'Мусулмонларнинг Рамазон ойида рўза тутишларига тўсиқлар қўйилмоқда'

Хитой маҳкамаси 20 уйғурни бўлгинчилик, миллий низоларни қўзғаш ва террорчилик фаолиятида айбдор деб топиб, 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш ҳақида қарор чиқарган.
Уч йил олдин Шинжон Уйғуристонида мусулмон уйғурлар билан хитойлик ханлар ўртасида қонли ҳодисалар рўй берган эди.
Уйғур фаоллари уйғурларга бўлаётган босимларга қарши чиққан минглаб инсонларни Хитой расмийлари тутқун этаётгани ҳақида хабар тарқатадилар.
Айни вақтда Лондондаги "Ҳизбу Таҳрир" партияси тарқатган баёнотга кўра, Шинжонда мусулмонларнинг Рамазон ойида рўза тутишларига тўсиқлар қўйилмоқда.
Би-би-сининг Хитой Хизмати бу хабарни ўрганишга муваффақ бўлган.
Аён бўлишича, ростдан ҳам Шинжон Уйғуристонидаги баъзи маҳаллий ташкилотлари, шу қаторда, Саноат ва Тижорат Федерацияси ўз аъзоларига мурожаат билан чиқишган.
Улар мамлакат бирлигини диний экстремизм ва миллий сепаратизм хавфидан озод этиш йўлида ўрнак бўлишга чақиришган.
Бу чақириқда, айниқса, Рамазон ойи давомида коммунистлар, расмий вакиллар, нафақахўрларнинг диний маросимларда қатнашмаслиги, ҳамда ўз оила аъзоларини "оқартиш" билан шуғулланишлари кераклиги таъкидланган.
Чақириқ "Тиёншон" ахборот агентлиги тарафидан интернетда нашр этилган.
"Шаче" партия қўмитаси ва маҳаллий ҳукумати қарорига кўра эса, Рамазон ойи вақтида диний барқарорликни сақлаш бўйича тўрт йўлда чоралар кўрилиши керак.
Биринчидан, диний оқимларга диққат оширилиши лозим.
Иккинчидан, диний ишларни бошқариш тизими кучайтирилиш керак.
Учинчидан, жавобгарлик ҳисси оширилиши лозим.
Тўртинчидан, навбатчи патруллар ишини йўлга қўйиш лозим, дейилган бу қарорда.
Кузатувчиларнинг фикрича, Шинжон Уйғуристонидаги мусулмонларнинг ўз диний анъаналарини сақлаши маҳаллий ва марказий маъмурларни хавотирга солмоқда.












