"Бирмада ҳукумат кучлари мусулмонларга қарши тўқнашувда буддавийларга кўмаклашган"

Бирма охирги диний зўравонликлар пайти аскарлар ва полициячилар буддавийларнинг тарафини олгани ҳақидаги хабарларни рад этган.

Мянма расмийлари БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг ўнлаб инсонларнинг ўлимига олиб келган буддавий оломоннинг мусулмон озчиликларга қарши ҳужумида маълум бир масъулият ҳукумат томонида эканлиги ҳақидаги гапини инкор қилган.

Бирма марказида буддавий кўпчилик билан мусулмон озчилик ўртасидаги зўравонликлар 40 дан ортиқ инсон ўлимига, 12 минг мусулмон уй-жойсиз қолишига олиб келган.

Ҳукумат айтишича, расмийлар диний ва фуқаровий фаоллар билан тинчликни ўрнатиш устида бирга ишламоқдалар.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакили Томас Кинтана Мянма ҳукуматидан ҳодисанинг келиб чиқишини синчиклаб ўрганишни талаб қилган.

Хабарларга кўра, буддавийлар мусулмонларга ташланганда хавфсизлик кучлари индамай қараб туришган.

Жаноб Кинтана ҳукуматни мусулмонларни ҳимоя қилишда кўпроқ иш қилишга чақирган.

Айни пайтда Мянма Ахборот вазири ўринбосари Ен Хтут БМТ вакилининг гапларини рад қилиб, " жаноб Кинтана миш-мишларга асосланиб вазиятга фикр билдирганлиги"дан афсусланган.

Унга кўра, бу каби шубҳалар ҳукумат, хавфсизлик хизмати, диний раҳбарлар ва фуқаролик ташкилотларининг вазиятни тартибга солиш борасидаги ҳаракатларига соя солади.

Давлатга қарашли Kyemon газетининг ёзишича, 20- мартда Мейтила шаҳрида бошланган зўравонликларда 43 киши ҳалок бўлган, 86 инсон жароҳат олган. Газета хабарида айтилишича, мамлакатнинг 15 жойида 163 та зўравонлик саҳналари содир этилган, 1355 бино вайрон этилган ва ёқиб юборилган.

Тўқнашувлар мусулмонларга қарашли олтин буюмлар сотиладиган дўконда мусулмон дўкондорлар ва буддавий мижозлар ўртасида келиб чиққани айтилганди.

Мейтила полициясининг аксарияти мусулмонларга қарашли уй, дўкон ва масжидлар ёқиб юборилганига қарши зарур чораларни кўрмагани, тартибсизликларни бостиришда уқувсизлиги қаттиқ танқид қилинган эди.

Бирмада буддавийлар ва мусулмон озчиликлар ўртасида қарама-қаршиликлар узоқ йиллардан буён бор бўлса ҳам, вазият ўтган йили кескин тус олган.

Мянманинг ғарбида Ракхайн буддавийлари ва Рохинга мусулмонлари ўртасидаги тўқнашувларда юзлаб одамлар ўлдирилган, 100 мингдан ошиқ инсон уй-жойсиз қолган эди.