Тунисда муваққат президент бошбошдоқликка чек қўйишга ваъда берди

Тунис армияси

Тунисдаги сиёсий раҳбарлар оммавий норозиликлар ортидан президент Бен Али Саудия Арабистонига қочиб кетгач, мамлакатда юзага келган бўшлиқни тўлдиришга ҳаракат қилмоқдалар.

Муваққат ҳукумат янги ҳукумат тузиш ва янги сайловларга йўл очишга уринмоқда.

Тунис армияси зўравонликлар олдини олиш мақсадида йирик шаҳарларда назоратни кучайтирди.

Пойтахт Тунисда якшанбага ўтар кечаси отишма овозлари эшитилган.

Аммо якшанба эрталаб ҳаёт ўз изнига қайта бошлаган. Баъзи дўкон ва қаҳвахоналар очилган.

Мамлакатда муваққат президентлик вазифасини бажариш парламент спикери Фуад Мебезза зиммасига юклатилган.

Жаноб Мебезза миллий телевидениедан чиқиш қилиб, илк навбатда муваққат ҳукуматни тузиш вазифаси турганини айтди.

"Миллий бирдамлик ҳукуматини тузиш Тунис миллий манфаатига киради. Шунинг учун, мен бош вазир Муҳаммад Ғаннучидан янги ҳукумат номзодларини кўрсатишни сўрайман, деди Тунис муваққат президенти", деди муваққат президент.

Қасамёдга келтирилган жаноб Мебезза янги ҳукуматни тузиш бўйича музокаралар мухолифат дохил барча сиёсий партиялар билан олиб борилишини билдирди.

"Сиёсий жараёнда Туниснинг барча фуқаролари иштирок этишлари керак", - дея таъкидлади Фуад Мебезза.

Тунис конституциясига мувофиқ, янги президентлик сайлови 60 кун ичида бўлиб ўтиши зарур.

Мухолифат лидерларидан бири ҳукумат аъзолигига номзодларни танлаш бўйича музокаралар аллақачон бошлангани ва ҳозирда давом этаётганини тасдиқлади.

Ҳижратдаги Исломий партия раҳбари Рашид Ғаннуший келгуси ҳафталарда Тунисга қайтишини айтди.

Лондонда бўлган Рашид Ғаннуший коалицион ҳукуматга киришга тайёр экани, бироқ унга ҳеч ким бундай таклиф билан чиқмаганини маълум қилди.

Жаноб Ғаннуший унинг партияси демократик Исломий ҳаракат экани ва сиёсий ҳаракатларга қурол билан мудохила қилмаслигини таъкидлади.

"Тунис бугун инқироз ичида. Тунисликлар диктаторни йиқитишга муваффақ бўлишди, аммо у қолдирган меросни йўқ қилиш, мамлакатни ярим аср идора қилган бир партияли тизимни ағдариш учун ҳали кўп вақт керак бўлади", деди Исломий партия раҳбари Рашид Ғаннуший.

Тунис Жамоҳирияси-ми?

Ливия президенти Муаммар Қаддофий қўшни Тунисдаги вазият ҳақида фикр билдирган илк араб давлат раҳбари бўлди.

Полковник Муаммар Қаддофий тунисликларга "халқ демократиясининг ливияча моделини" танлашни таклиф этди.

"Бундай тизимда ҳукумат халққа тегишли бўлади", деди у.

Араб давлатларида ва интернетда аксарият Бен Алининг ағдарилганидан мамнун. Кўпчилик бошқа араб давлатларида ҳам ҳокимият ўзгаришига умид билдиради.

Тунис кўчаларида полиция ва намойишчилар ўртасида юз берган тўқнашувлар ва мамлакатдаги иккита қамоқхонада юз берган ёнғинда эликка яқин одам ҳалок бўлди.

Нарх-наволарнинг кўтарилиши ва ишсизликка қарши бошланган намойишлар ва оммавий тартибсизликлар натижасида мамлакатни 23 йилдан буён идора этган президент Зин Обидин Бен Али Саудия Арабистонига қочди.

Тунис кўчаларида эса оммавий талон-тарожлар бошланди.

Ҳозирда Тунисда коммендантлик соасти ўрнатилган, кўчалар қуролли аскарлар томонидан қўриқланмоқда.

Ўтган тунда пойтахт Тунис устидан вертолётлар учиб юрган, кўчаларда ўқ овозлари эшитилган.