Дунё: Ҳаёт учун хатарли ёввойи қабилаларга саёҳат қилармидингиз?

Сурат манбаси, Getty Images
АҚШ фуқаросининг Ҳиндистон шарқий соҳилидаги Андаман оролларида яшовчи кам сонли ёввойи қабила аъзолари томонидан ўлдирилиши ортидан энг журъатли одамларгина қўл уриши мумкин бўлган "трайбал сайёҳлик" (ёввойи қабилаларни зиёрат қилиш) яна кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Андаман ороллари таркибига кирувчи Шимолий Сентинел оролининг туб одамлари дунёдаги сўнгги «ёввойи» қабилалардан бирини ташкил қилади. Улар бундан бир ҳафтача бурун 27 яшар ақшлик Жон Аллен Чауни камон билан отиб, ўлдиргани хабар қилинган эди.
Расмийлар Чаунинг Шимолий Сентинелга олиб бориши учун олти нафар маҳаллий балиқчига 25,000 рупий ($354) тўлаганини маълум қилган. Баъзи хабарларга кўра, Чау орол аҳлини Христиан дини билан таништирмоқчи бўлган, яъни у оролга миссионер сифатида ташриф буюрган. Бироқ бу хабар ҳозирча расман ўз тасдиғини топмади.
Андаман оролларида деярли йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган беш ёввойи қабила яшайди: Яравалар, Шимолий Сентинеллар, Буюк Андаманлар, Онге ва Шомпен. Яравалар ва Шимолий Сентинеллар ташқи дунё билан ҳали алоқага киришмаган. Бундай ҳол йилига 500 мингдан зиёд сайёҳни Андаман оролларига жалб қилиб келади.
Жорий йилнинг бошида Ҳиндистон Ички ишлар вазирлиги хорижликларни архипелагда жойлашган 29 та оролга кириш учун рухсатнома олиш мажбуриятидан озод қилган эди.
Уларнинг орасида Шимолий Сентинел ороли ҳам бор.
Бироқ ҳинд расмийлари ҳамон сайёҳлардан ёввойи қабилалар жойлашган ҳудудларга кириш учун маҳаллий ҳокимлик ва ўрмонлар бошқаруви департаментидан рухсат олишни талаб қилади.

Сурат манбаси, Getty Images
Ярава қабиласи жанубий ва ўрта Андаман ороллари бўйлаб чўзилиб кетган 1,028 километрга тенг ўрмон-қўриқхонада кун кечиради.
Уларни кўриш учун аксарият сайёҳлар Андаман пойтахти Порт Блейрдан автобусга ўтириб, икки соат йўл босади.
2013 йилда Ҳиндистон Олий суди бир неча полиция ходими Ярава қабиласига мансуб олти нафар аёлни сайёҳлар учун рақс тушишга мажбурлагани видеоси тарқаб кетгандан сўнг Баратанг оролига олиб борувчи йўлдан сайёҳлик мақсадларида фойдаланишни тақиқлаб қўйган эди.
Аммо маҳаллий ҳокимият ҳудудда сайёҳлик ёки тижорий хизматлар ташкил қилмасликка ваъда бергандан сўнг йўл Олий суд ўз қарорини бекор қилган.
«Маҳаллий маъмурият туб аҳоли турмуш тарзига таъсир ўтказмасликка узоқ йиллардан бери интилиб келади,» дейди оролларни 18 йилдан буён ўрганаётган Маниш Чанди.
"Олий суд қароридан сўнг зум ўтмай, Порт Блейрдан Баратанг оролига паром қатнови йўлга қўйилди. Натижада сайёҳлар учун суд тақиқлаган йўлдан бошқа муқобил танлов пайдо бўлди."
Пойтахт Порт Блеерни 50 километр узоқликдаги Шимолий Сентинел ороллари билан бевосита боғловчи йўл мавжуд эмас. Шунингдек, ёввойи қабилаларни кўриш иштиёқида ёнаётган, ўрнатилган тартибларни писанд қилмас сайёҳларни оролларга яқинлаштирмаслик учун мунтазам патруль фаолияти йўлга қўйилган.
Бироқ, жаноб Чандига кўра, сайёҳлар, асосан, маҳаллий балиқчиларни ёллаш йўли билан Шимолий Сентинел қабиласини кўришга ҳаракат қилади.

Сурат манбаси, Getty Images
«Сайёҳлар тушган кўплаб кема ва яхталар оролга яқинлашишга уринади, аммо уларнинг кўпчилиги соҳилни қўриқлаётган патруль томонидан ҳайдаб юборилади,» дейди жаноб Чанди.
Ҳиндистон Ўрмончилик ва ёввойи табиат департаменти Би-би-сининг трайбал сайёҳлик борасида қилган қўнғироқларига жавоб бермади.
Аммо Ҳиндистоннинг Қабилалар масалалари вазирлиги қошидаги Қабилалар фаровонлиги департаменти директори Говинд Рам сайёҳликнинг бундай тури оммалашиб бораётганидан хабардор эканини Би-би-сига маълум қилди.
«Кўплаб одамлар ёввойи жамиятларни кўришга ошиқиши бор гап. Биз сайёҳликнинг ушбу турига чек қўйиш учун қўлимиздан келган ишни қилмоқдамиз. Полиция ва департаментимиз ходимлари чекланган ҳудудларни доимий назорат қиладилар,» изоҳ беради жаноб Рам.
Бироқ у бундай улкан ҳудудни бирдек назорат қилиш мушкуллигини ҳам тан олади.

Сурат манбаси, Indian coastguard/Survival International
«Тартиббузарларнинг оролларга кириш эҳтимоли анчайин катта.»
Бундай тақиқ-чекловларга қарамай, табиатни муҳофаза қилиш фаоллари Ярава қўриқхонаси ва Шимолий Сентинел оролларининг яқин вақт ичида эркин сайёҳлик учун очилиши эҳтимоли юқори эканини тахмин қилади.
Улар Ҳиндистон Ички ишлар вазирлигининг хорижликларни архипелагда жойлашган қатор оролларга кириш учун рухсатнома олиш мажбуриятидан озод қилганини ушбу йўлда ташланган илк қадам, дея ҳисоблайдилар.
Айрим фаоллар ҳукуматнинг маҳаллий одамлар фикрига қулоқ тутмай олган ушбу қарорини танқид қилмоқда.
Қатор инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш гуруҳлари ҳудудда ноқонуний трайбал сайёҳлик оммалашиб бораётганига оид ҳисоботлар тақдим этган бўлсада, Би-би-си суҳбатлашган икки йирик маҳаллий сайёҳлик агентлиги мазкур ҳисоботларда иддао қилинган маълумотларни инкор қилди.
"Ҳали трайбал сайёҳлик ташкиллаш борасида мурожаат қилган бирор одамни кўрмадим," дейди Андаман Тур Операторлари Уюшмаси президенти М Винод Би-би-сига.
«Кучли полиция назорати ташкил қилинган ва қабилалар жойлашган ҳудуд бўйлаб ҳаракат қаттиқ тартибга солинади.»
Жаноб Виноднинг фикрича, Жон Аллен Чаунинг ўлими "истисноли ҳолатлар"дан бири, холос.
«Оролларга кириш учун рухсатнома олиш тартибининг бекор қилиниши сайёҳликни ривожлантириш йўлидаги ижобий қадам,» ҳисоблайди у.
Бироқ унинг ушбу фикри маҳаллий қабилалар турмуш тарзини муҳофаза қилиш борасида айтган гапларига зид эмасми?
«Қайси оролни очиш борасида қарор олиш ҳукуматнинг ўз ихтиёрида,» гапини тугаллайди жаноб Винод.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek











