Лондондаги ҳужум: Нималар маълум?

Сурат манбаси, AP
Британия парламенти биноси яқинида юз берган террор ҳужумини 52 яшар Ҳолид Маъсуд амалга оширган. Унда тўрт киши ўлган ва 40 киши жароҳат олган. Лондон Полициясининг маълум қилишича, Ҳолид Масъуд Британияда туғилиб ўсган.
Бизга шу пайтгача маълум бўлгани қуйидагилар:
Нима бўлди?
Лондон вақти билан соат 14:40да якка ҳужумчи Лондон марказида Парламент уйи яқинидаги Вестминстер кўпригида ўз машинасини йўловчилар устига ҳайдаб, камида икки кишини ўлдирган ва кўпларини яралаган.
Сўнгра машина Парламент биносининг панжарасига бориб урилган.
Пичоқ билан қуролланган ҳужумчи сўнгра Парламент томон югурган, аммо полиция унинг йўлини тўсишга уринган. Қуролланмаган полиция зобити Кийт Палмер сўнг пичоқланган ва ўлдирилган.
Қуролли полициячилар парламентга киришга шайланган ҳужумчини отиб ўлдиришган.

Сурат манбаси, EPA
Гувоҳлар одамлар орасида юзага келган ваҳимани тасвирлаб беришди.
Вестминстер метро станциясидан соат 14:45да чиққан Ричард Тайснинг айтишича, у кўприкда ётган бир неча ярадорни кўрган. Унга айтишларича, машина 252 метрлик кўприкнинг бир бошидан иккинчи бошигача одамларни уриб ҳаракат қилган.
"Мен кўприкда ётган камида саккиз одамни санадим", - дейди у.
Қурбонлар ким?
Ҳалок бўлган полициячи - 48 ёшли Кийт Палмер Парламент ва дипломатик корпусни қўриқлаш қўмондонлигида ишлаган. У 15 йил хизмат қилган, уйланган, фарзандли эди.
40 ёшларида бўлган Ойша Фрейд Лондондаги DLD коллежида ишлаган. Уни машина кўприкда уриб юборган, сўнгра касалхонада оламдан кўз юмган.
Коллеж директори Рейчл Борланднинг айтишича, Фрейд хонимни "талабалар ва ҳамкасблари қаттиқ ҳурмат қилишган ва яхши кўришган".
Полицияга кўра, 50 ёшларида бўлган эркак киши ҳам ҳалок бўлди.

Сурат манбаси, Metropolitan Police/Facebook
Етти кишининг аҳволи оғир қолаяпти. Яна 29 кишига касалхонада тиббий ёрдам кўрсатилди.
Жароҳат олганлар ичида кўприкда пиёда ишдан қайтаётган уч полиция зобити ҳам бор. Уларнинг иккисининг аҳволи оғир.
Ҳужумчи машинасини тротуар устига ҳайдаганида бир аёл Темза дарёсига тушиб кетган. У сўнгра қутқарилди ва тиббий муолажа олди.
Полицияга кўра, жароҳат олганлар орасида турли мамлакатлар фуқаролари бор.
Франциялик мактаб ўқувчилари гуруҳи ҳам ҳужум вақтида кўприкда бўлишган, улардан уч нафари жароҳат олган.
Англиянинг Ланкашир графлигидаги Edge Hill Университетидан тўрт талаба ҳам ҳужумда жароҳат олишган.
Ҳужум саҳнасидан қочаётган одамлар оёғи остида беш жанубий кореялик сайёҳ қолиб кетиб жароҳатланганлар.
Ҳужумчи ким эди? У якка амал қилганми?
Бош вазирнинг айтишича, у "якка ҳужумчи" бўлган.
Унинг исми-шарифи ҳали ошкор қилинмади.
Полиция унинг кимлигини билишини маълум қилди ва ҳозирда "унинг шерикларини аниқлаш" билан машғул эканини айтди.
Лондон Метрополитан полицияси раҳбари муовини Марк Роули "фаол терговчи журналистлар"дан ҳужумчининг шахсини аниқлашда ўзларини тийишларига чақирди.
Жаноб Роулига кўра, полиция ҳужумчи "халқаро терроризм" ва "Исломга алоқадор терроризм"дан илҳомланганига ишонади, аммо унинг миллати ёки бошқа тафсилотини очиқламаяпти.
Унинг айтишича, полиция гумондорнинг "сабаблари, тайёргарлиги ва шериклари"ни ўрганишга диққатини жамлаган.

Ҳужумга алоқадорликда етти киши ҳибсга олинган. Ҳамда Лондон, Бирмингем ва бошқа шаҳарларда олтита адресга рейд уюштирилди.
Жаноб Роули ҳозирда бошқа таҳдид мавжудлиги борасида аниқ маълумотга эга эмаслигини айтди.
Қандай хавфсизлик чоралари кўрилган?
Парламентнинг икки палатаси ҳам пайшанба куни одатдагидек сессияларини ўтказадилар.
Полицияга кўра, келгуси кунлар ичида Лондон ва мамлакат бўйлаб қуролли ва қуролсиз полициячилар сони кўпайтирилади.
Британиянинг ҳужум эҳтимоли даражаси "ўта юқори" дея белгиланган. Бу даража анчадан бери ўзгаришсиз қолаяпти ва, бош вазирга кўра, ўзгариши кутилмайди.
Ҳужум ортидан парламент иши вақтинча тўхтатилган ва бинодаги сиёсатчилар, журналистлар ва меҳмонлар беш соатча ташқарига чиқарилмаганлар.
Парламентдаги юзлаб одамлар Вестминстер Аббейга эвакуация қилинганлар.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio
bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.












