Янгиликлар: Россия Қуръонни таҳқирламайдими, Путин Қуръонни нима қилмоқчи, Бағдоддаги элчихонага босқин ва элчи изоҳ берсин... - янги тафсилотлар Rossiya Islom dini Dunyo Yangiliklar

Rossiya prezidenti

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Путиннинг Дербентга сафари Қурбон Ҳайити куни, аммо, Украина уруши фонида ва Пригожиннинг исёнидан қисқа вақт ўтмай амалга ошган

Воқеалар ривожланишда давом этмоқда. Путин имкониятдан фойдаланиб қолдими?

Алоқадор мавзулар

Элчихонага босқин

Svetsiyaning Bag'doddagi elchixonasi

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Оломон қудратли уламонинг даъвати билан Швециянинг Бағдоддаги элчихонаси ташқарисида тўпланган

Стокгольмда Қуръони Карим таҳқирланишидан кун ўтиб, Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига ўнлаб одам бостириб кирган.

Асли ироқлик Салван Момика чоршанба куни Швеция пойтахтидаги Жомеъ масжиди ташқарисида Қуръон нусхасига ўт қўйган.

Швед полициясининг розилиги билан амалга оширилган навбатдаги акция кўплаб мусулмон давлатларининг кескин танқидларига сабаб бўлган.

Украина уруши фонида НАТОга кириш қарорида бўлган яна бир Европа давлатидаги бу иш Россия президентининг ҳам эътиборидан четда қолмаган.

Оломон қудратли уламонинг даъвати билан Швециянинг Бағдоддаги элчихонаси ташқарисида тўпланган.

Уламо ироқликларни "ғазаб"ларини намойиш этишга чақирган.

Ўнлаб одам элчихона ҳовлисига бостириб киришган, у ерда 15 дақиқача бўлишган.

Сатҳга маҳаллий хавфсизлик кучлари сафарбар этилгач, улар элчихона ҳудудини тарк этишган.

Акс-садолар

Stokgolm

Сурат манбаси, EPA-EFE/REX/SHUTTERSTOCK

Сурат тагсўзи, Чоршанба куни одамлар Стокгольмда Қуръон нусхаси ёқилишига қаршилик кўрсатмоқчи бўлишганида, полиция аралашган

Қуръони Карим Ислом динининг муқаддас китоби саналади ва унинг бирор бир шаклда қасддан таҳқирланишига тоқат қилинмайди.

Мусулмонлар бу ишни ўзлари учун ўта ҳақорат сифатида қабул қилишади.

Қуръони Каримни таҳқирлашни ўз ичига олган Швеция пойтахтидаги сўнгги норозилик акцияси эса, Қурбон Ҳайитининг илк кунига тўғри келган.

Қурбон Ҳайити Исломда иккита энг муқаддас маросим ва байрамдан бири сифатида эътироф этилади.

Швеция полицияси эса, сўз эркинлиги тўғрисидаги қонун доирасида ўз норозилик акциясини ўтказиши учун Салван Момикага рухсат берган.

Аммо кейин полиция воқеа нафрат қўзғаш асосида текширилаётганини ҳам маълум қилган.

Turkiya prezidenti

Сурат манбаси, .

Қисман Қуръони Каримнинг таҳқирланиши юзасидан ҳам бундан аввал Швециянинг НАТОга киришини тўхтатиб қўйган Туркия бу гал ўз жавобини узоқ куттирмаган.

Президент Режеп Таййип Эрдоған "алал-оқибат такаббур ғарбликларга мусулмонларни ҳақорат қилиш фикр эркинлиги эмаслигини ўргатиб қўйишлари"ни айтган.

Туркия эса, дунёнинг НАТОга аъзо ягона мусулмон давлати бўлади.

У аъзо давлат сифатида Швециянинг НАТОга киришига вето қўйиш ҳуқуқига эга ва тегишли ҳужжатларни ҳали-ҳануз ратификация қилмаган.

Қатор Яқин Шарқ давлатлари, жумладан, Ироқ, Эрон, Саудия Арабистони ва Миср ҳам кескин танқидлар билан чиқишган.

Иордания ва Марокаш эса, норозиликларининг расмий ифодаси сифатида Швециядаги элчиларини чақириб олишган.

Марокаш ҳукумати эса, бунга қўшимча, Швециянинг Работдаги муваққат дипломатик вакилини ҳам ўз ҳузурларига чорлаган.

Bosh vazir

Сурат манбаси, .

Швеция Бош вазири Қуръоннинг ёқилиши "қонуний, аммо мақбул иш эмас"лигини айтган.

Сўнгги ойларда Қуръон нусхасига ўт қўйиш режалари Швецияда тартибсизларга ҳам сабаб бўлган.

Полиция яқинда худди шундай норозилик акцияларини ўтказиш учун берилган қатор аризаларни қайтарган.

Аммо судлар сўз эркинлиги заминида уларга рухсат берилиши лозим, деган тўхтамга келган.

Россия, Путин ва Қуръон

Қуръони Карим

Сурат манбаси, AFP

Қурбон Ҳайити ва Стокгольмда Қуръони Карим ёқилган куни Россия президенти Дербентдаги қадимий Жума масжидига ҳам ташриф буюрган.

Путин худди шу ерда ўзига ҳадя қилинган Қуръони Карим нусхасини кўксига босганча, бу муқаддас китобга кўрсатилган ҳурматсизлик ўз мамлакатида қонунан жиноят саналашини таъкидлаган.

"Бу мусулмонлар учун муқаддас ва бошқалар учун ҳам худди шундай. Аммо бошқа давлатларда ўзгача иш тутилиши - одамларнинг диний ҳис-туйғулари ҳурмат қилинмаслиги бизга маълум. Улар яна бунинг жиноят эмаслигини айтишади", - дея баён қилган Россия президенти.

Шундай деркан, Путин яна ўзларининг ҳар доим ушбу қонунчилик тартиб-қоидаларига риоя этажакларига ҳам ишонтирган.

Россия президенти бунинг ортидан бирдамлик масаласига хосан тўхталган.

Путин насронийлар ва мусулмонлар орасидаги ўзаро ҳурмат ва биродарона муносабатлар Россия халқининг бирдамлигини мустаҳкамлашини таъкидлаган.

"Аслида ҳам шундай - бу кўпмиллатли, турфа динли, аммо бирдам халқимизнинг бирлигина мустаҳкамлайди", дея сўзларида давом этган у.

Путиннинг Дербентга сафари Қурбон Ҳайити куни, аммо, Украина уруши фонида ва Пригожиннинг исёнидан қисқа вақт ўтмай амалга ошган.

"Вагнер" асосчиси ва раҳбарининг исёни ҳамда пойтахт Москвага юриши эса, жорий сиёсий элита сафларидаги бўлиниш далолати, деган талқинларга ҳам сабаб бўлмай қолмаганди.

Жума масжидида Путинга Қуръони Карим совға қилишганини унинг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам тасдиқлаган.

Россия президенти эса, ҳали масжидда экан, ҳадқ Кремлдан ўзининг "муносиб ўрни"ни топишини айтган.

Ўзини қарши олган Доғистон муфтийси ёрдамчисининг "бу сафарингиз сўнггиси бўлмасин", деган хайрлашув сўзларига эса, Путин кулганча, "ҳаракат қилиши"ни айтиб, жавоб қайтарган ва масжидга ташрифини худди шу нуқтада якунлаган.

Европа давлатлари, Европа Иттифоқи Россия босқинига қарши курашида Украинани ҳар томонлама қўллаб келаётган ва уруш боис, Россияга устма-уст санкциялар қўллаб келаётганларнинг олд сафларида бўлишади.

Қуръони Каримнинг ошкора таҳқирланиши билан боғлиқ Стокгольмдаги сўнгги воқеълик Ўзбекистон нашрларида ҳам кенг ёритилган.

Аксарият аҳолиси мусулмон минтақа давлатлари диний идораларининг бу хусусда бирор бир баёнот билан чиқишгани ҳалича кўзга ташланмаган.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek