Дунёни бошқарганлар ёки фитна назариячилари ақидаси ҳақида

Фитна назарияси

"Дунёни хуфия ташкилотлар бошқаради," – деган ақида кўп йиллардан буён мавжуд.

Фитна назариячилари дунёда юз берган барча фожеа ва инқирозлар учун - дунё молиявий инқирозидан тортиб, 11 сентябр ҳужумларигача - хуфия ташкилотларни айблашади.

Улар бундай хуфия ташкилотлар сирасига аъзолари сиёсат, банк, ҳарбий ва матбуот соҳаларида дунёда катта таъсир кучига эга бўлган "Билдерберг" ёки "Эркин Массонлар" каби ташкилотларни киритишади.

Бундай хавотирларга қисман мазкур ташкилотларнинг ёпиқ ё бўлмаса ярим ёпиқ ҳолда фаолият юритиши сабабдир.

Уларнинг йиғинларига жамоатчилик ёки матбуот вакиллари таклиф қилинмайди, анжуманларида кимларнинг иштирок этиши ошкор этилмайди, ўтказилган тадбирлар ҳақида маълумот берилмайди.

"Таймс" рўзномасининг шарҳловчиси Дэвид Аранович "Билдерберг" сингари гуруҳларга қарши ёвқараш беъманилик эканини айтади.

"Бу, бор-йўғи, бой ва қудратли шахслар вақти-вақти билан йиғилиб турадиган тушлик клуби, холос" – дея эътироз билдиради у.

"Билдерберг" клубининг муассисдоши Денис Хилей "норасмий учрашувлардан клуб аъзоларига амалий фойда," борлигини айтади.

"Билдерберг мен аъзо бўлган клубларнинг энг қудратлисидир," - дейди Денис Хилей. - "Учрашувларнинг сир тутилиши одамларга қўрқмасдан гапириш имконини беради."

Хавотирлар

Хўш, нима учун "Билдерберг" ёки "Эркин Массонлар" сингари ташкилотлар бунчалар катта хавотир уйғотади?

2009 йилда "Афсунгарлар Тарихи" номли китоб ёзган Дэвид Аранович янги дунё тартибини ўрнатиш ҳақидаги режа фитна назариячиларининг доимий фантазияси маҳсули эканини айтади.

"Уларда барча маҳаллий ва халқаро ҳодисалар кўп ҳолларда молиявий капитализм ва яҳудийлар манфаатига хизмат қиладиган хуфия кучлар томонидан содир этилади, деган ақидага ишониш истаги бор," – дейди Дэвид Аранович.

Оддий инсонлар ҳам баъзан бундай фитна назарияларига ишонишади.

Не саабдан инсонлар ўзларини 11-сентябр ҳужумлари АҚШ ҳукумати фитнаси эканига ишонтиришлари мумкинлигини ўрганишга ҳаракат қилган канадалик ёзувчи Жонатан Кэй Америкадаги фитна назариячилари билан бир неча йил давомида суҳбатлар уюштирган.

Канаданинг National Post рўзномасининг муҳаррири Жонатан Кэй ўз топилмаларини "Ҳақиқат излаганлар орасида ёки Америкада кўпайиб бораётган фитна назариячилари" номли китобига киритган.

Жонатан Кэй у билан суҳбатлашган фитна назариячиларининг ҳаммаси ҳам руҳий бемор эмаслигини айтади.

Жонатан Кэй: Мен уларнинг баъзиларидагина руҳий муаммолар бор, деб айтган бўлардим. Нари борса, бир ёки икки фоизида. Уларнинг аксари ўз сиёсий ва ижтимоий қарашларига эга. Улар давлат муассисаларига мутлақо ишонишмайди. Аксар фитна назариячилари қарашлари интернет ёки сиёсий ташвиқотлар таъсирида янада радикаллашган. Мен билан гаплашганларнинг деярли ҳаммаси руҳий жиҳатдан соппа-соғ эди.

Сиз ўз китобингизда, таъбир жоиз, “ҳақиқат излаганлар”га катта эътибор қаратгансиз. Уларнинг кўпи 11-сентябр ҳужумлари кўпчилик ўйлаганидай эмаслигига ишонишади, шундайми?

Жонатан Кэй: Ҳа. Аслида менинг китобим 11-сентябр ҳақиқатини излаганлар ҳақида бўлиши керак эди. Мазкур ҳужумларни Буш ҳукуматининг ўзи уюштирган, деган қарашлар бор. Аммо мен билан суҳбатлашганлар турли хилдаги фитна назарияларини илгари суришди. Хуллас, мени аниқлаганим шу бўлдики, бу инсонлар учун фитна назарияси аллақачон эътиқодга айланиб бўлган. Улар нафақат 11-сентябр ҳужумлари, балки бутун жамиятлар ҳақида фитна назариясига асосланиб, фикр юритишарди.

Би-би-си:Инсонларнинг ўта ғалати, ҳақиқатдан йироқ нарсаларга ишонишларига ундайдиган омиллар нима деб ўйлайсиз?

Жонатан Кэй: Мен, умумий қилиб айтганда, бунга "ишончсизлик" сабаб деб айтган бўлардим. Ҳукуматга, матбуотга, барча ижтимоий муассиса ва ташкилотларга, баъзи ҳолларда эса динга ҳам “ишончсизлик”. Бундан ташқари, менинг ўйлашимча, уларда ғояни далиллар билан солиштириш омили ҳам бор. Фитна назариячилари дунёни ўз дунёқарашлари қандай бўлса, шундай тасвирлашни исташади. Мисол учун 11-сентябр ҳужумларини олайлик ва фитна назариячисини ўта сўл қанот қарашлардаги шахс, деб тасаввур қилайлик. Бундай шахс барча ёмонлик Қўшма Штатлардан чиқади, деб ишонади. Аммо, Қўшма Штатларга қарши қаратилган 11-сентябр ҳужумлари унинг қарашларига зид эди. Чунки, воқелик унинг ғоясига қарама-қарши чиққанди. Ўшанда фитна назариячиси воқелик ва ғояни "яраштириш" йўлини топди.

Би-би-си:Фитна назариячиларининг аксари эркаклардан иборатми?

Жонатан Кэй: Ҳа, худди шундай. Баъзида фитна назариячилари орасида аёлларни ҳам учратасиз, аммо улар одатда фитна назариячиларининг турмуш ўртоқлари бўлишади. Фитна назариячилари шунингдек яширин қуроллар, махфий хизматчиларга кўп эътибор қаратишади.

Сиз фитна назариячилари фикрини ўзгартириб бўлмайди, деган хулосага келгансиз, шундайми?

Жонатан Кэй: Ҳа, худди шундай. Мен буни китобимнинг сўнгги бобида эътироф этганман. Икки ярим йиллик тадқиқотларимдан кейин мен фитна назариячилари билан бўлган бирорта ҳам баҳсда ғолиб чиқа олмаганимни тан олганман. Бу фитна назариячиларининг баҳс юритиш табиатига боғлиқ. Сиз уларга қарши далил келтирсангиз, улар сиз келтирган далилни "ҳазм қилиш" учун ўз тассавурларидаги фитна назариясини янада кенгайтиришади, холос. Шунинг учун мен ўз китобимда инсонларни фитна назарияларига берилиб кетмасликка чақирганман. Чунки, фитна назарияси домига тушгандан кейин у ердан чиқиш амри маҳол.

Фитна назарияларида “кичик ёвуз гуруҳлар” ҳақида кўп гапирилади. Бу гуруҳлар турли фитна назарияларида вақти-вақти билан пайдо бўлиб туришади, шундай эмасми?

Жонатан Кэй: Ҳа. Шунинг учун китобим бошида мен "Сиям донолари протоколи"га алоҳида бўлим ажратганман. Ушбу уйдирма протокол Биринчи Жаҳон Урушидан кейин Оврўпода жуда оммавийлашган эди. Мен фитна назариячиларининг дастур ул-амалига айланган мазкур протоколни бирма-бир, синчковлик билан таҳлил қилиб чиққанман. Лекин, айтиб ўтиш керак, замонавий фитна назарияларининг ҳаммаси ҳам аксил-семитизм руҳида эмас. Уларнинг кўпи бошқа гуруҳларга эътибор қаратишади. Бироқ фитна назариячилари қарашлари замирида "кичик гуруҳлар дунёда юз бераётган ҳодисаларни ва айниқса урушлар ҳамда молиявий бўҳронларни ўз манфаатларини кўзлаб, назорат этиб туришади," деган ғоя туради. Барча фитна назариялари мана шу ғояга асосланган. Бироқ, йиллар давомида фитна назариячилари фақат номларни ўзгартиришди. Мисол учун, "яҳудий" ўрнини "янги дунё тартиби" ёки "Ватикан" каби иборалар эгаллади. Фитна назариячилари орасида аксил-семит қарашдагилар ҳалиям бор, лекин улар озчиликни ташкил этишади.