Лукашенко: ‘Биласизми, ‘Қуръон’ни нега ўпгандим?'

Минск

Сурат манбаси, tccb.gov.tr

"Беларусь президентининг танқидлар остида қолиб кетишига" сабаб бўлган бу воқеа ўтган ҳафта пойтахт Минскда Жомеъ масжидининг очилиш маросими чоғида юз беради.

Очилиш маросимида ҳозир бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон билан бирга Беларусь раҳбари Александр Лукашенкога ҳам "Қуръони Карим"ни тақдим этишади.

"Қуръони Карим"ни ўпиб, тавоф қилиш - мусулмонларнинг бу муқаддас китобига ҳурмат бажо келтиришни англатади ва одатда, барча эътиқодли мусулмонлар худди шундай йўл тутишади.

Ислом динида бу - "Қуръон"га иймон келтиришни ҳам англатади.

Матбуот анжумани

Президент Александр Лукашенко кеча пайшанба куни берган матбуот анжуманида бу масалага алоҳида тўхталиб ўтган.

Минскдаги Жомеъ масжидининг очилиш маросимида "Қуръони Карим"ни ўпиши - ўзининг барча динларни бирдек ҳурмат қилиши далолати эканини айтган.

"Менга айтишларича, "Қуръони Карим"ни ўпганим учун танқидларга тутилаётган эканман. Биз президент Эрдўғон билан масжиднинг очилиш маросимида эдик. Ҳадя қилишганди, у "Қуръон"ни олиб ўпди. Менга ҳам худди уникидек "Қуръон" беришди. Нима қилишим керак эди? У нима қилган бўлса, ман ҳам худди шундай қилдим", - деб айтган Беларусь президенти.

"Кимдир мени аллақачон "бошқа динга ўтказиб" ҳам қўйгандир. Қўйсангизчи, мени ҳеч ким бундай қилгани йўқ. Лекин мен президентман. Мамлакатимда камида минглаб мусулмонлар истиқомат қилишади. Мен улар учун ҳам президентман. Улар бизга ҳеч қачон бошоғриқ бўлишмаган", - дея қўшимча қилган жаноб Лукашенко.

Динлар ва диндорлар

Беларусь президентининг таъкидлашича, Беларусда мусулмонлар, католиклар ва православлар ўртасидаги муносабатлар ҳавас қилгулик даражада.

Мамлакат қонунчилиги эса, барча дин вакилларини бир кўзда кўради.

"Агар, динга келадиган бўлсак, бу масалада шиор битта: ҳар бир киши ўз ибодатхонасига йўлни ўзи топади", - дея таъкидлаган Беларусь раҳбари.

Пойтахт Минскдаги Жомеъ масжиди Туркия Президентининг Беларусга расмий ташрифи чоғида очилган.

Бу улкан масжиднинг ўзи эса, Туркиянинг "Diyanet" жамғармаси томонидан барпо этилган.

Интернетда имконли бўлган айрим маълумотларда Беларусдаги мусулмонларнинг сони 30000 га яқин экани тахмин этилади.

Очилиш маросимида сўзларкан, президент Эрдўғон, "бу муқаддас маскан Туркия-Беларусь дўстлигининг рамзи бўлиб хизмат қилиши"га ҳам умид қилиб қолган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг