Шинжондаги зўравонликларда яна ўнлаб кишилар ҳалок этилди

Сурат манбаси, AFP
Хитой давлат матбуоти хабарларига кўра, Шинжон бўлгасидаги ҳужумларда ўнлаб кишилар ўлдирилган ёда жароҳатланган.
Синьхуа агетлигининг маълум қилишича, пичоқ билан қуролланган шахслар Ёркент туманидаги полиция ва ҳукумат биноларига бостириб киришган.
Агентликка кўра, полиция ҳужумчиларнинг аксарини отиб ўлдирган, ҳужум оқибатида "ўнлаб" хан хитой ва уйғурлар ҳалок бўлишган.
Хабарларни мустақил манбалардан тасдиқлаш мушкул.
Фаолларнинг айтишларича, ҳужумлар уйғурларнинг ўзларига қарши тазйиқларга қаршилик кўрсатган вақти бошланиб кетган.
Ўттизта полиция машинасига зарар етказилгани, улардан олтитаси бутунлай ёқиб юборилгани хабар берилган.
Синьхуа хабарида айтилишича, пичоқ кўтарган ҳужумчилар Элешку шаҳарчасида ҳужумларини бошлаганлар. Кейинчалик яқин атрофдаги бошқа манзилга кета туриб, йўл-йўлакай аҳоли вакиллари ва машиналарга ҳужум қилиб борганлар.
АҚШда жойлашган Уйғур-Америка Анжуманининг айтишича, маҳаллий уйғурлар Рамазон ойидаги қатъий чекловлар ва охирги ҳафталар кучишлатар тизимлари томонидан ўқотар қуролларнинг ишлатилишига қарши норзилик билдирганлар.
Анжуманга кўра, 18 июл куни бир уйғур оиласининг аъзолари шу тариқа ўлдирилган. Шундан сўнг кўплаб оилалар Элекскуга қочиб келганлар ва у ерда душанба куни норозилик бошланиб кетган.
Қароргоҳи Олмонияда жойлашган Жаҳон Уйғурлар Конгрессининг айтишича, "Хитойнинг ўта қаттиққўл сиёсатига қарши норозиликлар" натижасида қатор кишилар ўлдирилган ва 100га яқин киши жароҳатланган.
Тазйиқлар
Ёркент тумани Шинжоннинг ғарбий қисмида, Тожикистон билан чегарадош ҳудудда жойлашган.
Минтақада асосан уйғурлар истиқомат қиладилар.
Бу ерларда маҳаллий уйғурлар ва хан хитой муҳожирлари ўртасида танглик йиллар мобайнида кузатилмоқда эди.
2009 йили Шинжон пойтахти Урумчида келиб чиққан зўравонликларда 200га яқин киши ҳалок бўлганди.
Охирги ойларда ҳам турли қонли ҳодисалар суръати ўсди. Хитой расмийлари бу ҳодисаларда уйғур бўлгинчиларини айблаб келмоқдалар.
Май ойида Урумчидаги бозорга икки машинада бостириб кирган ҳужумчилар 31 кишини ҳалок этишди. Март ойида Кунминг шаҳридаги поезд бекатида 29 киши пичоқлаб ўлдирилди.
Бунга жавобан Хитой расмийлари бир йил мобайнида хавфсизлик чоралари кучайтирилиши, Шинжон бўйлаб шаҳар ва қишлоқларда полиция ва аскарлар сони кўпайтирилиши ҳақида эълон қилдилар.
Ҳозирга қадар ўнлаб кишилар ҳибсга олинди, экстремистик амалларда айбланиб, қамоққа ташланди.
Лекин уйғур фаолларининг айтишларича, Хитойнинг бу каби қаттиққўл сиёсати, уйғарлар маданияти ва динини чеклаш амаллари кучли қаршилик ҳаракатига туртки бермоқда.
Хитой расмийлари эса минтақани ривожлантириш ва инсонлар ҳаётини яхшилаш учун кўплаб сармоялар ётқизаётганлари, "террорчилар"ни эса хорижий Исломий гуруҳлар "гиж-гижлаётгани"ни айтмоқдалар.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












