Янгиликлар: Россияга қарши янги айбловлар - Россия яна нима қилди? Dunyo Islom dini Musulmonlar Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Хавфсизлик хизмати огоҳлантирди - нима гап?
Алоқадор мавзулар:
Илгин Карлидаг
Швеция
Швецияда Қуръон ёқиб юборилиши мамлакатнинг хориждаги обрўсига катта таъсир кўрсатди ва мамлакатдаги хавфсизлик вазияти ёмонлашишига олиб келди, дея огоҳлантирди Швеция хавфсизлик хизмати Sapo.
Кўп мусулмон давлатлари норозилик билдирди. Стокгольм полицияси китобларни ёқишга рухсат берганини билган намойишчилар яқинда Швециянинг Ироқдаги элчихонасига ўт ҳам қўйди.
Шведлар учун бу мураккаб масала, чунки 1766 йилдан буён амал қилиб келаётган тарихий ва асосий ҳуқуқ хавф остида қолган.
"Швеция дунёда сўз эркинлиги энг кучли ҳуқуқий кафолатланган давлатларидан бири", дейди Стокгольм университети ҳуқуқ факультети профессори Мартен Шульц.
Швеция 1970-йилларда куфрга оид қонунларини бекор қилган.
Унинг Конституцияси ҳар қандай мавзуда, жумладан, "диний ғояларни шубҳа остига қўядиган ёки диндорлар ҳақорат сифатида қабул қилиши мумкин бўлган фикрни билдириш" эркинлигини кафолатлайди.
Аммо унинг марказ-ўнг ҳукумати ҳозир Стокгольмда Қуръонни ёқишга рухсат берган қонунларга ўзгартириш киритиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Бунинг сабаби шуки, Швецияни "ҳужумлар учун бош нишон"га айлантириши мумкинлиги хавфи туфайли йил бошида полиция иккита режалаштирилган китоб ёқиш тадбирига рухсат бермаган эди.
Улар тақиқ учун асос сифатида Жамоат тартиби тўғрисидаги қонунни келтиришди.

Сурат манбаси, EPA-EFE/REX/SHUTTERSTOCK
Аммо кейин судлар полиция қарорини рад этиб, хавфсизлик хавотири режалаштирилган йиғилишларга рухсат бермаслик учун етарли эмаслигини таъкидлади.
Қонунга кўра, йиғилишлар жамоат хавфсизлигига хавф туғдирсагина тақиқланиши мумкин.
Танқидчиларнинг таъкидлашича, Швецияда Ҳолокостга жавобан 1949 йилдан бери амалда бўлган этник гуруҳларга қарши нафрат қўзғатишга қарши қонун бор.
Аммо экспертлар таъкидлашича, Қуръонни ёқиш одамлар ёки шахсларни эмас, балки китобни нишонга олгани учун бу қонун йиғилишларни тақиқлаш учун асос бўла олмайди.
"Эркин сўз ҳуқуқий маданиятимиз бир қисмидир", дейди профессор Шульц Би-би-сига. "Бу нафақат қонун, балки асосий қадриятдир".
Аммо бу қимматга тушади.
Судларнинг бундай намойишларига рухсат бериш қарори Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоғанни ғазаблантирди ва Швециянинг НАТО ҳарбий иттифоқига қўшилиш ташаббусини барбод қилишига оз қолди.

Сурат манбаси, AHMAD AL-RUBAYE/AFP VIA GETTY IMAGES
Швеция хавфсизлик хизматига кўра, китобларни ёқиш ва дезинформация кампаниялари Швеция имижини "бағрикенг мамлакатдан Ислом ва мусулмонларга душман давлатга" айлантирган.
"Хавфсизлик полицияси ҳозирда Швеция ва Швеция манфаатларига қарши доимий ҳужум таҳдидлари билан шуғулланмоқда", дейди Sapo Швецияда белгиланган беш даражали террор таҳдиди даражасини учинчи даражага кўтариб.
Ҳукумат Москвани дезинформацион кампания олиб боришда ҳам айблади.
"Биз бошқалар қатори, Швеция давлати турли муқаддас битикларни таҳқирлаш ортида тургани ҳақидаги ёлғон даъвони россияликлар фаол тарқатаётганини кўряпмиз", деди Бош вазир Ульф Кристерссон.
"Бу, албатта, мутлақо нотўғри."
Sapo мусулмонларга қарши ҳужумлар ва мусулмон болаларнинг ижтимоий хизматлар томонидан ўғирланиши Швецияда маъқуллангани ҳақида ҳам сохта хабарлар урчитилаётганини айтди.

Сурат манбаси, .
Швециялик марҳум рассом Ларс Вилкс 2007 йилда Муҳаммад пайғамбар(c.а.в.)ни итга ўхшатиб чизганидан бери Швециянинг сўз эркинлиги ҳақидаги либерал қонунлари бундай синовларга дуч келмаган.
Вилкснинг эскизи сабабли 2014 йилда Швециядаги, кейин эса қўшни Даниядаги уйига бир қатор ҳужумлар бўлди.
Даниялик ва швециялик ўта ўнг Расмус Палудан исмли фаолга январь ойида Туркиянинг Стокгольмдаги элчихонаси олдида Қуръонни ёқишга рухсат берилганида норозиликлар яна кўтарилди.
Швециядан фарқли ўлароқ, Данияда йиғилишлар учун рухсат талаб қилинмайди.
Худди шу манзарада "Даниялик ватанпарварлар" деб номланган ўта ўнг гуруҳ Копенгагендаги Ироқ элчихонаси олдида Қуръонни ёқиб юборди.
Куни-кеча БМТда бир қанча Европа давлатлари муқаддас китобларни ёқиш ҳақоратли ва ҳурматсизлик, аммо халқаро ҳуқуққа зид эмаслигини айтишди.
Туркия халқаро ҳамжамиятни "миллиардлаб мусулмонларни ҳақорат қиладиган бундай нафрат жиноятларига" қарши биргаликда чора кўришга чақирди.
Швециянинг марказ-сўл мухолифати ҳукуматни етакчилик кўрсатишга ва "Қуръон инқирози" номи билан машҳур бўлган воқеа юзасидан парламентни ўз режасидан бохабар қилишга чақирди.
Шведлар миллий, диний озчиликларга ҳурматли муносабати билан ажралиб турган. Халқаро норозиликлар мамлакатдаги ижтимоий фикрга таъсир ўтказа бошлаган кўринади.

Сурат манбаси, .
Жамоат телерадиокаомпанияси SVT ўтказган сўровларга кўра, шведларнинг аксарияти (53%) Қуръон ва Инжил каби муқаддас китоблар ёқилишини ёқламайди, 34 фоизи эса бунга рухсаб берилиши керак деб ҳисоблайди. 13 фоиз сўралганлар эса бу борада аниқ фикри йўқлигини айтган.
Аммо Ташқи ишлар вазирлигининг Қуръоннинг ёқилишини "исломофоблик" деб қоралагани сўз эркинлиги ҳимоясига туртки бўлди.
Баъзи шарҳловчилар бундай муносабатни "ўта ва жуда номақбул" деб ҳисоблашган.
Швециялик бир гуруҳ муаллифлар халқни куфр қонунларини қайта киритмасликка чақирди.
Дин инсон эмас ва уни танқид қилишга тоқат қилиш керак, гарчи бу диндорларни ҳақорат қилиш ва масхара қилишдан тубдан фарқ қилса ҳам, деб таъкидлайди улар.
"Диндор мусулмон бўлган шведлар, уларнинг эътиқоди масхара қилинса ва жамоа сифатида эътиборга олинмаса, бошқалар томонидан қўллаб-қувватланаётганини ҳис қилиш ҳуқуқига эга", дейди улар.
Швеция Ислом федерацияси мусулмон ташкилотларининг ҳукумат билан мулоқотга киришиш уринишлари беҳуда кетаётганидан шикоят қилган.
"Буларнинг барига аниқ жавоб беришингиз керак. Биз бунга жиддий қараймиз ва муаммони ҳал қиламиз дея дунёга сигнал беринг", дейди Маҳмуд Халфи.
Айни пайтда, Швеция бу инқирозни кучайтираётган давлат эмас, балки одамлар эканлигини тушунтириш учун қўлидан келганини қилмоқда.
Ҳукумат Эрон, Ироқ, Жазоир ва Ливан билан боғланиб, Швециянинг сўз эркинлиги қонунлари мураккаблигини тушунтиришга ҳаракат қилган.
Бироқ, Ташқи ишлар вазири Тобиас Билстромнинг сўзларига кўра, "тезда ҳал қилинадиган иш эмас бу".
25 июль 2023 йил
Янгиликлар: Туркия 'гаплашиб қўйди'ми, Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ҳам жим турмади - нима бўлди?

Сурат манбаси, Rasmiy/illyustrativ
Вазият хавфлими?
Туркия якшанба куни ҳам тинчимади.
Қуръони Карим ортиқ таҳқирланмайдими?
Туркия Ташқи ишлар вазири швециялик ҳамкасби билан "гаплашиб қўйган".
Расмий Анқаранинг телефон қўнғироғи ортидан, Швеция Бош вазири Данияникига сим қоққан.
Рейтер ахборот агентлигининг Туркия Ташқи ишлар вазирлигидаги манбасига таяниб хабар беришича, гап Ислом дини муқаддас китобини ортиқ таҳқирламаслик ҳақида кетган.
Хабарларга кўра, Ҳакан Фидан бундан буёғига Қуръони Каримга ҳеч ким ўт қўймаслиги учун Швециядан аниқ чоралар кўришларини сўраган.
Сўнгги бир неча ҳафтанинг ўзида Швеция ва Данияда Қуръон устма-уст таҳқирланган.
Ислом дини муқаддас китобига кетма-кет ўт қўйилиши ва унинг ошкора тепкиланиши мусулмон оламида кескин акс-садоларга сабаб бўлган.
Ўзбекистоннинг ортидан Қозоғистон ва Тожикистон ҳам бу ишни қаттиқ қоралаб чиққан.
Ўзбекистон бу ишга мамлакат президенти даражасида муносабат билдирган.

Сурат манбаси, .
Шавкат Мирзиёев ўзларининг турли миллат ва халқларнинг диний қадриятларига нисбатан ҳурматсизлик кўрсатишга мутлақо қарши эканликларини баён қилган.
"Ер юзидаги миллионлаб инсонларнинг дину диёнати, эзгу ҳиссиётларини ҳақорат қиладиган бундай ҳолатларга асло йўл қўйиб бўлмаслиги"ни таъкидлаган.
Ироқ пойтахти Бағдодда эса, ғазабнок намойишчилар ҳатто Швеция элчихонасига ўт қўйишгача боришган.
Мусулмонлар Қуръони Каримни Аллоҳнинг каломи сифатида кўришади.
Унга қасддан етказилган ҳар қандай зиён ва кўрсатилган ҳурматсизликни ўзлари учун ҳақорат сифатида қабул қилишади.
Воқеаларнинг бу каби ривожига расман ўзининг муносабатини билдирган биринчи минтақа давлати сифатида ўртага чиққан Ўзбекистон эса, энг йирик мусулмон постсовет мамлакати ҳам бўлади.
Туркия Ташқи ишлар вазирлигидаги манбанинг айтишича, Ҳакан Фидан ўзининг телефон суҳбати чоғида швециялик ҳамкасбига "сўз эркинлиги ниқоби остида бундай ёвуз ҳаракатларни давом эттиришга йўл қўйиб бўлмаслиги"ни таъкидлаган.
Расмий Анқара Қуръоннинг таҳқирланиши билан боғлиқ норозилик акцияларини изчил, фаол ва кескин қоралаб келаётган давлатларнинг олд сафларида бўлади.
Буёғи нима бўлди?

Сурат манбаси, Anadolu Agency
Хабарларга кўра, гап биргина Туркия ва Швеция Ташқи ишлар вазирларининг якшанба кунги телефон мулоқоти билан якун топмаган.
Худди шу куннинг ўзида Швеция Бош вазири Данияники билан гаплашиб олган.
Маълум бўлишича, томонлар вазиятнинг "хатарли" эканини эътироф этишган.
Дания Бош вазири, "бунга янада қатъийроқ қарши туришнинг чорасини кўришлари керак"лигини айтган.
Метте Фредериксен бу ҳақда ўзининг Instagram даги постида тўхталиб ўтган.
Бунинг ортидан олинган хабарларга кўра, Дания хавфсизлик ва дипломатик хавотирлар туфайли Қуръон ёки бошқа муқаддас диний матнларни ёқиш билан боғлиқ норозилик намойишларини тақиқлаш масаласини кўриб чиқишга киришган.
Дания Ташқи ишлар вазирлиги фикр эркинлигини ҳимоя қилиш муҳимлигини таъкидларкан, бунга ўхшаш акциялар экстремистларга қўл келиши ва хавфсизликка таҳдид солишини айтган.
Копенгаген баъзи ҳолатлар, жумладан, элчихоналар ташқарисидаги норозиликларга аралашиш учун қонуний воситалар топиш илинжида экани маълум бўлган.
Швеция Бош вазири ҳам ўзларида худди шундай жараён устида иш бошланганини билдирган.

Сурат манбаси, .
Қуръони Карим сўнггисида Ироқ элчихонаси ташқарисида таҳқирланган бўлса, бундан аввалги бир нечтаси учун танланган жой Туркия элчилиги бўлган.
Туркия ўзининг Стокгольмдаги элчихонаси яқинида уюштирилган бу каби норозилик акцияларига кескин муносабат билдирган, Швеция НАТОга киришга "ортиқ умид қилиб ўтирмаслиги" билан ҳам таҳдид қилган.
Швециянинг НАТОга кириш ҳақидаги аризасини бир йил кечиктириб, фақат куни-кеча маъқуллаган.
Туркия Ташқи ишлар вазирлигидаги манбанинг айтишича, вазирларнинг якшанба кунги телефон мулоқоти чоғида Швециянинг НАТОга аъзолиги масаласи ҳам муҳокама қилинган.
Воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида эса, Исломий Ҳамкорлик Ташкилоти Қуръони Каримни таҳқирлаш ва Муҳаммад (с.а.в) шахсини ҳақорат қилиш халқаро қонунлар билан тақиқланиши ҳамда жазоланиши кераклигини талаб қилиб чиққан.
Қозоғистон президенти эса, ўзининг Қуръони Каримнинг таҳқирланиши қораланган баёнотида бу борада БМТ Бош Ассамблеяси қаттиқроқ гапириши кераклигини таъкидлаган.
25 июль
Янгиликлар: Мусулмонлар энди Данияда Қуръон таҳқирланишидан ғазабдалар

Сурат манбаси, Reuters
Дания пойтахти Копенгагенда мусулмонларнинг муқаддас китоби ёқилгани яна бутун дунёдаги мусулмонларнинг ғазабини қўзғатди.
Бу ўзини "Дания ватанпарварлари" деб атайдиган ўнг қанот гуруҳ аъзоларининг сўнгги беш кун мобайнидаги Копенгагенда Қуръони Каримнинг иккинчи таҳқирлаш ҳодисаси бўлди.
Гуруҳ жума куни ўз қилмишини Фейсбукдаги саҳифасида жонли эфирда намойиш этган.
Алоқадор мавзулар:
- Қуръонга оёқ қўйилди, уёғи-чи?
- Россия Қуръонни таҳқирламайдими, Путин Қуръонни нима қилмоқчи, Бағдоддаги элчихонага босқин ва элчи изоҳ берсин... - янги тафсилотлар
- Ослода Қуръонни ёқиш режаси чиппакка чиқди - Туркия мушакларини барибир кўрсатиб қўйдими?
- Швеция: Қуръони Каримни ёқиш режасидан сўнг тартибсизликлар авж олди
24 июль куни Ислом динига қарши гуруҳнинг икки аъзоси Копенгаген шаҳридаги Ироқ элчихонаси қаршисида Қуръони Каримни оёқлари остига ташлаб тепкилаганлар, сўнг ерга ташланган Ироқ байроғи ёнидаги идишда муқаддас китобни ёққанлар.
Кўплаб мамлакатлар, сиёсатчилар, оммавий ахборот воситалари ушбу ҳодисадан ғазабларини изҳор этишаяпти, қоралаяптилар, расмийлардан чора кўришни талаб қилмоқдалар.
Дания Ташқи ишлар вазирлиги Твиттерда ҳодисани қоралаб баёнот берди.
"Дания жуда кам сонли шахслар томонидан бугунги Қуръон ёқилишини қоралайди. Ушбу провокацион ва шармандали ҳаракатлар Дания ҳукумати кўз қарашини акс эттирмайди. Барчани деэскалацияга чақирамиз - ҳеч қачон зўравонлик жавоб бўлмаслиги лозим", деб баёнот берди ташқи ишлар вазирлиги.
Туркия кескин баёнот берди.
"Муқаддас китобимизга қайта-қайта қилинаётган қабиҳ ҳужумларни қаттиқ қоралаймиз. Дания расмийлари ўзларининг халқаро мажбуриятларига мос иш тутишлари ва Ислом дини ва миллиардлаб мусулмонларга қарши нафратни келтириб чиқарадиган бундай ғазаблантируви амаллар олдини олиш чораларини кўришлари лозим", дейилади Туркия Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган ёзма баёнотда.
Ироқ Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда айтилишича, Копенгагендаги ҳодисага йўл қўйиб берилгани "экстремизм ва нафрат вируси тарқалиши"га олиб келади, "жамиятларнинг тинч ёнма-ён яшашига таҳдид пайдо қилади.
Бағдоддан олинган хабарларга кўра, ҳодисадан сўнг Даниянинг Ироқдаги элчихонаси олдида 1000 тача намойишчи тўпланган, улар элчилик биносига киришга ҳаракат қилганлар.
Намойишчиларни тарқатиш учун полиция кўздан ёш сиздирадиган газ қўллашига тўғри келган.
Бағдоднинг аксар элчихоналар жойлашган Яшил Ҳудудига олиб борадиган кўприклар ёпиб қўйилган.

Сурат манбаси, EPA
Ўтган ҳафта Швецияда Қуръони Карим ёқилиши ҳодисаси хабари тарқалганидан кейин катта сондаги оломон Бағдод шаҳридаги Швеция элчихонаси биносига бостириб кирганлар, элчихонага ўт қўйганлар.
Швециядаги Қуръон ёқилишини Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев "ёвуз ҳаракат", деб атаган ва кескин қоралаган.
Ўзбекистон президенти турли миллат ва халқларнинг диний қадриятларига нисбатан ҳурматсизлик кўрсатишга мутлақо қарши эканликларини баён қилган.
"Ер юзидаги миллионлаб инсонларнинг дину диёнати, эзгу ҳиссиётларини ҳақорат қиладиган бундай ҳолатларга асло йўл қўйиб бўлмаслиги"ни таъкидлаган.
Дания пойтахтидаги сўнгги ҳодисадан ғазабланган минглаб намойишчилар Яман пойтахти Санода юриш қилганлар, нега Дания ва Швеция ҳукуматлари бундай ҳаракатларга қўйиб бераяпти деган саволни бердилар.
Жазоир Ташқи ишлар вазирлигига Дания элчиси чақиртирилди ва ўзларининг норозилиги изҳор этилди.
Швециядаги ҳодисага Эрон ҳам норозилик билдирган.
Қатардан олинаётган хабарларга кўра, мамлакатнинг энг йирик бозори ҳисобланган "Суқ ал-Баладий" бозорида савдода бўлган неки Швеция товарлари бўлса олиб ташланган.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













