Миср президенти Муҳаммад Мурсий устидан маҳкама тикланди

Пойтахт Қоҳирада ҳарбийлар ҳокимиятдан ағдарган Миср президенти Муҳаммад Мурсий устидан маҳкама қайта иш бошлаган.
Мухбирларга кўра, шу муносабат билан хавфсизлик чоралари кучайтирилган.
Маҳкамани Миср Миллий Полиция академияси биносида ўтказишга қарор қилинган.
15 айбланувчидан айримларини полиция академиясига тикучарда олиб келишган.
Муҳаммад Мурсий ва "Мусулмон биродарлар" ташкилотининг 14 аъзосини 2012 йил декабрида Қоҳирадаги президент саройи атрофида норозилик амалиёти ўтказган намойишчиларни ўлдиришда айбланаяптилар.
Ҳарбийлар дастагидаги Миср муваққат бошқаруви жаноб Мурсийга алоқадор яна икки жиноят иши очган ва ушбу жиноят ишлари бўйича ҳам алоҳида маҳкамалар ўтказишга қарор қилинган.
Жиноят ишларидан бирида Муҳаммад Мурсий "Ҳамас" ва "Ҳизбуллоҳ" хорижий ташкилотлари билан Миср ҳудудида террорчилик амалиётларига тил бириктириш ҳақида сўз боради.
Иккинчи жиноят ишига кўра, жаноб Мурсий собиқ президент Ҳусни Муборак бошқарувига қарши 2011 йил январида маҳбусларнинг қамоқдан қочишини ташкиллаштириш ва ўшанда 130 полициячи ўлимига алоқадорликда айбланмоқда.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Муҳаммад Мурсийга қарши илгари сурилган айрим айбловларни бемантиқ дея танқид қилганлар.
Мисрнинг 2012 йил ёзида қонуний сайланган президенти Муҳаммад Мурсий бошқарувининг бир йиллиги муносабати билан унга қарши норозилик намойишлари ташкил қилинган, ўтган йил июлида мамлакат ҳарбийлари уни ҳокимиятдан ағдариб ҳибсга олди.
Муҳаммад Мурсий тарафдорларининг уни лавозимига қайта тиклаш талаблари билан ташкил қилган норозилик амалиётлари қонли якунланди.
Бундай намойишлар ҳамон давом этаяпти, энг сўнггиси Мисрнинг кўплаб ҳудудларидаги 3 январдаги норозилик намойишлари бўлди, ўша куни камида 11 инсон ҳалок бўлгани хабар қилиинди.
Муҳаммад Мурсий ва яна 14 киши устидан маҳкама илк бор 4 ноябр куни бошланган эди.












