Бирма шимолида янги динлараро зўравонликлар авж олган

Лашио шаҳридаги масжидга ўт қўйилган.
Сурат тагсўзи, Лашио шаҳридаги масжидга ўт қўйилган.

Энди Бирманинг шимоли-шарқида буддойилар билан мусулмонлар ўртасида зўравонликлар бошланиб кетгани ҳақидаги хавотирли хабарлар олинмоқда.

Мухбирлар Лашио шаҳридан келаётган хабарлар ҳамон узун-юлуқ эканини айтадилар.

Лашиолик маҳаллий аҳоли сўзларига кўра, масжид ва мусулмонларга тегишли дўконларга ўт қўйилган.

Буддавийлар билан мусулмонлар ўртасидаги яна мишмиш сабаб бўлган.

Одамлар орасида ёқилғи қуйиш шахобчасида бир мусулмон буддойи аёлнинг устига бензин қуйиб ўт қўйиб юборгани ҳақидаги овоза тарқалган.

Охирги ойларда Бирмадаги мусулмонлар билан буддойилар орасида қатор қонли низолар келиб чиқди, минглаб одамлар яшаб турган жойларини тарк этишга мажбур бўлдилар.

Айниқса, мусулмонлар ўзларининг ҳаётлари учун хатарли аҳвол юзага келганини айтмоқдалар.

"Франс Пресс" ахборот агентлигининг ўз номини ошкор этмаган расмийдан иқтибос келтиришича, "шаҳардаги айрим жойларга ўт қўйилган... ҳозир вазият назорат остида".

Бирма президентининг сўзчиси Е Хтутнинг Facebookдаги саҳифасида ёзишича, Лашио шаҳрида "икки диний бино ва айрим дўконларга ўт қўйилган".

"Диний биноларга шикаст етказиш ва диний низоларни келтириб чиқариш биз барпо этмоқчи бўлаётган демократик жамият мақсадига мос эмас. Ҳар қандай жиноий амалга нисбатан қонуний чора кўрилади", деб ёзган Бирма президенти воизи.

Март ойида Бирма марказидаги Мейтила шаҳрида мусулмон дўкон эгаси ва буддойи харидор ўртасидаги жанжалдан бошланган зўравонликлар камида 43 инсон умрига зомин бўлган эди.

Ҳалок бўлганларнинг аксари мусулмонлар эдилар.

Заргарлик дўкони эгаси ва Мейтила шаҳрида яшаган тўққиз мусулмон диний зўравонликларни келтириб чиқаришда айбдор деб топилиб, озодликдан маҳрум этилдилар.

Шу пайтгача Мейтиладаги қонли ҳодисалар учун бирорта ҳам буддавий жазога тортилгани йўқ.

Ўтган йилнинг охирида Рахине штатидаги этник зўравонликлар камида 200 инсон умрига зомин бўлган, БМТ 140 минг инсон яшаб келган жойларини ташлаб қочишга мажбур бўлгани ҳақида маълум қилган.

Уйларини ташлаб кетганлар ҳамон вақтинчалик чодир шаҳарчаларда яшаб келишаяпти.

Рахинеда яшаб келган Рохинга мусулмонларини Бирма расмийлари бу мамлакат фуқаролари деб тан олмайдилар.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Бирма расмийларини Рохинга мусулмонларини ўз жойларидан қувиб чиқаришда иштирок этганликда айблайдилар.