Путин Сочи-2014 билан Россия имиджини яхшиламоқчи, аммо...

Сурат манбаси, Reuters
- Author, Стив Розенберг
- Role, Би-би-си, Москва
СССР раҳбари Леонид Брежнев Москвадаги Марказий Ленин майдонида Ёзги Олимпиада Ўйинларини очиб берганида 1980 йил июли эди.
Аммо, Темир Парда ортида катта дабдабалар остида ўтган илк Олимпиаданинг очилишида сўзлаган Брежнев жаноблари бир нарсани - неча йилгина олдин ушбу бутунбошли лойиҳадан воз кечишга урингани ҳақида оғиз очмаганди.
1975 йил Коммунистик Партия Бош котиби политбюродаги ҳамкасбига мактуб ёзиб, Олимпиаданинг Москвада ўтказиш харажатларидан шикоят қилган ва эҳтимолий можаролардан огоҳлантирганди.
"Баъзи ўртоқлар менга бундан кичик миқдорли жарима билан қутилиб қолишимиз мумкинлигини маслаҳат беришди", деб айтган ўшанда жаноб Брежнев.
Владимир Путин эса, Олимпиада Ўйинларига ўзгача ёндашди.
Сарф-харажатлару можаролар
Президент Путин, аввал бошиданоқ, "Сочи-2014" учун саъй-ҳаракатларга жиддий бош қўшди. Ўйинларни Россияга олиб келиш масаласида Халқаро Олимпия Қўмитасини ўзига оғирдиришдан тортиб, қурилиш ишларини шахсан назорат қилиш, борингки, яқинда қуриб битказилган спорт иншоотларини синовдан ўтказишгача Путин жаноблари бош-қош бўлди.
Сочи унинг Россияни дунёдаги йирик қудратлардан бири, ўзини эса, буюк йўлбошчи қилиб кўрсатишга қаратилган севимли лойиҳасидир.
Ҳайратланарлиси шундаки, Леонид Брежневни қўрқитган икки нарса - кўкка ўрловчи сарф-харажатлар ва можаролар - бугун Владимир Путин Олимпиада Ўйинларининг ажралмас қисми.
Ҳисоб-китобларга кўра, олимпиада иншоотлари ва қўшимча инфратузилма учун қарийб $50 миллиард сарфланган. Сочи энг қимматга тушган Олимпиада Ўйинлари сифатида таърифланмоқда.

Сурат манбаси, AFP
Ғарб матбуотида бош сарлавҳаларга айланган жанжаллару можаролар рўйхати эса, Сочидаги чанғи учиш қияликлари каби узун дейиш мумкин.
Коррупция айбловлари, қурилиш ишчиларига маош тўламаслик, Россиядаги жинсий озчиликлар юзасидан хавотирлар ҳамда хавфсизлик қўрқувлари шулар жумласидандир.
"Россия Олимпиадасининг ўзи - бориб турган можаро", дейди Москвада жойлашган Карнеги маркази сиёсий таҳлилчиси Лилия Шевцова.
"Коррупция, самарасизлик, мантиқсизлик, ўтакетган манманлик ва мегаломания унинг ажралмас қисми. Бу - оддий инсонлар рисоладагидек турмуш кечиришга қурби етмайдиган мамлакат учун беҳуда пул сарфлаш. Мазкур ҳолат менга Муссолини ва Чаушескуни эслатади. Улар ҳам ҳозир бемаънилик тимсолига айланган ялтир-юлтур лойиҳаларни амалга оширишганди", дейди у.
Россия расмийлари эса, Олимпиада жамғармалари бошбошдоқлик билан сарфлангани ё-да, ўғирлангани борасидаги айбловларни рад этишади.
"Россия Ҳисоб палатаси ва Солиқ Хизмати Сочи билан боғлиқ ҳеч қандай коррупция ҳолатни топишгани йўқ", дейди Россия Олимпия қўмитаси раҳбари Александр Жуков.
Жуков жаноблари, шунингдек, инфратузилма лойиҳалари қийматини Олимпиада харажатларига қўшиб хисоблаш ҳам хато эканини айтади.
"Сочида биттагина йўл бор эди. Ҳозир 20га яқини қурилди. У ерда янги оқава сувлар тизими, янги қувват станцияси ва янги газ қувурлари барпо этилди. Бироқ, бу Олимпиада харажатлари эмас. Сочи каби шаҳарлар сайёҳларни жалб этиш учун бу каби инфратузилмага эга бўлиши керак. Алал-оқибат, бу - Россиянинг асосий оромгоҳи", дея қўшимча қилади Александр Жуков.
Ғарбга дарича
1980 йил СССР Ёзги Олимпиада Ўйинларига мезбонлик қилганида шўроларнинг Афғонистонга босқинига норозилик билдириб 60дан ортиқ мамлакат ўйинларда қатнашишдан бош тортганди.
Бу гал Президент Путиннинг зиёфатига соя солувчи халқаро бойкотлар йўқ. Шунга қарамай, кўплаб Ғарб раҳбарлари Сочига бормасликка қарор қилишган.
"Агар барча халқаро раҳбарлар Олимпиадада иштирок этишса ҳам ғалати-да", дейди Россия Давлат телеканали бошловчиси Владимир Соловьёв.
"Уларнинг бошқа қиладиган тузукроқ ишлари йўқми? Бу сиёсат ва сиёсатчиларга боғлиқ эмас. Бу спорт. Агар Президент Обама ўйинлар иштирокчиси, муз устида учиш бўйича беллашувчи бўлсаю Сочига келмаса, унда кўнгилни хира қилган бўлади", дея юпатади Соловьёв.
Жума куни Россия Телевизиони Владимир Путиннинг Сочи Олимпиадасига шахсий ҳиссаси борасида ҳужжатли филм намойиш қилади.
Жорий ҳафта эфирга узатилган трайлда Президент Олимпия қишлоқчаси учун жойни шахсан ўзи танлаганини билдирди.

Сурат манбаси, PA
Бу эса, менга 300 йил олдин ҳукумронлик қилган буюк Пётрни эслатди. У ҳам ўзининг янги пойтахти Санкт Петербург учун жойни ўзи танлаганди.
Шоҳ Пётрнинг Москвадан Санкт Петербургга кўчиши Россияни Оврўпога яқинлаштиришга уриниш эди. Янги шаҳар Ғарбга дарича сифатида кўрилган.
Президент Путин Сочи Ўйинлари "кўприклар ўрнатиш"га кўмак беради дея умид қилади. Аммо, спортчилар замонавий Россияни Ғарбга яқинлаштирадиган кўринишмайди.
"Путин ўзни асраб қолишга қаратилган доктринани ўзгартира олмайди", дейди Лилия Шевцова. Унинг айтишича, айни мана шу доктрина Россияни Ғарбдан узоқлаштириб турган нарса. "Сочи ҳеч нарсани ўзгартиролмайди", дейди Лилия Шевцова.
Мен Москва шимолидан бир неча чақиримгина узоқликда жойлашган Мытищи шаҳарчасига бордим. У ерда "Олимпийский проспект" деб номланган кўча бор. Бу ном кўчага 1980 йил берилган.
Шаҳардада одатдаги ҳаёт давом этмоқда - фаррошлар йўлакларни музлардан тозалашмоқда, юнгли палтоларга ўраниб олган маҳаллий одамлар эса, Совет даврида қурилган турар-жойларидан ишларига ва дўконларга шошилишади...
Мен уларнинг айримларидан Сочидаги можароларга қанчалар қизиқишлари ҳақида сўрадим.
"Мен Ўйинлар бошланишини сабрсизлик билан кутяпман, айниқса, ҳоккейни", дейди Виктор. "Уларга жуда кўп пул сарфланганини биламан... Аммо, балки бу арзийдиган ишдир", дея қўшимча қилади у.
"Мени коррупция ташвишга солаётгани йўқ", дейди Елена. "Мен кўпроқ спортчиларимиз қандай натижага эришишлари ҳақида қайғураяпман. Пуллар ўғирлангани ҳақида эшитавериб қулоғим ўрганиб кетган. Бу биз учун янгилик эмас", дейди у.
Президент Путин ўз олимпиадачилари хорижда баҳсу мунозараларни уйғотганидан хабардор. У кўплаб Ғарб раҳбарлари келмаётганини ҳам яхши билади.
Лекин, айни пайтда унга олимпиада пайти жуда кўп россияликлар ўз телевизорларига елимдек ёпишиб олишлари ва улар бу тантаналар учун қанча пул сарфлангани эмас, балки мамлакат спортчилари қанча совринни қўлга киритаётганлари юзасидан кўпроқ қайғуришлари ҳам маълум.












