Дин ва дунё: Туркия Қуръон ёқилиши, таҳқирланишини кескин қоралайди - Islom, Turkiya, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, EPA
Дин ва дунё: Туркия Қуръон ёқилиши, таҳқирланишини кескин қоралайди - Қуръон нусхаси бу гал Швецияда ёқилди. Ҳодисага Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ва Исломий ҳамкорлик ташкилоти расман муносабат билдирди, қоралади. Кун ўтиб, Норвегияда ҳам Қуръон таҳқирланди:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Бу амалга ўз норозиликларини билдириб, Туркия президенти, бошқарувдаги "Адолат ва Тикланиш" партияси матбуот воизлари ҳам твит қилишган.
Қуръон нусхасига ўтган жума, 28 август куни Швециянинг жанубий Мальмё шаҳрида ўт қўйилган.
Бу ишга Даниянинг ирқчи "Stram Kurs - Hard line ("Қаттиққўллар")" партияси раҳбари Расмус Палуданинг тарафдорлари қўл уришган.
Қуръон нусхасининг ёқилишига қарши бўлган намойишчилар жума куни полиция ходимлари билан тўқнашишган.
Хабарларда уларнинг сони қарийб 300 нафар бўлгани айтилган.
Зўравонликлар бир неча соат давом этган, намойишчилар машиналарга ўт қўйишган, дўконларнинг ташқи ойналарини синдиришган.
Полиция кучлари ўша куннинг ўзида вазиятни тинчитишган, бир неча кишини ҳибсга олишган.
Расмус Палуданинг ўзи Қуръон нусхасини ёқиш жараёнида ҳозир бўлмаган.
Жума куни эрталаб швед полицияси уни мамлакатга киритмаган, чегарадан ортга қайтарган.
Унга Швецияга кириши икки йилга тақиқлангани айтилган.
Аммо унинг тарафдорлари кўзлаган ишларидан ортга қайтишмаган, Қуръон нусхасини барибир ёқишган.
Расмус Палуда шу йил бошида Даниянинг ўзида бир ойга қамалиб ҳам чиққан.
У ирқчилик дохил қатор айбловларда айбланган.
Бунга ўта ўнг қанот ёки миллатчи сиёсатчининг партияси ижтимоий тармоқлардаги акаунтларида жойлаган Исломга қарши видеолари сабаб бўлган.

Сурат манбаси, EPA
Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ўзининг расмий баёнотида Қуръон нусхасини ёқиш амалини провакацияга тенглаштирган, уни кескин қоралашларини айтган.
Вазирлик, "бу - ҳамжиҳатлик, уйғунлик маданияти ва Европа қадриятларига берилган жиддий зарба" эканини айтган.
Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Қуръон нусхасини ёқиш фонида швециялик масъуллар томонидан кўрилган чораларни эътироф этган.
Аммо келажакда ҳам мамлакатдаги мусулмонларни қутқуга солишга уринмоқчи бўлганларга қарши барча лозим чораларни кўришга ундаб қолган.
Исломий ҳамкорлик ташкилоти ҳам ўзининг якшанба кунги баёнотида Швециядаги Қуръон нусхасини ёқиш ҳодисасини "иғвогорона амал", деб баҳолаган.
Бунинг, "экстремизм ва диний нафрат қўзғатишга қарши глобал миқёсда олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга зид" эканини айтган.
Исломий ҳамкорлик ташкилоти дунё бўйлаб исломофобия ҳолларини кузатиш ваколатига эга ташкилот саналади.
Бу ташкилот ҳам сўнгги ҳодиса манзарасида швециялик масъуллар томонидан кўрилган чораларни хуш қаршилаган.
Шунинг баробарида, ташкилот Швециядаги мусулмон жамоасини "зўравонликлардан тийилиш ва оғир-босиқлик"ка чақириб қолган.

Сурат манбаси, video
Швециядаги ҳодисадан кун ўтиб, Норвегиядан ҳам худди шунга ўхшаш хабар олинган.
Маълум бўлишича, пойтахт Ослода аксилисломий руҳдаги намойишчи Қуръон саҳифаларини йиртиб, уни таҳқирлаган.
Исломга қарши шанба кунги намойиш Норвегияда ҳам тўқнашувларга айланиб кетган.
Тадбир "Норвегиянинг исломийлашувига чек қўйинг" гуруҳи томонидан уюштирилган.
Юзлаб одамлар эса, уларга қарши намойишларга чиқишган.
Тўқнашувлар сабаб, масъуллар тадбирни эрта тўхтатиб қўйишган.
Полиция ўнлаб кишиларни ҳибсга олганига оид хабарлар олинган.
Туркия Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳодисани ҳам расман қоралаб чиққан, устма-уст пресс-релиз эълон қилган.
"Бу каби иғвогорона амаллар биргина мусулмонлар эмас, қонун устиворлиги ва демократик тизимларни ҳам нишонга олиши"ни айтган.
"Сўнгги йилларда, айниқса, Скандинавия давлатларида Муқаддас Китобга қарши бу каби амаллар кучайиб бораётгани"дан ўз афсус-надоматларини билдирган.
Норвегиялик масъуллардан келажакда бу каби амаллар такрорланмаслиги учун барча лозим чораларни кўришларини сўраб қолган.
Ҳозирча дунёнинг қолган йирик мусулмон ёки аксарият аҳолиси мусулмон давлатларидан бунга ўхшаш хабар олинмаган.
Қуръонни ёқиш тарафдорлари бундан аввал ўз амалларини "зўравонликни тарғиб этадиган Исломга қарши норозилик ифодаси" сифатида изоҳлашган.
"Исломнинг радикал унсурларига улар ҳаётларини назорат қилмасликларини кўрсатмоқчи" эканликларини иддао қилишган.
Худди шу манзарада агар муқаддас Қуръонга дахл қилинса, бу амал Ислом дунёси ва Ғарб ўртасидаги адоватни янада кучайтириб юбориши эҳтимолига оид жиддий хавотирлар ҳам йўқ эмас.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













