Путин: Қримнинг чақириғига бефарқ қараб бўлмайди

" Халқаро муаммолар борасидаги турлича қарашлар муносабатларга таъсир кўрсатмаслиги керак"

Сурат манбаси, AP

Сурат тагсўзи, " Халқаро муаммолар борасидаги турлича қарашлар муносабатларга таъсир кўрсатмаслиги керак"

АҚШ ва Россия президентлари пайшанба куни Украина муамммосини телефон орқали муҳокама қилишган.

Бу Барак Обама ва Владимир Путин ўртасида ушбу мавзуга талуқли иккинчи телефон мулоқотидир.

Суҳбат Обаманинг ташаббуси билан ўтказилган ва бир соат давом этган.

Ўтган сафардаги 90 дақиқали музокарада ҳам жаноб Обама Россиянинг Украинага нисбатан ҳаракати ноқонуний эканини айтиб, инқирозни халқаро ҳамжамият билан биргаликда ҳал қилишга чақирганди.

Бу галги суҳбатда Президент Путин Россия-Америка муносабатлари муҳимлигини, халқаро муаммолар борасидаги турлича қарашлар унга таъсир кўрсатмаслиги лозимлигини урғулаган.

Шу билан бирга, Қримнинг ёрдам сўровини инкор қилиб бўлмаслигини билдирган. "Россия бу вазиятга мос ҳаракат қилади", деб айтган жаноб Путин.

Обама Россия қўшинлари ҳарбий базаларга қайтарилиши лозимлигини айтмоқда. Муаммони дипломатик йўл билан ечиш мақсадида Москва ва Вашингтон расмийлари музокараларни давом эттиришини қўшимча қилган.

АҚШ дастлабки чоралар сифатида "Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигига таҳдид қилувчи ҳаракатларга алоқадор" Россия ва Украина расмийларига нисбатан виза чекловлари ва ҳисобларини музлатиш чораларини киритди. Бироқ рўйхатда айнан кимларнинг борлиги аниқ эмас.

Ушбу санкциялар жаноб Путинга талуқли эмас, бу ҳаддан ташқари ҳаракат ҳисобланади, деб айтган Оқ Уй маъмурияти вакили.

Вашингтон қатор масалаларда, жумладан Марказий Осиёда хавфсизлик ва Хитой билан ҳамкорлик масалаларида Россиянинг сиёсий дастагидан манфаатдор.

Россия билан Хитойни ҳозирги вазиятда янада яқинлаштириш АҚШ манфаатларига тўғри келмайди. Шунингдек, бу Афғонистондан ҳарбий юкларни олиб чиқишга ҳам талуқли. Шундай экан АҚШ кичик қадамлар билан Россиянинг муносабатини кузатишни маъқул кўради.

Кеча АҚШ Оврўпо Иттифоқи билан якдилликда Қрим олий кенгашининг 16 мартда референдум ўтказиш қарори Украина конституцияси ва халқаро қонунларга зид эканлиги борасида мурожаат билан чиқди.

Украина муваққат президенти Олександр Турчинов Қрим ҳукуматининг референдум ўтказиш қарори бекор қилинганини билдирди.

Унга кўра, давлат чегараларига талуқли барча масалалар умумукраина референдуми орқали ҳал этилиши керак.

Айни пайтда Қримнинг туб аҳолиси бўлган қрим татарлар Россияга қўшилиш ҳақидаги референдумга қарши эканларини айтмоқдалар.

Россия Давлат Думасининг тўрт фракцияси раҳбарлари эса Қримнинг Украина таркибидан чиқиб, Россияга қўшилиши фикрини қувватлаганлар. Бу таклиф Дума депутатлари томонидан кўриб чиқилади.

Оврўпо Иттифоқининг Брюсселда ўтган шошилинч мажлисида Россия билан виза ҳақидаги музокараларни вақтинча тўхтатиш қарорига келинди.

Украинадаги вазиятга алоқадор Россия расмийларига виза бермаслик ва ҳисоб рақамларини музлатиш, Москва ҳамон ўз фикридан қайтмас экан, унга нисбатан иқтисодий санкциялар жорий этилиши билан огоҳлантирилди.

Оврўпонинг аксарият давлатлари муаммони дипломатик йўл билан ҳал қилиш тарафдори бўлиб қолмоқда.

4 мартда президент Путин ҳам Россияга санкциялар билан таҳдид қилаётганларни бундай ҳаракатларнинг оқибати айнан ўша давлатларнинг ўзига ёмон бўлиши мумкинлигидан огоҳлантириб қўйди.

Россиянинг Украинадаги ҳаракатларига норозилик маъносида жума куни Сочида очиладиган қишки Паралимпик ўйинларига бир қатор хорижий давлат ҳайъатлари қатнашишмайди.