Сурияни бомбалаган Трамп суриялик қочқинларни нима учун Америкага қўймайди?

Муҳаммад Чоғил Кеннектикут штатида жойлашган Ню Ҳевен шаҳридан туриб ҳар куни ёши ўтиб қолган онасига қўнғироқ қилади.
Сурат тагсўзи, Муҳаммад Чоғил Кеннектикут штатида жойлашган Ню Ҳевен шаҳридан туриб ҳар куни ёши ўтиб қолган онасига қўнғироқ қилади.
    • Author, Арон Сафир
    • Role, BBC

Президент Трамп ҳокимиятга келгандан сўнг қочқинларга нисбатан олиб борилган кескин сиёсат туфайли АҚШда расман қочқинлик мақомига эга бўлган шахслар сони сўнгги 30 йил ичида энг қуйи даражага тушиб кетди. Бундай сиёсат қочқинларнинг оилаларига қандай таъсир кўрсатмоқда?

35 яшар Муҳаммад Чоғил Кеннектикут штатида жойлашган Ню Ҳевен шаҳридан туриб ҳар куни ёши ўтиб қолган онасига қўнғироқ қилади. Она ўғли ўзининг уддасидан чиқа олаётганлиги ёки йўқлиги, ҳаёти қандайлиги ҳақида сўрайди. Ўғил эса онасининг дорисини ўз вақтида ичаётганлигини билишга қизиқади, тез орада яна юз кўришишларига ваъда бериб, уни юпатади. Бироқ Муҳаммад бу ваъдасининг устидан чиқишига ишончи комил эмаслигини яхши тушунади.

Муҳаммад ва унинг ота-онаси Суриядаги уруш даҳшатларидан қочиб, 2012 йил декабрь ойида мамлакатни ташлаб чиққанлар. Улар маълум вақт Иорданиядан бошпана олиб турдилар, сўнг АҚШда яшашга рухсат олиш учун ариза топширдилар. 2016 йил кузида Муҳаммаднинг отаси вафот этади. Бироз вақтдан сўнг Муҳаммаднинг аризаси АҚШ ҳукумати томонидан қондирилади.

Қарор қабул қилиш қийин бўлганига қарамай, Муҳаммад онасисиз АҚШга жўнаб кетади. Она ҳам, бола ҳам тез орада янги ватанда учрашишларига ишонар эдилар. Муҳаммад АҚШга келишидан бир неча ҳафта ўтиб, Доналд Трамп президент сифатида қасамёд келтиради.

Муҳаммаднинг онаси яқинда бева қолгани сабабли унинг ҳужжатлари ва аризаси қайтадан кўриб чиқилиши ҳақида маълум қилинади. Шундан сўнг президент Трампнинг айрим мусулмон давлатлари фуқароларининг АҚШга киришини тақиқлаш бўйича қарори эълон қилинади. Тақиқ остига тушган Сурия фуқаролари АҚШдан расмий қочқинлик мақомини олиш имкониятидан маҳрум бўладилар. Бир йилдан зиёдроқ вақт ўтибдики, Муҳаммаднинг онасида ўғлини яна кўриш умиди сўнгани йўқ.

Трамп маъмурияти америкаликлар ҳаётини муҳофаза қилиш важи билан қочқинлар бўйича дастурни музлатиб қўйди ва хавфсизлик юзасидан топширилган аризалар қайта кўриб чиқилмоқда. Бироқ узоқ давом этган ҳуқуқий жараёнлардан сўнг ҳам Чоғиллар каби кўплаб оилалар ўз яқинлари билан яна қайта бирлашиш имкониятига эга бўла олмаяпти.

«Аризалар икки йилдан бери қайта кўриб чиқилмоқда. Шунчалик кучли текширувдан ўтган шахслар АҚШ хавфсизликка рахна солмайди, деган фикрдаман. Ҳукумат шу баҳона билан қочқинлар бўйича дастурни музлатиб турибди, холос,» дейди АҚШ Қочқинлар Кенгаши раиси Мери Жиёвагноли. Унинг гуруҳи мамлакат бўйлаб қочқинларни қайта жойлаштириб чиқиш агентликларининг вакили сифатида фаолият юритади.

АҚШ Қочқинлар Кенгашининг иддаосича, аризаларни кўриб чиқиш жараёни бюрократик йўллар орқали секинлаштирилмоқда, имкон қадар камроқ қочқинлар билан суҳбат ўтказишга ҳаракат қилинмоқда. «Юз бераётган ҳолат қочқинлар дастурини бекор қилиш йўлидаги пухта ўйланган режа эканлиги кўриниб турибди,» дейди Жиёвагноли хоним.

Қочқинлар оқими

Крис Жорж
Сурат тагсўзи, Крис Жорж

Муҳаммаднинг Кеннектикутга жойлашишида ёрдам берган қочқинлар бўйича агентлик раҳбари Крис Жорж шундай дейди: «Кўплаб қочқинлар бўйича дастурлар фаолияти сустлаштириб қўйилди ёки тўхтатилди. 2016 йилда менинг ташкилотим 530 нафар қочқинни жойлашишида кўмаклашган эди. Бу йил эса 200 қочқинга ёрдам беролсак ҳам катта гап.»

Бир йил ичида қанча шахсга қочқинлик мақоми берилиши АҚШ президенти томонидан ҳал қилинади. 2017 йил октябр ойида президент Трамп 45,000 шахсни қабул қилишга қарор қилди. 2016 йилда эса президент Обама томонидан 110,000 одамга қочқинлик мақоми берилган эди. 45,000 нафар қочқин - бу сўнгги 30 йил ичидаги энг паст кўрсаткичдир.

Президент Трамп қочқинлар миқдори борасида аниқ қарорга келганидан ярим йил ўтибди ҳамки, ҳукумат томонидан атиги 10,548 нафар шахснинг қочқинлик бўйича аризаси қондирилди.

АҚШ Қочқинлар Кенгаши қочқинлар сонининг камайиши президент томонидан белгиланадиган рақамнинг пасайтирилишига сабаб бўлиб хизмат қилишидан ташвишга тушмоқда.

Мамлакат бўйлаб қочқинларни жойлаштириш билан шуғулланувчи 20 дан ортиқ агентликлар ҳозирда ёпилиш арафасида. Трамп маъмуриятининг айтишича, агентликларнинг бирлашган фирқалари қочқинларни жойлаштириш ишларини бемалол уддалай олади. Шунингдек, президент Трамп вакиллари АҚШнинг қочқинларга ёрдам берувчи халқаро ташкилотларнинг асосий ҳомийси эканлигини ҳам ёддан чиқармаслик ҳақида таъкидламоқда.

Агар қочқинларни жойлаштириш агентликлари ёпиладиган бўлса, у ҳолда Американинг анъанасига айланиб қолган ёрдамга муҳтожларга кўмак қўлини чўзиш ишларини давом эттириш кўнгиллиларга қолади.

2014 йил декабрида радио орқали Суриядаги фуқаролар уруши ҳақида эшиттиришларни тинглаган Робин Беслоу қочқинларга ёрдам беришга қарор қилди. У маҳаллий синагогалар ва черковлардан кўнгиллиларни тўплаб, Крис Жоржнинг ташкилоти орқали Афғонистондан келган қочқин оиланинг Бренфорд шаҳрига жойлашишида кўмаклашди.

Робинни бу ишга руҳлантириб турадиган нарса оддий. «Биз бу ишни инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун қиламиз. Менинг онам Францияда бўлган Холокост воқеаларидан омон қолган. Мен онам учун қилинган яхшиликларни бошқаларга қайтаряпман, холос.»

Махсус мақом

Кўнгилли ёрдамчилар Афғон оиласи билан
Сурат тагсўзи, Кўнгилли ёрдамчилар Афғон оиласи билан

Зоҳир, унинг аёли Нурия ва уларнинг ўғилчаси Баҳиж яқинда Бренфордга келиб, жойлашганлар. Зоҳирнинг Афғонистонда АҚШ ҳарбийлари учун таржимон бўлиб ишлагани ортидан Толибон оилани таъқиб қила бошлаган. Зоҳирни отиб кетишларига сал қолган, Нурия эса машинаси тагидан бомба топиб олади. Ниҳоят улар жорий йилнинг январь ойида АҚШга келдилар.

Улар АҚШга Махсус Виза дастури орқали келганлар. Ушбу дастур Ироқ ва Афғонистонда АҚШ билан ҳамкорлиги натижасида ҳаёти хавф остида қолган шахсларга мўлжалланган. Махсус Виза дастурида белгиланган қочқинлар миқдори президент Трамп даврида ҳам ўзгаришсиз қолмоқда. Ўтган йилнинг октябр ойидан бери 8,020 нафар шахс мазкур дастур асосида АҚШга кўчиб келди.

Оиланинг янги ҳаёти ўзлари орзу қилгандек кечмоқда. Зоҳир ишлаяпти. Кўнгиллилар оилага эгаси очиқкўнгил бўлган ижара уй ва уй жиҳозлари топишда ёрдам бердилар. Бошқа кўнгиллилар эса уларга инглиз тилини мукаммаллаштириш борасида кўмаклашдилар. Маҳаллий дўконлардан бири уларга кийим-кечак ҳадя қилди, Нурия ёга курсларига қатнай бошлади - у Афғонистонда бундай имкониятдан маҳрум эди.

Бироқ Робиннинг жамоаси президент Трампнинг оддий қочқинлар бўйича сиёсатидан ҳамон хавотирда.

«Менинг оилам ҳам қочқин эди, лекин улар бундай қийинчиликлар билан юзлашмаганлар,» дейди жамоа аъзоси Сюзан Смит. «Оилам ҳукуматнинг қочқинларга нисбатан муомаласи яхши бўлган пайтларда кўчиб келган эди. Мен ўсиб келаётган авлод бундай бағрикенглик нималигини билмаслигидан қўрқаман.»

Бироқ Крис Жорж вазият яхши томонга ўзгаришидан умидвор. «Биз аксил-қочқин кучларга қарши тура оламиз,» дейди у. «Қочқинларга нисбатан меҳмондўст бўлиш ушбу мамлакат қилиши лозим бўлган энг олийжаноб вазифадир.»

«Озодлик Ҳайкали ҳаракатга тушди. У йўлидаги ҳар қандай президентни янчиб кетади. Ва у бир кун келиб, бошини баланд кўтарганча, виқор билан яна жойига қайтади.»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek