Украин исёнчилари Донецк ва Луганскда референдум ўтказишмоқда

Сурат манбаси, Reuters
Украина шарқидаги икки вилоятда Россияпараст бўлгинчилар "мустақил бошқарув"га эришиш йўлида референдумларни ўтказишмоқда. Украина ҳукумати ва Ғарб референдумларни "ноқонуний" дея қоралашган.
Би-би-сининг икки вилоятдаги мухбирлари тартибсиз манзара ҳақида хабар беришмоқда. Жойларда овоз бериш кабиналари ё овоз берувчилар рўйхатлари йўқ.
Донецк ва Луганс вилоятларининг ўз-ўзини тайинлаган ҳокимлари Россия Президенти Владимир Путиннинг референдумларни кечиктириш чақириғига қарамай, овоз бериш жараёнини бошлаб юборганлар.
Украина ҳукумати бу референдумлар вилоятларнинг барбод бўлишига олиб келишидан огоҳлантирган.
Тун оша исёнчилар қўлидаги Славянск шаҳрида жанглар бўлиб ўтган. Бу шаҳар Украина ҳукумат қўшинлари томонидан ўраб олинган.

Сурат манбаси, Getty
Би-би-сига гапирган Украинапараст мактаб директори ўз мактаби овоз бериш шаҳобчаси этиб қўлланишига рухсат бермаслигини ортидан ўлим таҳдидини олганини айтди.
Овоз бериш қоғозида украин ва рус тилларида биттагина савол бор: "Сиз Донецк Халқ Республикаси/Луганск Халқ Республикасининг ўз-ўзини бошқаришини қўллаб-қувватлайсизми?"
Донецкдаги Би-би-си мухбири Пирс Скофилднинг хабар қилишича, овоз бериш шаҳобчаларида сайловчилар рўйхати бўлса-да, истаган одам истаган шаҳобчасида овоз бериши мумкин.
Референдум ташкилотчилари май ойи охирида сайловнинг иккинчи босқичини ўтказишларини билдиришган. Унда Россияга қўшилиш саволи берилади.
Улар 25 майга мўлжалланган Украина президентлик сайловларини бойкот қилишларини ҳам айтишган.
Pew тадқиқот маркази томонидан ўтказилган сўровга кўра, Украина шарқидаги аҳолининг 70 фоизи мамлакатдаги бошқарувдан хавотирда бўлишига қарамай, Украина яхлитлигини сақланиб қолишини истайди.
Ўтган ой Россия референдум ортидан Қрим мухтор республикасини ўзига қўшиб олди.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002












