'Намойишлар Янги йил байрами тайёргарлигига халақит қилади'

Укранинадан келаётган хабарларга кўра, минглаб одамлар пойтахт Киевдаги Мустақиллик майдонига кириб боришган.
Темир панжаралар ўрнатилган майдонни қўриқлаётган милиция ходимлари жойларида бўлмаганлар.
Ҳаракат ташкилотчиларидан "Баткивщина" партияси вакилига кўра, намойишларда 500 мингдан ортиқ киши иштирок этмоқда.
Би-би-си мухбири хабар беришича, бир қанча намойишчилар Майдондаги янги йил арчасининг темир устунларига чиқиб, Украина ва Оврўпо Иттифоқи байроқларини ўрнатишган.
Шунингдек намойишчилар орасида ҳар хил бузғунчиликларга берилмаслик, тартибни сақлаш чақириқлари янграган.
Украина пойтахтида давом этаётган норозилик намойиши иштирокчилари Киев шаҳар ҳокимияти биносига киришди, деб хабар беради Би-би-си мухбири.
Унинг айтишича, шаҳар ҳокимияти томон тез ёрдам машиналари бормоқда, ҳавода аччиқ тутун ҳиди сезилади.
Номаълум одамлар бинодаги ойналарни синдиргани хабар қилинади. Намойишчилар бу бузғунчиларнинг иши эканини айтишган.
Ҳокимлик ичкарисидагилар бинодан исиниш ва ҳожатхонадан фойдаланиш учун кирганларини айтишган, дейди Би-би-си мухбири.
Охирги хабарларга қараганда, Украина Президенти маъмурияти биноси олдида тўпланганлар хавфсизлик кучларига қарата тошлар отган.
Янги йил боис тақиқ
Олдинроқ Киев маҳкамаси шаҳар марказида намойишлар ўтказишни тақиқлаб қарор чиқарган.
Украина расмийлари пойтахт Киев марказида намойишлар ўтказилиши тақиқланишини Янги йил яқинлашаётгани билан изоҳлашганди.
Киев маҳкамаси Киев шаҳар ҳокимлигининг аризасини қондириб, 2013 йил 1 декабрдан 2014 йил 7 январигача Украина пойтахтининг бир нечта жойида оммавий намойишлар ўтказишни тақиқлагани айтилганди.
Намойишлар хусусан Майдан Незалежности ва Оврўпо майдонида, президент маъмурияти, парламент, Ички Ишлар вазирлиги яқинида ҳам ўтказилмаслиги билдирилган.
Расмийларга кўра, Янги йил яқинлашаяпти ва норозилик намойишлари Янги йил арчасини ўрнатишга халақит қилади.
30 декабр куни Украина милицияси намойишчиларни куч билан тарқатган, камида 31 намойишчи ушлангани хабар қилинган.
Шанба куни Украина Президенти Виктор Янукович ва Бош вазир Николай Азаров намойиш куч билан тарқатилганидан дарғазаб бўлганларини айтганлар.
Президент Янукович Украина Бош прокуратурасидан шанба кунги вазиятни текшириш ва айбдорларни жазолашни талаб қилган.
Украина мухолифат вакиллари президентнинг самимийлигига шубҳа билдирганлар.
"Баткивщина" партияси раҳбари Арсений Яценюк “У ҳеч нарсани текшириши керак эмас, фақат ойнага ўзига қараши керак”, деб айтган.
“Мен хавфсизлик кучлари президент Януковичнинг буйруғисиз тинч фуқароларга қарши куч ишлатишига ишонмайман”, деб айтган мухолифатдаги "Зарба" партияси лидери Виталий Кличко.
Киев марказидаги майдондан намойишчиларнинг куч билан тарқатилишини бир неча Ғарб давлатлари, жумладан АҚШ қоралаб чиқди.












