Янгиликлар: Украина уруши - Россия аста-секин енгмоқдами? Бахмут, Dunyo, yangiliklar

Ўқ дори озайганига қарамай, украин кучлари Бахмутни сақлаб турибди

Сурат манбаси, BBC/Goktay Koraltan

Сурат тагсўзи, Ўқ дори озайганига қарамай, украин кучлари Бахмутни сақлаб турибди
    • Author, Орла Герин
    • Role, BBC News, Бахмут
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

"Деворга яқин туринг. Тез юринг. Олдинма кетинг. Оз оздан."

Бизни қачонлардир ўзининг винолари билан машҳур бўлган, уруш кетаётган Бахмутдаги ҳарбий мавқеларга бошлаб бораётган ҳамроҳимиз қисқа, дона дона кўрсатмалар беради.

Украина президенти Володимир Зеленский бу шаҳарни "истеҳкомимиз" деб атайди. Рус қўшинлари ўтган олти ой давомида бу шаҳарни олишга уринди. Ҳозир улар ҳужумни кучайтирган, Украина томони ишонишича, босқиннинг бир йиллигидан олдин мудофаани ёриб ўтишмоқчи.

Биз муз қоплаган, вайрона кўчалар бўйлаб, буйруққа амал қилиб борар эканмиз, осмон рус дронлари учун қулай шаклда тиниқ ва мовий эди.

Биз йўлни кесиб ўтишимиз билан русларнинг иккита снаряди орқамизда, йўлнинг нариги четига келиб тушди. Орқага қараганимизда осмонга қоро тутун ўрлаётганди, олдинга қараб югуришда давом этдик.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Снаряд тасодифан тушдими ёки бизни нишонга олишдими? Буни аниқ билмаймиз, аммо Бахмутда қимирлаган жон борки - аскарми у ёки фуқаро - нишонга айланади.

Учиб келаётган снарядлар ҳам, учиб кетаётганлари ҳам соатларча тўхтамади. Русларнинг қирувчи учоғи тепада парвоз қиляпти. Энг яқин рус қўшини биздан икки километр нарида.

Айрим жойларда кўча жанглари давом этмоқда, совуқ ҳарорат ва ўқ дори озайганига қарамай, украин кучлари шаҳарни сақлаб турибди.

"Ўқ дориларда етишмовчиликлар бор, айниқса, артиллерияда", дейди 93 механизациялашган бригададан капитан Михайло. Унинг чақирув белгиси "Полиглот". "Бизга яна Ғарбдаги иттифоқчиларимиздан шифрланган алоқа қурилмалари, зирҳли одам ташувчи транспортлар керак. Аммо биз бир амаллаяпмиз. Бу урушдаги муҳим дарс чекланган ресурслар билан қандай урушиш бўляпти."

Украин қўшинлари рус позицияларини 60 мм.ли миномётлардан нишонга олаётганини кўрганимизда ўқ дори муаммосини тушундик. Биринчи миномёт баланд овоз чиқариб нишонга томон учади, иккинчиси эса отилмай қолади.

Тутун кўтарилиб, миномёт хато кетгани ҳақида овоз янграйди ю, миномётчилар дарров кўздан яширинишга уринади. Уларнинг айтишича, ўқ дорилар четдан юборилган ва эскирган.

Бахмут учун кураш уруш ичидаги урушдир. Энг шиддатли жанглари шу ерда бўлган. Ва энди Кремль кучлари метрма метр илгариламоқда. Бу ерга жанг қилиш учун машҳур «Вагнер» гуруҳининг ёлланма аскарлари юборилган. Русларнинг жасадлари тўлиб кетган майдонлар ҳақида хабарлар бор.

Ҳозир Москва шаҳарга олиб борувчи иккала асосий йўл устидан назорат ўрнатган, орқага фақат битта йўл қолган - тор таъминот линияси.

"Улар июль ойидан бери шаҳарни эгаллашга ҳаракат қилмоқда, - дейди 93-бригаданинг матбуот атташеси Ирина. - Аста-секин улар ғалаба қозонишмоқда. Уларда кўпроқ ресурс бор, шунинг учун улар узоқ ўйинда ғалаба қозонади. Аммо бу қанча чўзилишини айта олмайман".

"Эҳтимол, уларнинг ресурслари тугаб қолар. Шунга умид қиламан".

Биз астойдил камуфляжланган ўқ отиш нуқталаридан ўтиб, генераторлар гувиллаб ишлаб турган, печка билан иситиладиган бункерларга борамиз. Аммо қўшинлар жойлари ошкор бўлиб қолмаслиги учун ҳар қандай тутун чиқиши олдини олишга уринишади, бу урушдаги кундалик юмуш. Биз учратганлар одамда урушни давом эттириш учун хотиржам қатъият бор эди.

"Улар шаҳарни ташлаб чиқишга мажбурлаш учун бизни ўраб олишга уринмоқда, аммо бу иш бермаяпти, - дейди қиёфасидан қатъияти зоҳир бўлиб турган командир Ихор. - Шаҳар назорат остида. Тўхтовсиз артиллерия бомбардимонига қарамай, транспорт ҳаракатланмоқда. Албатта, биз томонда йўқотишлар бор, лекин барибир ушлаб турамиз. Бизда фақат битта йўл бор - ғалаба сари бориш".

Ihor, a Ukrainian soldier
BBC
We only have one option - to keep going to victory
Ihor
Ukrainian soldier in Bakhmut

Яна бир вариант бор - кеч бўлмасдан Бахмутни тарк этиш. Аммо ҳимоячиларда бундай қилишга хоҳиш йўқ. "Агар бизда штабдан шундай буйруқ бўлса, майли, буйруқ - бу буйруқ, - дейди капитан Михаило. - Агар бу шаҳардан шундоқ ҳам чекинадиган бўлсак, ойларча бу ерда жанг қилишдан нима маъно бор? Йўқ, биз бундай қилишни истамаймиз".

У Бахмут учун жон фидо қилганларни эслайди - "улар ватанини шунчаки севадиган жасур эркаклар".

Агар Бахмут ҳимоячилари чекинса, бу Россияга Украина шарқидаги Краматорск ва Словянск каби йирик шаҳарларига юришига йўл очади.

Москва шарқ ва жанубдаги бошқа ҳудудларда ҳам ҳужумларини кучайтирди. Украина расмийларининг айтишича, Россиянинг янги ҳужуми аллақачон бошланган.

Кремлда соат миллари 24 февраль - босқин бошланганининг бир йиллигига томон ҳаракатланмоқда. "Улар турли саналар ва "ғалаба кунлари" деса ақлдан озишади», дейди капитан Михайло.

Баланд бўйли, озғин украиналик командир Викторнинг айтишича, Бахмут учун кураш русларни чарчатиши мумкин.

"Улар ҳозир ҳимояланишмаяпти, - дейди у, - фақат ҳужум қилишмоқда. Улар бир неча метр учун курашиб ётишибди, лекин биз имкон қадар еримизни асраб қоламиз."

Балки.

Бахмутда ҳали ҳаёт бор, агар уни қаердан топишни билсангиз.

Хайрия қилинган озиқ-овқат қутилари ёнидан ва "енгилмас хаб" эшигидан ўтаётганингизда иссиқлик ва ёруғликни сезасиз. Бу бокс клуби ҳаёт оқимини ушлаб турадиган тизимга айланган, бу ерда маҳаллий аҳоли ўз телефонларини қувватлантиришлари, иссиқ овқат олишлари ва мулоқот қилишлари мумкин.

Бахмутда 5000 га яқин тинч аҳоли сув ва электр энергиясисиз қолган

Сурат манбаси, BBC/Goktay Koraltan

Сурат тагсўзи, Бахмутда 5000 га яқин тинч аҳоли сув ва электр энергиясисиз қолган

Биз етиб келганимизда, печка атрофида кекса аёллар ўтирганди, икки бола бокс рингида ўтирганча телевизор экранига тикилиб, жанговар ўйин ўйнаётган эди.

Бахмутда 5000 га яқин тинч аҳоли сув ва электр энергиясисиз қолган, уларнинг аксарияти кексалар ва камбағаллар. "Баъзилар Москва тарафдори. Улар русларни кутмоқда", деб ғўлдиради украиналик ҳамкасбим.

Бу ерда ҳамма ўзига яраша кураш олиб боради, дейди марказда укаларига ғамхўрлик қилаётган 23 ёшли психолог Татьяна. У ҳали ҳам Бахмутда, чунки 86 ёшли бувиси қимирлай олмайди, унга қараши керак.

"Кўпчилик дуо қилиш билан чекланади, - дейди у. - Имон ёрдам беради. Баъзилар инсонлигини унутади. Баъзилар тажовузкор. Улар ўзини ҳайвондан ҳам ёмонроқ тута бошлайди."

Ташқарида бу вайрона шаҳар учун кураш давом этмоқда ва биз кетаётганда артиллерия овози дўмбирадек янграб турарди.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002