Ўзбекистон: Журналист Анора Содиқова нима учун ишдан кетди? O'zbekiston

Сурат манбаси, Anora Sodiqova
Сардоба фожиаси, қўшиқчи Юлдуз Усмонова ва ички ишлар органлари ўртасида юзага келган низо, 9 май Хотира ва қадрлаш куними ёки Ғалаба байрами каби мавзулар охирги кунларда ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментида қизғин баҳсларга сабаб бўлди. Журналист Анора Содиқованинг "босим остида" ишдан кетгани тўғрисидаги хабар ҳам а ижтимоий тармоқда шов-шувлар марказига чиқди.
Ўткир мавзуларни кўтариб чиқа олгани билан танилган журналист Анора Содиқова ўз меҳнат жойи - Ўзбекистон миллий ахборот агентлигидан ишдан кетказилгани тўғрисида ижтимоий тармоқда ёзиб қолдирган.
Агентлик раҳбарияти Би-би-сига журналистни ишдан бўшатиш бўйича юқоридан ҳеч қандай босим бўлмагани ёки у ишдан ҳайдалмагани, балки Содиқова ўз хоҳиши билан ишдан бўшаганини маълум қилди.
Анора Содиқова ўзининг Facebook саҳифасида ёзишича, у узоқ йиллар давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлаган ва матбуот ҳамда маданият соҳаларини назорат қилиб келган Хайриддин Султоновнинг босимига учраб, ишдан кетказилган.
"Қанча журналистлар хорижда саргардон уларга мен ҳам қўшилайми, йўқ. Қанча ёзувчи, қанча қаламкашнинг уйини куйдирдингиз, эндилар бас қилгандир, деб ўйлаб юрганди, бу бечора мазлум зиёлилар. Яна бошландими?..
Анора Содиқова дуч келган ҳолат ўзбекистонлик бир неча зиёлилар, сиёсатчилар ва журналистлар томонидан матбуот ва сўз эркинлигига таҳдид ўлароқ қабул қилинмоқда.
Хусусан, Олий Мажлис депутати Расул Кушербоев Анора Содиқовани жасур ва қатъиятли журналист деб билишини ёзди.
«У ўзининг ҳаловати деб ҳақиқатдан кўз юммайди, тилёғламалик қилмайди. Аслида журналистда шундай ҳислат бўлиши керак. Қолганини билмадим. Мен Ўзбекистонда у каби қўрқмас журналистлар борлигидан фахрланаман».
Би-би-си журналист ҳақиқатан босимга учрадими, унинг ишдан кетиши ортида Хайриддин Султонов турганига қандай асослар мавжуд каби саволларга ойдинлик киритиш мақсадида Содиқованинг ўзи билан суҳбатлашишга қарор қилди.
"Бу усулни ким қўллашини ҳамма яхши билади"

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Анора Содиқова ижтимоий тармоқда ёзиб қолдирган фикрлари «юқоридагилар»га ёқмагани ортидан ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзишга мажбурланганини даъво қилади.
У "юқоридан қўнғироқлар" таъқибига ўтган йилнинг декабрь ойидан учраганини айтади.
Журналистнинг Би-би-сига маълум қилишича, у 2019 йил декабрь ойида Хайриддин Султоновнинг Абдулла Қодирий уй музейи очилиши маросимида нутқ сўзлаши ортидан Фейсбукда мулозимга нисбатан танқидий руҳдаги фикрларни қолдирган.
Содиқова шахсан ўзи Султоновни музей очиш масаласини пайсалга солган, дея ҳисоблашини айтади.
"30 йилдан бери музей масаласини чўзиб юрган, амалга оширишга шошилмаган Хайриддин Султоновнинг тантанавор маъруза ўқишини кўриб йиғлаяпман…", деб ёзган журналист ўзининг декабрь ойидаги постида.
Содиқова шундан сўнг ўзига «юқоридан» кўплаб қўнғироқлар бўлгани ҳақида сўзлайди.
"Пост ёзилган куни тўхтовсиз қўнғироқ қилишди. Постни олиб ташланг, бироз ўзгартиринг, дейишди. Мен ундай қилмадим. Кейин менга ўзингизнинг номингиздан эълон қилинг, дея Султоновнинг маросимда сўзлаган маърузасини юборишди. Постимни олиб ташламадим, нутқни эълон ҳам қилмадим".
Сардоба фожиасидан сўнг уйи сув остида қолган инсонлар билан қилган суҳбати тўғрисида ижтимоий тармоқда яна ўз фикрларини қолдирган Содиқова навбатдаги "босимларга учрагани"ни айтади.
У бу сафарги постида уйсиз қолган бир вақтда, фарзандларига берилган "шакар чой" учун президентга раҳмат айтган сардобаликлар борасидаги мулоҳазалари акс этганини билдиради.
Содиқованинг таъкидлашича, «юқоридагилар» унинг янги постини президент шахсини танқид қилиш ўлароқ қабул қилган.
"Босим бўлди тепадан - бу сафар постимни олиб ташладим, лекин шунга қарамай, менга сизни бўшатишга мажбурмиз, деб айтишди. Тепадан буйруқ бўлди, сизни бўшатишни истамасдик, лекин шунга мажбур бўлдик, дейишди", сўзлайди журналист.
"Узоқ йиллар давомида ёзилган фикрларни президентга, давлатга қарши, дея нотўғри талқин қилиб, одамларни ишдан бўшатиб юбориш усулини ким қўллаб келгани ва ОАВни ким назорат қилиб келганини, менимча ҳамма яхши билади".
"Бундан ташқари бошқа манбаларим ҳам бор, лекин уларни очиқламасликни маъқул кўрган бўлар эдим", дейди журналист.
"100 йиллик" амалдорлар
Анора Содиқова Шавкат Мирзиёев қудратга келгандан сўнг мамлакатдаги матбуот билан боғлиқ вазият анчайин яхшилангани, сўз эркинлиги таъминлана бошланганини билдиради.
Бироқ унинг фикрича, юқори даражали мулозимлар ичида ҳамон эски назоратни ўз қўлида сақлаб қолишни истаётганлар топилади.
"Ўзи истамаган ахборот чиқиб кетганда, ундан эски усулларда қутилишга интилаётган, ўтмишни қўмсаётган амалдорлар ҳали ҳам учраб турибди".
Журналист давлат сиёсати очиқлик сари кетаётганини таъкидлайди, аммо ҳамма ҳам бу очиқликка кўника олмаётганини қўшимча қилади.
"Бу сиёсатга эски даврни қўмсаган "100 йиллик" амалдорлар тўсқинлик қилишяпти", сўзлайди у.
"Журналистлар жим турмаслиги керак"
Анора Содиқова ўзининг ишдан кетказилганига жамоатчилик эътиборини жалб этишдан мақсад журналистларга бўлаётган босимларни тўхтатишга эришиш эканини таъкидлайди.
"Бу постни ёзганимдан кейин жуда кўп одам мени қўллаб-қувватлади, лекин кетсанг кетавермайсанми, нима қиласан шов-шув кўтариб, деганлар ҳам бўлди".
"Менинг мақсадим шов-шув кўтариб, четга чиқиб кетиш эмас. Четда яшаганман, имконим ҳам бўлган кетишга. Бироқ Ўзбекистондан кетиш ниятим йўқ. Шу ерда журналистик фаолиятимни давом эттиришни хоҳлайман. Фақат журналистларни босим билан ишдан бўшатиш одатининг тўхтатилишини истайман. Фақат шу мақсадим", дейди Содиқова.
Унинг фикрича, журналистлар ислоҳотларни ўтказиш, очиқ муҳит яратишни амалдорлардан сўраш билан чекланмай, ўз ҳуқуқини ҳам талаб қилишни ўрганиши лозим.
Хайриддин Султонов ким?
Бир вақтнинг ўзида change.org платформасида Хайриддин Султоновнинг истеъфоси талаб этилган петиция эълон қилинган.
Петицияда Султонов ҳукуматнинг 27 йиллик бош цензори ўлароқ тасвирланади ва у қалам аҳлига нисбатан "репрессив сиёсат" юритиб келганликда айбланади.
Айримлар Ўзбекистонда петиция очилмаётганидан шикоят қилишган.
Ислом Каримов даврида матбуот ва маданият соҳасини назорат қилган Султонов 2018 йилда президент аппаратида амалга оширилган ўзгаришлар ортидан айни соҳа раҳбарлигидан четлатилган, аммо президент маслаҳатчиси ва спичрайтери лавозимини сақлаб қолган эди.
64 яшар Султонов сиёсий даврага кирмасидан аввал бир неча бадиий асарлар муаллифи сифатида танилган.
Ziyouz.uz сайтидан: Хайриддин Султонов 1956 йил 15 январда Тошкент вилояти Қибрай туманининг Тузел қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1978). «Қуёш барчага баробар» (1980), «Бир оқшом эртаги» (1983), «Онамнинг юрти» (1987), «Умр эса ўтмоқда» (1988), «Бобурнинг тушлари» (1992), «Бобурийнома» (1997), «Саодат соҳили» (2005) каби насрий китоблари нашр этилган. «Чангак», «Мозийдан бир саҳифа», «Меҳробдан чаён» каби видеофилмлар ҳамда «Тушларимда кўриб йиғлайман», «Ёзнинг ёлғиз ёдгори» сценарийлари асосида бадиий филмлар суратга олинган. «Сарҳовузнинг бўйларида» (1992) номли драмаси ҳам бор.А. Сент-Экзюпери, И. Нагибин, В. Шукшин каби адибларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. «Шуҳрат» медали (1996), «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган (2003).
Би-би-си журналист Анора Содиқова дохил яна бир неча зиёлиларнинг даъволарига доир изоҳ олиш учун Хайриддин Султонов ва Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги билан боғланишга ҳаракат қилди.
Би-би-сининг президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов билан боғланиш ҳаракатлари эса ҳозирча натижа бергани йўқ.
Ўзбекистон ахборот агентлиги раҳбарияти журналистни ишдан бўшатиш бўйича юқоридан ҳеч қандай босим бўлмагани ёки у ишдан ҳайдалмагани, балки Содиқова ўз хоҳиши билан ишдан бўшаганини маълум қилди.
Би-би-си айни масалада барча томонларнинг фикр ва мулоҳазалари учун доимо очиқ.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












