‘Муслима уйғурга уйланганларга катта совға бор’

Сурат манбаси, BBC World Service
Агар, Хитой матбуотига таянилса, дейлик, хан бўлиб, уйғур ёки бошқа миллий озчилик вакили билан оила қурсангиз, ёки бунинг тескариси, беш йилгача минг доллардан ортиқроқ пул мукофоти ва яна бошқа кўплаб имтиёзларга эга бўласиз.
Хабарларга кўра, бундай ташаббус билан Шинжон Уйғур мухтор бўлгасидаги Киймо (Керия) тумани масъуллари чиқишган.
Ушбу туман аҳолисининг аксариятини эса, мусулмон уйғурлар ташкил этишади.
Маҳаллий масъуллар туманда “ қоришиқ никоҳлар”ни тарғиб этишга зўр беришаркан, уларнинг ташаббуси ҳозир Хитой оммавий-ахборот воситаларида қизғин муҳокама этилаётган мавзулардан бирига ҳам айланган.
Хитой ҳукумати катта сондаги ханларни кўчиртириб келмасидан аввал Шинжонда қадим-қадимдан асосан мусулмонлар яшаб келишган.
Ўз ўрнида, киймолик масъулларнинг янги ташаббуси Ғарб матбуотида қандай акс-садоларга сабаб бўлаётгани ҳам Хитой оммавий-ахборот воситаларининг эътиборидан четда қолмаган.
"Ғарб матбуотининг наздида ханларнинг миграцияси ва қоришиқ никоҳлар минтақадаги “уйғурларни бостириш учун қилинаётган иш эмиш, деб ёзилади бу каби чиқишларда", - дея бонг уради Хитой матбуоти.
Сўнгги ойларда Хитойнинг олис ғарбий мухтор бўлгаси саналувчи Шинжонда зўравонликлар ҳолларининг кескин ортгани кузатилади.

Сурат манбаси, Getty
Расмий Пекин уларда уйғур бўлгинчиларини айблаб келади.
Хитой оммавий-ахборот воситаларидаги чиқишларда эса, қоришиқ никоҳ сиёсатини қўллаб, уни бутун мамлакат бўйлаб тадбиқ этиш керак, деган мазмундагилари ҳам йўқ эмас.
Аммо “Global Times” га ўхшаган нашрлар ким билан оила қуриш фуқароларнинг шахсий иши экани, масъулларнинг бунга аралашишга ҳақлари йўқлигини ҳам иддао қилишган.
“Янги сиёсатдан кўзланган мақсад яхши бўлиши мумкин. Бироқ ушбу ғоя жуда эҳтиёткорлик билан ҳаётга тадбиқ этилиши керак. Акс ҳолда, бу каби ташаббус миллий ўзликка интилишни кучайтириб, қоришиқ оилаларга жамиятнинг босимини кучайтириши мумкин”, - дейди Ижтимоий Фанлар бўйича Шинжон академияси профессори Ли Шиаошиа.
Профессор жаноблари, ўз ўрнида, Шинжонда қоришиқ никоҳлар бармоқ билан санарли эканини айтаркан, уларнинг кенг қулоч ёйиши эҳтимолдан йироқ, дейди.
Агар, айрим рақамларга таянилса, ҳозирга келиб 22 миллионли минтақа аҳолисининг 40 фоиздан ортиқроғини ханлар ташкил этишади.
Баъзи бир Ғарб нашрларининг ёзишича эса, жорий пайтда Шинжонда норозилик яшириб бўлмас бир даражага етган.
Июл ойи эса, минтақа учун 2009 йилда Урумчида юз берган ва 200 га яқин инсоннинг умрига зомин бўлган зўравонликлар ортидан энг қонлиси бўлганди.
Буюк Британияда чоп этилувчи нуфузли “The Economist” журналининг ёзишича, “Хитой Президенти Си Цзинпин миллий зўравонликлар гирдобида қолиш билан таваккал қилаяпти ва Шинжон Хитойнинг Чеченистонига айланиши мумкин”.
Бу халқаро журналга кўра, ҳозир Хитойнинг Шинжонга нисбатан қаттиққўл сиёсати ўз вақтида тоқатли бўлган бир халқни радикаллаштираётгани нишоналари пайдо бўлмоқда.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












