Америка аскари беш Гуантанамо маҳбуси эвазига озод қилинган

Сурат манбаси, AP

АҚШ Президенти Барак Обама айтишича, Америка ва Толибон ўртасида музокарачи бўлган Қатар ҳукумати Афғонистонда Толибон қарийб беш йил давомида тутқунликда ушлаб турган сержант Боу Бергдал қўйиб юборилиши эвазига Гуантанамода сақланган беш маҳбуснинг хавфсизлик кафолатини берган.

Бу ҳақда Президент Обама Оқ Уйга таклиф қилинган америкалик ҳарбийнинг ота-онаси Роберт ва Жэни Бергдаллар ёнида гапирган.

Президент Обама айтишича, сержант Бергдалнинг озод қилиниши Американинг “бирор бир эркак ва бирор бир аёлни жанг майдонида ташлаб кетмаслик” ваъдасига содиқлигини намойиш этади.

Сержант Боу Бергдал Толибон ҳибсда ушлаб турган ягона америкалик ҳарбий бўлган.

Сурат манбаси, Reuters

28 ёшли сержант Бергдал 31 май куни Покистон чегарасига яқин жойда Толибон томонидан Америка ҳарбийларига топширилган.

Сўнг у Кобул яқинидаги Баграм ҳарбий базасига, ундан кейин Олмониядаги АҚШ ҳарбий базасига олиб кетилган.

У 2009 йил 30 июнида, Афғонистонга юборилганидан икки ой ўтиб Толибон томонидан асирга олинган эди.

Гуантанамода сақланган беш маҳбус у ердаги тутқунлар орасидаги энг ёши катталари бўлган.

Улар 2001 йилгача Афғонистонни назорат қилган Толибон ҳокимиятида вазир, вазир ўринбосари, вилоят ҳокимлари ва қўмондон лавозимларида ишлаган шахслардир.

Афғонистон Толибони ўз сафдошлари озод этилганларидан “катта бахтиёрлик” ҳис қилганлари ҳақида эълон қилган.

Гуантанамо тутқунлари Қатар расмийларига топширилган, улар Қатарни 1 йил давомида тарк этишлари тақиқланади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.