Россия Украинага газ беришга рози бўлди

Сурат манбаси, Reuters

Томонлар бу ҳақда Брюсселда бўлиб ўтган икки кунлик музокаралар чоғида келишиб олишди.

Янги келишувга мувофиқ, Украина ноябр-декабр ойларида бир минг кубометр газ учун қўшнисига 378 АҚШ доллари миқдорида ҳақ тўлайди.

Украина Энергетика вазири Юрий Проданнинг бунга қўшимча қилишича, янги нарх бозордагисига яқин бўлади.

Унга кўра, келаси йилнинг апрел ойигача бу ҳақ бир минг кубометр газга 365 АҚШ долларини ташкил қилади.

Аммо Украина вазирининг бу сўзларини ҳозирча Россиянинг давлатга қарашли “Газпром” ширкати раҳбари Алексей Миллернинг шахсан ўзи тасдиқлагани йўқ.

Жаноб Миллернинг баён қилишича, келаси йилнинг биринчи чорагида Украинага сотилаётган газнинг баҳоси “бозордаги талабга қараб” белгиланади.

Оврўпо Иттифоқининг Энергетика масалалари бўйича комиссари Гюнтер Эттингер ҳам бу масалага ойдинлик киритишга уринган.

Унинг айтишича, аввалдан ҳақ тўлаш асосида Украина Россия газининг бир минг кубометрини 385 АҚШ доллари ёки бундан ҳам пастроқ нархда харид қилиши мумкин.

Комиссар жанобларига кўра, Оврўпо Иттифоқи ундан уёғига Россия газининг таъминоти борасида Украинага ҳеч қандай кафолат бермаган.

Аммо 2015 йилда расмий Киевга қандай қилиб молиявий кўмак бериш масаласида бош қотиришмоқда.

Розилик

Сурат манбаси, BBC World Service

Россия томони кеча пайшанба куни Украинага газ беришга рози бўлганди.

Расмий Москванинг бу хусусдаги розилиги Брюсселда бўлиб ўтган икки кунлик музокаралар чоғида олинганди.

Ҳар икки томон ўртасидаги мулоқотларга Оврўпо Иттифоқи воситачилик қилганди.

Оврўпо Ҳайъати раиси Жозе Мануэл Баррозонинг баён қилишича, “Бу – бутун Оврўпо қитъасида энергетика хавфсизлигини таъминлаш йўлида қўйилган муҳим қадам бўлган”.

“Энди, оврўполиклар бу йилги қишдан қандай чиқиш ҳақида хавотирланмасалар ҳам бўлади”, - деб қўшимча қилган жаноб Бароззо.

Унинг умид қилишича, икки томон ўртасида бу хусусда имзоланган янги битим Россия ва Украина орасидаги ишончни кучайтиришга хизмат қилади.

Брюсселда бўлиб ўтган музокараларда Россия, Украина энергетика вазирлари ва Оврўпо Иттифоқининг энергетика масалалари бўйича комиссари иштирок этганди.

Расмий Москва ўз розилигини беришдан аввал Оврўпо Ҳайъатининг Украина газ ҳақини ўз вақтида тўлашига оид кафолатини ҳам қўлга киритишга муваффақ бўлган.

Сурат манбаси, Reuters

Хабарларга кўра, ҳайъат Россия томонини камида шу йил охиригача Украина газ ҳақидан қочмаслигига ишонтирган.

Украина газдан қарзини тўлаш учун Оврўпо Иттифоқи ва Халқаро Валюта Жамғармасининг молиявий ёрдамига умид қилиши мумкин.

Бу ҳақда Оврўпо Иттифоқининг энергетика масалалари бўйича комиссари Гюнтер Эттингер матбуот анжумани чоғида баён қилган.

Унинг айтишича, 1.45 миллиард доллар ҳақ “Газпром”га ҳеч бир кечикишларсиз тўланади. Қолган 1.65 миллиард долларни эса, “Нафтогаз” шу йил охирига қадар Россиянинг давлат ширкати ҳисобига ўтказади.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, сўнгги келишувга Оврўпо томони расмий Кремлни асосий айбдор, деб сановчи Украина инқирози ҳануз барҳам топмаган бир шароитда эришилган.

Мавжуд инқироз ўзининг авж нуқтасига етган шу йилнинг июн ойида Россия Украинага газ таъминотини буткул кесиб қўйишгача борганди.