Қандай қилиб Эрон инқилоби муллоларни жамиятдаги қудратли шахсларга айлантирди?

Эроннинг Қум шаҳрида барпо этилган мақбара Ироқнинг Карбало шаҳридаги шиалар учун муқаддас Имом Ҳусайн масжидида ўрнатиш мақсадида қурилди
Сурат тагсўзи, Эроннинг Қум шаҳрида барпо этилган мақбара Ироқнинг Карбало шаҳридаги шиалар учун муқаддас Имом Ҳусайн масжидида ўрнатиш мақсадида қурилди
    • Author, Маҳдий Халажий
    • Role, Вашингтон институтининг Яқин Шарқ масалалари бўйича тадқиқотчиси

Эронда 1979 йилда диний ҳукумат барпо этилишига етаклаган Ислом иниқилоби ҳаммасидан ҳам кўра кўпроқ Ислом динининг ўзини тубдан ўзгартирди, ҳаётнинг барча жабҳаларида диннинг аҳамияти бениҳоя ошди.

Шу пайтгача фақатгина эронликларнинг миллий ўзлигининг таркибий қисмигина бўлиб келган дин қудратли ва барқарор сиёсий кучга айланди.

Дин инқилобдан улкан иқтисодий фойда ҳам ундира олди. Бундан Ислом инқилобига ашаддий қарши бўлганлардан ташқари ҳамма манфаатдор бўлди - ҳукумат аъзолари, руҳоний раҳбарият ва ҳатто оддий эронликлар ҳам.

Бошқарувчи ҳуқуқшунос, Худонинг банкири

Эроннинг Олий руҳоний раҳбари Оятуллоҳ ҳисобланади. У мамлакатда ҳар қандай сиёсий раҳбардан кўра қудратли шахсдир. Унинг қарори Эронда Ислом қонунлари ва конституциядан, бошқа оятуллоҳлар чиқарган қарорлардан юқори туради. Олий руҳоний раҳбар яширин имомнинг(шиа маҳзабининг муҳим белгиларидан бири) расмий вакили деб кўрилади ва у барча имтиёз ва ваколатлардан фойдаланишга ҳақлидир. Оятуллоҳнинг асосий вазифаларидан бири диний мулклар устидан, бизнеслар ва солиқларни назорат қилишдир.

Машҳаддаги Имом Ризо мақбараси
Сурат тагсўзи, Машҳаддаги Имом Ризо мақбараси

Бошқа исломий мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Эрон Олий руҳоний раҳбари тасарруфида юзлаб миллиард долларга баҳоланадиган ресурслар бор. Булар зироатчиликдан тортиб, бинолар, меҳмонхоналар, кутубхоналар, мактаб ва масжидлар, мақбара ва диний ўқув муассасалари – мадраса, университетлар, обсерватория ва турар-жой биноларидир.

Машҳад шаҳридаги Имом Ризо мақбараси(Остони Қудси Разавий) мамлакатдаги энг бой ташкилотлардан саналади. Эронда бундан ташқари имомнинг бошқа оила аъзолари хотирасига атаб барпо этилган юзлаб катта-кичик мақбаралар мавжуд.

Мамлакатдаги мана шу барча мулк учун масъул Эрон Хайрия жамғармаси ҳисобланади. Бу ташкилот раҳбари ва бошқа йирик мақбараларнинг назоратчилари бевосита олий руҳоний томонидан тайинланади.

Диний сайёҳлик, жумладан Саудия Арабистондаги Маккаю-Мадинага сафар, муқаддас Ҳаж зиёрати, шиа мусулмонлари учун муқаддас бўлган Ироқдаги тўрт шаҳарга, Суриядаги Зайнабия шаҳрига зиёратлар Ҳаж ва Зиёрат деб номланган ташкилот томонидан монополиялаштирилган. Бу ташкилотнинг раҳбарини ҳам Эрон Оятуллоҳи тайинлайди. Улар солиқ тўлашмайди, ҳукумат эмас, фақат Оятуллоҳ олдида ҳисоб беришади.

1979 йил инқилоби мамлакатда ҳукумат тизимига параллел алоҳида бюрократик тизимни ҳам пайдо бўлди. Бу мамлакатда мавжуд маҳкама тизимидан ташқари инқилобий маҳкама тизимидир.

Эрон жамиятида руҳонийларнинг ўрни 1979 йилги инқилобдан юксалди
Сурат тагсўзи, Эрон жамиятида руҳонийларнинг ўрни 1979 йилги инқилобдан юксалди

Худди шу гапни ҳарбий соҳага нисбатан ҳам айтиш мумкин. Ўшанда ташкил этилган Эрон Инқилоби қўриқчилари корпуси бугун ҳам фаолият юритади.

Мамлакатдаги энг бадавлат ташкилотларидан бири Хўрланганлар ва Мажруҳлар жамғармасидир. Бу ва бошқа жамғармалар, ўша пайтда тузилган бошқа инқилобий ташкилотлар ҳамон ҳукуматнинг алоҳида имтиёзларидан фойдаланиб келишади, улар тижоратнинг қатор муҳим соҳаларини буткул ўзлариники қилиб олганлар.

Эрон Инқилоби қўриқчилари корпуси мамлакат иқтисодиётининг учдан бирини назорат қилади. Яна қайд этиш керак юқорида номи тилга олинган ташкилотларнинг бирортаси ҳам ҳукуматга бўйсунмайдилар ва солиқлардан озод қилинганлар.

Бу рўйхатни фақатгина олий руҳоний раҳбарга бўйсунадиган телевидение ва радиолар тармоқлари билан давом эттириш мумкин. Шундай экан, олий руҳоний раҳбар унвонининг ўзи Эрон иқтисодининг ҳукумат назоратида бўлмаган салмоқли қисмига назоратни назарда тутади. Оятуллоҳ яширин имомнинг расмий вакили деб кўрилар экан, шунинг ўзиёқ унинг иқтисодий имтиёзларига қонунийликни таъмин этади. Бу маблағлар Худонинг пуллари экан, бошқараётган раҳбар унинг банкири ҳисобланади.

Тарихдаги энг бадавлат шиа руҳонийлари

Эрон инқилобигача мусулмон руҳонийлари жамиятнинг паст табақасига мансуб эдилар. Инқилобдан кейин уларнинг ҳаёти тубдан ўзгарди. Улар ижтимоий ва сиёсий саҳнада муҳим ўринга эга бўлдилар.

Халқаро Масжидлар куни деб номланган тадбирлар мунтазам ўтказилади
Сурат тагсўзи, Халқаро Масжидлар куни деб номланган тадбирлар мунтазам ўтказилади

Инқилобгача руҳонийлар асосан диний ўқув муассасаларининг талаба ва ўқитувчилари ҳисобланишарди. Уларнинг асосий вазифаси Ислом қонунларига риоя қилиш, никоҳ, таъзия ва бошқа маросимларни ўтказиш бўлган. Инқилоб уларнинг ҳокимият тизимига киришларига имкон берди.

Энди бугунга келиб давлатда шундай лавозимлар борки, уларни фақатгина оятуллоҳ эгаллаши мумкин. Булар - олий руҳоний раҳбар, Экспертлар кенгашининг аъзоси, Адлия тизими раҳбари, Қўриқчилар Кенгашининг олти аъзосидан бири, истиҳборот вазири ва бошқалар.

Мусулмон руҳонийлар намояндалари жамиятнинг барча соҳаларига кириб боришган. Қуролли кучларда олий руҳонийнинг ўз вакили бор. Улар барча ҳукумат идораларида, университет ва йирик корхоналарда мавжуд.

Улар ҳукумат маъмуриятининг, Мажлиснинг(парламент) ва ҳуқуқ-тартибот органларнинг аъзолари ҳисобланишади. Деярли барча ташкилот ва бўлимлар руҳонийларга маош тўлашади.

Ҳукумат ҳар йили шиалар учун муқаддас ҳисобланган, дунёдаги энг йирик ўқув масканлари жойлашган Қум ёки Машҳад шаҳарларига миллионлаб доллар маблағ сарфлайди. Сўнгги йилларда руҳонийлар тасарруфидаги иқтисодий ресурслар сезиларли ошди ва уларнинг иқтисодий манфаати фақат диний солиқлар билангина чегараланмайди.

Кўпгина руҳоний намояндалар, хоҳ юқори ёки қуйи табақа вакиллари бўлсинлар, ўзларининг хусусий ширкатларини тузишган, ишлаб чиқариш корхоналарини юргизадилар, маҳсулотларнинг импорти ва экспорти билан шуғулланишади. Ва буларнинг ҳаммаси Эронда руҳонийлар солиқдан ва мамлакатда мажбурий ҳисобланган ҳарбий хизматдан озод этилганининг натижасидир.

Дин - пул томон йўл сифатида

Руҳонийлар ихтиёрига тушадиган қоп-қоп хайрия пуллари солиққа тортилмайди
Сурат тагсўзи, Руҳонийлар ихтиёрига тушадиган қоп-қоп хайрия пуллари солиққа тортилмайди

Эронда исломчилар ҳокимиятга келганлари натижасида сиёсий ва иқтисодий қудратга эришганлар фақат руҳонийлар бўлмади.

Ўзини эътиқодли деб кўрсата олган исталган киши қудратни қўлга киритиши мумкин бўлди. Ҳукуматдаги иш ўринларига ёллаш ёки университетларга талаба қабул қилишда ҳукумат алоҳида "Саралаш Идора”ларини тузди.

У ёки бу лавозимга муносиб бўлган инсон ёки университетга кириш учун барча талабларга жавоб берган киши "Саралаш Идора"сининг саволларига жавоб беролмаса, улар жорий қилган қонунлардан ўтолмаса, ҳеч қандай лавозим ёки талабаликка эришолмайди.

Эронда ҳукумат идораларида кўтарилиш кишининг динга эътиқоди, уни омма олдида қанчалар намойиш қила олишига боғлиқ. Шунинг учун диндорлик, у ҳақиқий ёки сохта бўладими, узоқ қишлоқдами ёки муҳим пойтахт идорасида, мансаб пиллапояларидан кўтарилишга сабаб бўладиган асосий омилдир.

Аган сиз диний солиқни очиқчасига ҳукуматга қарши чиқмайдиган оятуллоҳга тўласангиз, сиз солиқдан озод этилишингиз мумкин. Қуръонни ёдлаш университет дипломини олишга ёрдам беради, ҳар қандай киши тўрт йил ўқишдан халос бўлади.

Динга эътиқод тижоратда муҳим мижозлар ва ҳамкорларнинг ишончига сабаб бўлади. Бугун Эронда ким динга эътиқод қилади, ёки дин қандай талқин этилади, бунинг аҳамияти йўқ. Бу мамлакатда диний бозор мавжуд ва унда кўп эронликлар иштирок этишмоқда.

Кимки ишонмаса, ниқобланишга мажбур, акс ҳолда, яшашнинг иложи йўқ.