"Фукусима" фалокати атом электр станцияларини қуришга оид баҳсу-мунозараларни авж олдирди

Сурат манбаси, AP

Япониянинг "Фукисима" ядровий иншоотидаги фалокат атом электр станцияларини қуришга оид баҳсу-мунозараларни янада авж олдирди.

Қатор давлатларда атом станциялари хафсизлиги бўйича текширувлар бошланган.

Олмония еттита АЭС фаолиятини вақтинча тўхтатди.

Ушбу манзарада Россия Туркия ва Беларусда янги атом электр станцияларини барпо этмоқчи.

Россиянинг янги атом станцияларини қуриш режаси атроф-муҳит ҳимоячиларининг хавотирларига сабаб бўлмоқда.

Жорий йилнинг март ойида Япониядаги "Фукусима-1" АЭСида юз берган фалокат қатор давлатларда тинч атом энергиясини ривожлантириш режаларини қайта кўриб чиқишга ундади. Оврупо Иттифоқи эса ўз ҳудудидаги 100 дан ортиқ атом станцияси хавфсизлигини текширишни бошлади.

Ҳозирги атом энергетикасига нисбатан ҳадик манзарасида Россия раҳбарияти хорижда янги атом электр стациялари қуришини билдирди. Россия Беларуснинг Литва чегарасига яқин ҳудудида, шунингдек Туркия жануби- Оқкую минтақасида атом станциялари қуриш бўйича келишувлар имзоланди.

Россия ядровий иншоот барпо этишда Туркияга кўмаклашмоқчи

Президент Дмитрий Медведев Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан бўлган учрашувда, янги атом станцияларнинг хафсизлик даражаси Япониядаги атом станциялардан фарқ қилишини таъкидлади.

"Оқкуюда амалга ошириши белгиланган лойиҳа Япония станцияларидан принципал тарзда фарқ қилади. Янгилиги ва ҳам ҳимоя даражаси бўйича. Шунинг учун Россия ҳатто Япония фожеасидан кейин ҳам атом станцияларидаги хавфсизлик чораларини қайта кўриб чиқмайди. Чунки бизда хавфсизлик чоралари етарли даражада. Оқкую лойиҳасида кўзда тутилган хавфсизлик принциплари ҳатто энг даҳшатли зилзилага ҳам бардош бера олади", деб айтди Президент Дмитрий Медведев.

Айни пайтда атроф-муҳит фаоллари Оқкую ҳудуди сейсмик фаол минтақадан атиги 25 чақирим узоқликда жойлашганига ишора этишади.

Москванинг хорижда янги атом станциялари қуриш режалари ташқи муҳит ҳимоячиларининг кескин танқидларига йўлиқмоқда.

Норвегияда жойлашган Халқаро "Беллуна" экологик ташкилотининг Санкт-Петербург бўлими эксперти Александр Никитинга кўра, расмийларнинг "Россия атом станциялари кучли зилзилага бардош бера олади" деган баёнотларига ишониш мушкул.

"Россия қураётган атом электр станциялари, жумладан Эроннинг Бушеҳр станцияси, расмийлар ҳисоб китоби бўйича 8 баллик зилзилага бардош бера олиши мумкин. Лекин амалда реакторларнинг неча балл ер силкинишига бардош бера олиши номаълум. Буни фақат зилзила юз берганидан сўнг аниқлаш мумкин", дейди эксперт Александр Никитин.

Россия АЭСи бошқа мамлакатлардагидан мустаҳкамроқми?

Москвадаги Энергетика ва хавфсизлик маркази директори Антон Хлопковнинг фикрича, Россия атом станциялари хавфсизлиги бўйича бошқа давлатлардан қолишмайди.

"Россия хорижда қураётган атом реакторлари "Фукусима" атом станциясидагидан кам фарқ қилади. Умуман олганда, Россия ва чет эл атом реакторлари технологияси бир-бирига ўхшаш ва улар енгил сувли реакторлардир. Шу боис асосий муаммо, менимча реакторлар конструкциясида эмас. Япония атом станцияларидаги реакторлар сифати жуда юқори бўлган. Асосий муаммо бу станция учун майдон танловидир, яъни атом станциясининг сейсмик фаол ҳудудда қуриш ё қурмасликдадир. Ана шу нуқтаи-назардан келиб чиқиб, Индонезия ва Малайзия каби давлатлар келажакда атом электр станциялари қуришдан воз кечишлари мумкин", дейди Антон Хлопков.

Расмий ҳисоб-китоблар бўйича фақат 2010 йилда Россия янги атом станцияларини қуриш учун 1,7 миллиард Евро ажратган. Россия АЭСлари сони ва қуввати бўйича АҚШ, Франция ва Япониядан кейин дунёда 4-ўринни эгаллайди.

"Беллуна" ташкилоти эксперти Александр Никитиннинг фикрича, Москва учун атом электр станцияларини барпо этиш биринчи навбатда катта бизнес саналади.

"Россия Туркия, Хитой ва Беларус каби қатор давлатларда атом станциялари қуриш тайёргарлиги учун катта маблағ сарфлаган. Россия ҳокимияти кўпроқ сарфланган пуллар тақдиридан қайғуради", дейди Александр Никитин.

Тинч атом тарафдорлари атом энергиясининг, бошқа манбаъларга қараганда ўта арзон ва атроф-муҳит учун зарарсиз эканлигини урғулашади. Ўзбекистон Фанлар Академияси қошидаги Ядро физикаси институти собиқ ходими Наубет Бисеновнинг фикрича, Япониядаги фожеага ўхшаш фалокатлар, тинч атом соҳаси ривожланишини тўхтата олмайди.

"Бошқа энергия манбаларига солиштирганда атом электр энергияси анча арзон. Мазут, газ ва кўмир нархлари, йил сайин ўсиб боради. Шу боис мазут, газ ва кўмирда ишлаётган станциялар чиқарган электр қуввати нархи, атом станциясига қараганда анча юқори. Бундан ташқари, атом станциялари атмосферага зарарли газларни тарқатмайди” дейди Наубет Бисенов. Айни вақтда Туркия қатори Қозоғистон ҳам Япония фожеасига қарамасдан, Каспий денгизи бўйи Актау шаҳри яқинида Россия ёрдамида атом станциясини қуриш қароридан қайтмаслигини билдирган.

Қозоғистоан дунёдаги иккинчи йирик уран заҳираларига эга давлат ҳисобланади. Мутахассислар ҳисоб-китоби бўйича дунёдаги уран заҳираларининг 15 фоиздан ортиқроғи Қозоғистонда жойлашган. Ўзбекистон эса уран ишлаб чиқариш бўйича дунёда еттинчи ўринни эгаллайди. Ўзбекистонда йилига қарийб 2,5 минг тонна уран ишлаб чиқарилади.