриш имкониятлари нисбатан кам.
“Қизиқ, 90-йиллар охири ва 2000 йиллар бошларида Россия раҳбарлари ядровий арсеналлари бўлса-да, ҳеч ким сўзларига қулоқ тутмаслигидан шикоят қилишарди. Аммо ўша пайтда Ғарб уларнинг ақллари расо эканига ишонган. Бу ишончлари қатъийлашиб бораркан, Россиянинг ядровий қудратига камроқ эътибор қаратишган. Чунки ақли-ҳуши жойида бўлган одам қизил тугмани босмайди, тўғрими? Аммо ҳозир Ғарб анча ташвишга тушиб қолган. Бу эса, расмий Москвага, сўзсиз, қўл келмоқда”, - дейди россиялик ҳарбий эксперт Александр Голц.
Аммо қанчага тушади?
Нефть нархининг тушиши ва рублнинг жуда қадрсизланиб бораётгани Россиянинг ҳарбий бюджетига зарба бермай қолмайди.
Бироқ, шунда ҳам, стратегик жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга ядровий арсенали эмас, дейди Москвадаги мухбиримиз Ольга Ившина.
Унинг хабаридан маълум бўлишича, Россия давлат дастурида энг аввало мамлакат ядровий арсенали, кейин ҳаводан ҳимоя тизимини ривожлантириш ва ундан сўнг ягона фазо тизимини яратиш масаласига асосий урғу берилган.

Сурат манбаси, BBC World Service
Аммо Россия пиёда, ҳаво-десант ва пиёда-денгиз қўшинларини кучайтириш жараёни сустлашиши мумкин.
Чунки бу кучларни замонавийлаштириш учун лозим бўлган маблағнинг айнан 2015 йилда ажратилиши кўзда тутилганди.
Воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида эса, бу каби ташаббуслар савол остида қолиши мумкин, дейди мухбиримиз.
Ҳарбий экспертлар орасидаги мавжуд қарашларга кўра, ҳозирги шароитда умумий жанговар кучлар фақат маҳаллий ва минтақавий можароларда иш бериши мумкин.
Жиддий қарама-қаршиликларда эса, якуний сўзни фақат ядровий қуроллар айтади, дейишади улар.
Экспертларга имконли бўлган маълумотларга кўра, Россия шу яқин ойларда яна бир қанча русумдаги ҳарбий ракеталарини синаб кўришни мўлжаллаб турибди.












