Жангарилар гаровида бўлган роҳибалар озод қилинди

Сурат манбаси, Reuters
Суриянинг Малула шаҳридаги монастирдан ўғирланиб уч ой жангарилар томонидан гаровда ушлаб турилган бир гуруҳ юнон православ роҳибалари озод қилиниб Дамашққа олиб келинганлар.
Роҳибалар душанба тонгида Ливан чегарасига яқин Арсал шаҳрига олиб келинганлар. Улар аввалига Ливан расмийларига топширилганлар, сўнгра Сурияга олиб кетилганлар.
Улар чарчаганлари, бироқ аксар ҳолларда уларга яхши муносабатда бўлишганини айтганлар.
Роҳибалар жангарилар ва Сурия ҳукумати ўртасида эришилган маҳбус алмашинуви келишувига асосан озод қилинганлар. Сурия ҳукумати 150 нафар аёл ва болаларни озод қилган.
Келишувга Қатар ва Ливан воситачилик қилганлар.
Роҳибаларни ал-Қоидага алоқадор деб кўрилувчи ал-Нусра фронти тутқунликда ушлаб келгани ишонилади.
Малуладаги Мар Такла монастирининг бош роҳибаси Пелагея Сайяф роҳибаларга яхши муносабатда бўлишганини айтди.

Сурат манбаси, AFP
"Худо бизни ташлаб қўймади. Ал-Нусра Фронти бизга яхши қаради... Лекин биз хочларимизни ечиб олдик, чунки у хоч тақиб юрадиган жой эмасди", - деб айтди у.
Декабрда қўлга олинишлари ортидан роҳибалар Ливан билан чегарага яқин Ябруд шаҳрига кўчирилганлари хабар қилинганди.
Ябруд Сурия армияси ва Ливаннинг шиа Ҳизбуллоҳ гуруҳи дастаги билан Сурия армияси ўртасида кетаётган жанг марказидадир.
Исёнчилар аёлларни ҳукумат бомбардимонидан ҳимоя қилиб келганларини айтишган, бироқ Сурия расмийлари роҳибаларни ўғирлаш орқали исёнчилар Суриянинг насроний аҳолисини қўрқитиб қўйишни истаганларини даъво қилганлар.
Ябруддаги икки исёнчи раҳбар Би-би-сига гапира туриб, Қатар роҳибалар озодлиги учун 4 миллион доллар тўлашни таклиф қилгани, лекин Ал-Нусра Фронти 50 миллион доллар, ҳамда Сурия ҳукумати ушлаб турган аёллар ва болалар озод қилинишини талаб қилганини билдиришди.
Сурия давлат матбуоти ҳеч қандай тўлов ё маҳбуслар алмашинуви ҳақида хабар тарқатмади.
Роҳибалар қисмати Сурия насройниларининг нозик мавқеига яна бир бор эътиборни жалб қилди.
Кўплаб насронийлар агар Башар ал-Ассаднинг дунёвий ҳукумати ағдарилса, Исломий давлат барпо этилишига чақираётган жиҳодчи исёнчилар насронийларни нишонга олишидан қўрқадилар. Ўхшаш холат 2003 йилдан бери Ироқда давом этиб келмоқда, у ердан насроний аҳоли қувғин қилинган.












