Миср: ҳалокатли портлашларда полиция нишонга олинди

Портлаш учун масъулиятни ўз зиммасига "Ал Қоидага" алоқадор гуруҳ олган

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Портлаш учун масъулиятни ўз зиммасига "Ал Қоидага" алоқадор гуруҳ олган

Миср пойтахти Қоҳирада содир этилган учта портлашда камида беш нафар инсон ҳалок бўлди ва 70 нафардан кўпроқ инсон жароҳат олди.

Мухбирларнинг хабар беришларича, портлашларда асосий нишон полиция кучлари бўлган.

Биринчи кучли портлаш Қоҳира марказидаги Миср полицияси штаб-квартираси ўнгида юз берган.

Машинага ўрнатилган бомба портлашида тўрт нафар инсон ҳалок бўлган ва 51 нафар инсон яраланган.

Портлаш натижасида Қоҳира маркази тутунга беланган.

Шаҳар четида ҳам эшитилган портлаш ортидан отишма овозлари эшитилган.

Бир муддат ўтиб Миср пойтахтининг бошқа бир мавзесида - метро бекати ёнида яна бир бомба портлаган.

Полиция машиналари ўнгида юз берган ушбу портлашда бир киши ҳалок бўлган ва яна 15 нафар инсон жароҳат олган.

Иккинчи портлашдан кўп ўтмай машҳур Гиза эҳромлари яқинидаги полиция бўлинмаси ўнгида учинчи бор бомба портлаган - у ерда зиён кўрганлар йўқ.

Портлашлар Миср собиқ президенти Ҳусни Муборакни ағдаришга етаклаган мухолифат намойишларининг уч йиллиги арафасида содир этилган.

Полиция бўлинмаси ўнгида юз берган ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига "Байтул Муқаддас Ансорлари" (Ансор Байт ал-Мақдис) гуруҳи олган.

Ушбу гуруҳнинг "Ал-Қоида" тармоғига алоқадорлиги айтилади.

Уч йил ўтиб

Қоҳира марказидаги портлаш жойига кўплаб "тез ёрдам" машиналари етиб келишган.

Шифокорларга кўра, ярадорларнинг аксари аллақачон шифохоналарга ётқизилган.

Миср телевидениеси намойиш этган тасвирларда полиция бўлинмасига кучли шикаст етгани кўзга ташланади.

Портлаш оқибатида полиция бўлинмаси яқинида жойлашган Исломий музей ва миллий архив бинолари ҳам зиён кўрган.

Қоҳирадаги Би-би-си мухбирининг таъкидлашича, полиция штаб-квартираси шаҳарда энг кучли қўриқланувчи бинолардан бири ҳисобланади.

Ҳусни Муборакни ағдарган ғалаёнларнинг уч йиллиги арафасида Миср полицияси шай ҳолатга келтирилган.

Ушбу муносабат билан фаолияти тақиқланган "Мусулмон Биродарлари" ҳаракати ҳам оммавий намойишлар ўтказишни режалаштирмоқда.

"Мусулмон Биродарлари" ҳаракат раҳбари Муҳаммад Мурсийнинг ўтган йили президентликдан куч билан четлатилганидан ва тез орада Мисрда янги конституция кучга киришидан норози.

Янги конституцияга мувофиқ, янги сиёсий партиялар тузиш ва диний тамойилларга асосланган сиёсатни юритиш тақиқланади.