Миср: Араб баҳоридан бери иккинчи бор конституция ўзгартирилмоқда

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Мисрликлар ўта кучайтирилган хавфсизлик чоралари остида янги конституция учун овоз беришмоқда.

Мазкур референдум янги сайловларга йўл очиши мумкин.

Мисрликлар Ҳусни Муборакни ағдарган инқилобдан кейин иккинчи бор ўз конституцияларини ўзгартиришмоқда.

Бундан олдингиси Президент Муҳаммад Мурси армия тарафидан қудратдан олинишидан бир неча ойгина олдин тасдиқланганди.

Ҳарбийлик жаноб Мурси кетганини тасдиқлаб олиш учун "Ҳа" деган овозни қаттиқ истамоқда.

Муҳаммад Мурсининг ҳозир террорчи гуруҳ дея номланган "Мусулмон Биродарлари" овоз бериш жараёнларини бойкот қилмоқда ва зўравонликлар юз бериши эҳтимолидан хавотирлар бор.

Овоз бериш бошланганидан кўп ўтмай, Қоҳиранинг Имбаба мавзеидаги маҳкама биноси яқинида портлаш юз берган. Аммо, талофатлар борасида хабар қилинмайди.

Қоҳира жанубидаги Бани Суеф минтақасида юз берган аксил-референдум норозилик чиқишлари чоғи эса, бир инсон нобуд бўлган.

Хавфсизлик чоралари

Икки кунлик овоз бериш жараёнлари ўта кучайтирилган хавфсизлик чоралари остида ўтмоқда. Ички ишлар вазирлиги 200, 000 нафар полиция зобити, 150 хавфсизлик бўлинмаси ва 200та жанговор гуруҳ овоз бериш шаҳобчаларида жойлаштирилганини айтади.

Армия қўмондони Абдул Фаттоҳ Ал-Сисининг ўзи Қоҳира шимолидаги овоз бериш шаҳобчасига борган.

"Иш қийин. Референдумни бутунлай хавф-хатардан ҳоли ўтказишимиз керак", деб айтган у.

Би-би-сининг Қоҳирадаги мухбирига кўра, референдум учун кампания бирёқлама олиб борилган. Давлатга қарашли ва хусусий теле-радио каналларда фақат янги конституцияни маъқуллаган қарашлар акс этган.

"Йўқ" дейишни тарғиб қилганлар эса, ҳибс қилинган. "Демократик йўлда ўтказилаяптими ёки йўқ кўплар бу референдумни янги конституция учун овоз беришдан кўра кўпроқ маънони англатишини айтишмоқда. Уларга кўра, бу кўпроқ Муҳаммад Мурсининг қудратдан ағдарилишига чиқарилган ҳукмдир", дейди мухбиримиз.

Телетасвирларда Қоҳирадаги овоз бериш шаҳобчаларида узундан-узун навбатда турганлар акс этган.

Овоз берувчилардан бири Салоҳ Мустафо Би-би-сига: "Ўтган йилги ҳужжатга солиштирганда бунда кўпгина ҳақ-ҳуқуқлар белгиланган. Ўтган йил биз жуда булмағур конституцияга эга бўлгандик", дейди.

Бироқ, "Мусулмон Биродарлари"нинг сиёсий қаноти воизи Муҳаммад Соудан аксар одамлар референдумни бойкот қилишаётганини айтади.

"Бу биз ҳеч қандай янги қудратни тан олмаймиз деганидир", дея қўшимча қилади у.

Ички ишлар вазири Ҳазем Беблави референдумни Миср учун "энг муҳим палла" деб атаган.

Муваққат президент Адли Мансур: "Одамлар қоронғу терроризмга улар ҳеч нарсадан қўрқмасликларини исбот қилишлари керак", деб айтган.

Янги конституция

Янги конституция 50 аъзолик қўмита тарафидан ишлаб чиқилган. Қўмита таркибида эса, Исломий партиялардан бор-йўғи икки вакил иштирок этган.

Расмийлар янги конституция лойиҳасида кўпроқ ҳуқуқлар ва эркинликлар берилгани ва бу барқарорлик томон қўйиладиган энг муҳим қадам эканини таъкидлашади.

Янги конституцияга биноан:

*Президент икки 4 йиллик муддат қудратда бўлиши ва парламент тарафидан жазоланиши мумкин;

*Ислом давлат дини сифатида қолади, аммо эътиқод эркинлиги чекланмаган, озчиликларга муайян ҳимоялар белгиланган;

*Давлат "эркак ва аёл ўртасида тенглик"ни кафолатлайди;

*Партиялар "дин, ирқ, жинс ёки жўғрофий ҳолати"дан келиб чиқиб тузилмайди.

Танқидчилар янги конституция армия фойдасига хизмат қилиши, 2011 йил Ҳусни Муборакни қудратдан ағдарган инқилоб мақсадларини барбод этишини айтишади.

Конституцияда тинч фуқаро ишини ҳарбий маҳкамада кўриш изни сақлаб қолинган ва келаси 8 йил ичида Мудофаа вазирини тайинлаш ҳарбийлик назоратида қолдирилган.