‘Имом Бухорий’: ‘Афғонистонда ҳам қанотимиз бор’

Суриядаги ўзбек жангари гуруҳи ўзининг веб саҳифасида эълон қилган янги видеомурожаатида худди ана шундай даъво билан чиққан.
Унинг тафсилотларидан аён бўлишича, “Имом Бухорий” гуруҳининг Афғонистондаги қанотига Жумабой исмли ўзбек қўмондони бошчилик қилади.
Гуруҳнинг янги видеомурожаатида айнан Жумабой, деб аталган қўмондон мусулмонларни кофирларга қарши жиҳодга бош қўшишга ундайди.
Аммо “Имом Бухорий” гуруҳи ўзининг Афғонистондаги лидери, деб иддао қилаётган бу қўмондонга оид бирор бир маълумот, ҳозирча, йўқ.
Янги эълон қилинган видеолавҳада бу шахснинг асл келиб чиқиши, ёши ва Афғонистонга қандай қилиб бориб қолгани тафсилотлари очиқланмайди.
Лекин, таъкидлаш жоиз, "Имом Бухорий" жангари гуруҳи яқинда худди шунга ўхшаш бошқа бир баёнот билан чиққан, ҳозир Афғонистоннинг Марказий Осиё билан чегарадош минтақаларида жанг олиб бораётган жангарилар ўзининг “Афғон қаноти” аъзолари эканини иддао қилганди.
Афғонистон Толибон ҳаракати эса, ўтган ҳафта ўзининг бу йилги баҳорги амалиётларини ҳам мамлакатнинг асосан Тожикистон ва Туркманистонга бевосита қўшни Қундуз, Бадахшон ва Жаузжон каби бир қатор шимолий-шарқий ва шимолий вилоятларидан бошлаган.
Бу вилоятларнинг аксарисида уларга қарши жангларнинг ҳануз давом этаётгани айтилади.
Толиблар билан бир сафда жанг қилаётган жангарилар орасида хорижликлар, жумладан, марказий осиёликлари борлигини ҳам маълум қилган маҳаллий масъуллар эса, уларнинг айнан қай бир жангари гуруҳ аъзоси экани тафсилотларига, ҳозирча, тўхталишмаган.
Айни ўринда эътиборли жиҳати шундаки, Сурияда асос солингани ва жанг қилаётганига қарамай, “Имом ал-Бухорий” гуруҳи аввалбошдан минтақада ўз исломий халифати ва катта қудратга эга ИШИД жангари гуруҳига эмас, толибларга мойиллигини намойиш этиб келган.
Дастлаб ҳаракатнинг ҳозирда марҳум раҳбари Мулла Муҳаммад Умар, ўтган йили ўлимига оид хабар расман ўз тасдиғини топаркан, толибларнинг унинг ўрнига янги тайин этилган лидери Мулла Ахтар Муҳаммад Мансурга расман байъат келтирган.
Бу ҳақда гуруҳнинг ўз расмий веб саҳифасида эълон қилган видеомаълумот тафсилотларидан аён бўлган, аммо орада кечган вақт давомида уларнинг бу баёнотларини мустақил манбалардан тасдиқлашнинг иложи бўлмаган.
Аммо, бошқа томондан, агар, видеобаёноти ишончли бўлса, “Имом Бухорий” ИШИДнинг таъсири остидаги ҳудудларда улардан ўзга, яъни Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбариятига байъат келтирган биринчи гуруҳ бўлади.
Мазкур воқеълик эса, ўз навбатида, Яқин Шарқдаги жангари гуруҳлар ўртасидаги зиддият кучайиб бораётганига ҳам далолат қилади.
"Имом Бухорий"

Сурат манбаси, Reuters
“Имом Бухорий” 2013 йилдан буён Сурияда жанг қилаётган йирик жангари гуруҳлардан бири сифатида кўрилади.
Гуруҳ аъзолари сонининг бир неча юз нафар экани тахмин этилади.
Улар аксариятини жанубий қирғизистонлик ўзбеклар ва Ўзбекистон фуқаролари ташкил этишлари ишонилади.
“Имом Бухорий” гуруҳига фақат Шайх Салоҳиддин номи билангина маълум шахснинг бошчилик қилиши айтилади.
Агар, Шайх Салоҳиддиннинг ўз видеомурожаатларида қилган даъволарига ишонилса, у Сурияга йўл солишдан аввал узоқ муддат Афғонистонда бўлган.
Толибларнинг бир қанча лидерлари билан ҳам учрашган.
Гуруҳларига ҳам айнан толибларнинг Афғонистон Исломий Амирлигининг рухсати билан асос солинган.
“Имом Бухорий” гуруҳининг сўнгги йиллардаги баёнотлари эса, ўз ўрнида, Суриядаги айрим ўзбек жангарилари ва Афғонистону Покистондаги экстремистик тармоқлар ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкам эканига ҳам далолат қилмай қолмаганди.
Аммо Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбарияти, айниқса, сўнгги йилларда бирор бир жангарисини четга юбормаслиги, бу ўзларининг расмий сиёсатларига қарши бир иш бўлишини изчил равишда баён қилиб келади.
Ҳаракат ИШИД Яқин Шарқда асос солган янги исломий халифат халифи Абу Бакр ал-Бағдодийга байъат келтиришдан бош тортган, гуруҳнинг Афғонистонда фаоллашиш режаларига кескин муносабат билдириб, уларни ўз тупроқларидан четда туриш билан огоҳлантирганди.
“Имом Бухорий” катибасининг Суриядаги “Тавҳид ва Жиҳод”, “Ал-Нусра Жабҳаси” ва “Аҳрор аш-Шом” каби гуруҳлар билан яқин иттифоқчиликда экани ҳам ишонилади.
Сўнгги йилларда “Имом Бухорий” гуруҳининг ўз иттифоқчилари билан бирга кўпроқ Суриянинг Идлиб вилоятида фаол эканликлари кузатилган.
Бу – толибонпараст ўзбек жиҳодий гуруҳларининг илк бор бу каби баёнот билан чиқишлари эмас.
"Исломий Жиҳод Иттифоқи"

Жумладан, ўтган йил Афғонистондаги “Исломий Жиҳод Иттифоқи” ҳам “Амударё соҳилларида бемалол ҳаракат қилишаётганини” иддао этган.
Гуруҳ “чегаранинг заиф нуқталарини ўрганаётгани ва маълумот тўплаётгани”ни ҳам баён қилган, аммо кейинги режалари ҳақида бирор бир маълумот бермаганди.
Аммо Афғонистоннинг жануби ва шарқидан ташқари, Марказий Осиёга бевосита чегарадош шимолий-шарқий Қундуз ва Бадахшон вилоятларида ҳам Толибон ҳаракатидан ташқари, “ал-Қоида” тармоғи ва Шарқий Туркистон Исломий ҳаракати жангарилари билан бир сафда жанг олиб боришаётганини даъво қилганди.
Аммо ўтган йили бу икки вилоят устма-уст саҳна бўлган кенг кўламли ва қонли ҳужумларни маҳаллий масъуллар толиблардан ташқари, уларнинг Афғонистон шимоли-шарқидаги яқин иттифоқчилари бўлган ИШИД жангариларига нисбат беришганди.
“Имом Бухорий” гуруҳининг сўнгги видеобаёноти манзарасида Би-би-си Ўзбек Хизмати Афғонистондан боғланган маҳаллий эксперт Фазл Аҳмад Бургут ҳам мамлакат шимоли-шарқидаги хорижий жангариларнинг сони ҳозирда уч минг атрофида эса-да, бу каби гуруҳларнинг номлари деярли қулоққа чалинмаслигини таъкидлади.
Аксарияти Афғонистоннинг шимолий Фарёб, Самангон, Сарипул, шимолий-шарқий Қундуз ва Бадахшон вилоятларидан бошпана топган бу жангариларнинг эса, асосан марказий осиёликлардан иборат эканликлари айтиб келинади.
Ўзбек жангарилари Афғонистон ва унга бевосита қўшни Покистонда 90-йиллар охирларидан бошлаб, айниқса, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати сабаб, фаоллаша бошлаганлар.
Номлари юқорида зикр этилган икки ўзбек жиҳодий гуруҳи каби Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳам яқин-яқингача Толибон, “ал-Қоида” ва “Ҳаққоний” тармоғининг яқин иттифоқчиси бўлиб келган.
Аммо яқинда, ҳатто, ўзининг азалий иттифоқчилари учун ҳам кутилмаган бир тарзда ИШИД ва уларнинг халифи Абу Бакр ал-Бағдодийга расман тўлиғича байъат келтирган.
Бу билан кифояланмай, Толибон ҳаракатини ҳам худди ўзларидек йўл тутишга даъват этганди.
Сўнгги ойларда олинаётган хабарлардан эса, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларининг Афғонистон шимолидан тортиб, жанубига қадар фаоллашишга муваффақ бўлишаётгани айтилади.
Масъулларга кўра, бу жангариларнинг аёллари ҳам жанг олиб бориш санъатини пухта эгаллашган, бундан ташқари, улар турли портловчи моддалар ясаш, жосуслик маълумотлари йиғиш ва маҳаллий аҳолини урушга тарғиб этиш билан ҳам шуғулланишади.
Ким нима дейди?

Сурат манбаси, videodan
Ҳарбий таҳлилчиларга кўра, мазкур ҳолат бир вақтнинг ўзида бир неча нарсага далолат қилади:
Биринчидан, агарда, сўнгги йилларда қилаётган барча баёнотлари мазмунига ишонилса, ҳозир Сурияда бўлган ва жангларда суяги қотиб кетган айрим ўзбек жиҳодчиларининг Афғонистону Покистонга алоқалари бор.
Иккинчидан, Афғонистон Толибон ҳаракати ва ИШИД гуруҳи ўртасидаги зиддият кучайиб бормоқда. Ҳар икковлон ҳам бир-бирларининг анъанавий ҳудудларида ўз таъсирларини кучайтириб, бошқа жангариларни бир-бирларига қарши қўйишмоқда.
Учинчидан, мавжуд ҳолат Ўзбекистон Исломий ҳаракати баробарида бу икки рақиб гуруҳни заифлантирувчи муҳим омиллардан бирига ҳам айланиши мумкин.
Аммо бу учовлоннинг алал-оқибат ягона глобал жангари синдикатга бирлашиб, бутун минтақа учун жиддий таҳдидга айланиши эҳтимолини рад этмаётган таҳлилчилар ҳам бор.
Ироқ ва Сурияда жанг қилаётган айрим ўзбек жангарилари ўз сонларини бир неча минг нафар эканини иддао этишса-да, турли нуфузли халқаро тадқиқот марказларининг сўнгги ҳисоботларида айнан ўзбекистонликларининг миқдори 500 нафар экани тилга олинади.
Яқинда Афғонистон шимолида тўпланган жангарилар орасида марказий осиёликларнинг сони минглаб эканини айтиб чиққан Россия Ички ишлар вазирлиги вакиллари ҳам уларни ИШИД гуруҳига нисбат беришганди.
Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи ўтган йил бошида Афғонистонга қўшни Покистонда ўзининг минтақадаги илк тармоғига асос солган.
Орада кечган вақт давомида бу икки давлатдан собиқ толиблар ва айнан ўша йили Покистондан Афғонистонга тўлиқ қайтганлигини расман баён қилган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари ҳисобидан ўзига юзлаб жангарилар ёллаган.
Яқинда эса, Афғонистоннинг Покистонга шундоққина қўшни шарқий Нангархор вилоятини Яқин Шарқдаги исломий халифатининг бир қисми, дея эълон қилган.
Зиддият

Аммо Толибон ҳаракати ва ИШИД гуруҳининг Афғонистондаги муносабатлари ҳам анчайин мураккаб.
Афғонистон шарқи ва жанубида уларнинг бир-бирлари билан қирпичоқ эканликлари кузатилса, айнан аксарияти Марказий Осиё давлатлари билан чегарадош шимоли ва шимоли-шарқида икковлон яқин иттифоқчидек кўринишади.
Минтақавий таҳлилчиларга кўра, мавжуд ҳолат Афғонистондаги шундоқ ҳам осон бўлмаган вазиятни янада мураккаблаштириб, афғон ҳукуматини мушкул аҳволда қолдирган.
Улар бу икки гуруҳ аъзоларининг бир иттифоққа киришиб, бу йилги баҳорги амалиётларининг қонли бўлишидан хавотирда.
Бундан сал аввал толиблар, ИШИД жангарилари ва бошқа кичик маҳаллий қуролли гуруҳ аъзолари Афғонистоннинг Марказий Осиё билан чегарадош минтақаларда тўпланишаётганига оид хабарлар ҳам олинганди.
Яъни, ҳар икки жангари гуруҳнинг сўнгги йилларда, айниқса, Афғонистон шимоли-шарқида ўз мавқеъларини мустаҳкамлаш ва янада фаоллашишга бўлган интилишлари кузатилади.
Мазкур ҳолат барча Марказий Осиё давлатлари қолиб, охирги пайтларда Россия ва Хитойни ҳам ҳар томонлама ўта ҳушёр торттирган.
Айниқса, Афғонистон шимоли-шарқидаги вазиятдан жиддий хавотирда бўлган Россия томонига кўра, мавжуд ҳолатга жиддий эътибор қаратилмаса, чегаралар назорати қўлдан бой берилиши мумкин.
Ҳам халқаро ва ҳам минтақавий таҳлилчиларга кўра, Яқин Шарқда сўнгги йилларда қатор хорижий иттифоқ кучларининг ҳаво ҳужумлари остида қолган ИШИД Афғонистонни янги бир минтақада ўз таъсирини кенгайтириш учун муҳим жанг жабҳаси сифатида кўрмоқда.
Аммо уларнинг бу каби устма-уст хавотирли чиқишларини Россиянинг минтақадаги гео-сиёсий манфаатлари ва ёки амалдаги Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг ўз назоратларини янада кучайтириш мақсади билан изоҳлаётган таҳлилчилар ҳам йўқ эмас.
Яқин-яқингача дунёдаги энг қудратли ва бой жангари гуруҳ экани айтилган ИШИД эса, ўзининг глобаллашиш ниятини яширмай келаётганди.

Сурат манбаси, AP
“Исломий Давлат” гуруҳи Яқин Шарқдаги исломий халифатини янада кенгайтириб, аксарият Марказий Осиё давлатларига қўшни Эрон ва Афғонистонни ҳам ўз ичига олувчи қадим Хуросонни қайта тиклаш ниятида эди.
Ўзбекистон Исломий Ҳаракати эса, дастлаб Ўзбекистондаги мавжуд тузумни ағдариб, ўрнига исломий халифат барпо этиш нияти билан дунёга келган.
ИШИДга қарши кураш
Аммо айнан ИШИД гуруҳи масъулиятини ўз зиммасига олган қатор ҳужумлар боис ва Сурия ҳукуматининг сўрови билан АҚШ бошчилик қилаётганидан ташқари, яқинда айрим Оврўпо давлатлари, Россия ва Саудия Арабистони етакчилигидаги янги коалиция аъзолари ҳам ИШИДга қарши курашга бош қўшишган.
Яқинда минтақа давлатлари орасидан биринчилардан бўлиб айнан Афғонистон Ғарб, Покистон эса, Саудия Арабистони етакчилигидаги коалицияга кирганликларини ҳам расман баён қилишганди.
Ўзларининг Яқин Шарқда олиб борган бир неча йиллик ҳаво ҳужумлари ортидан, куни-кеча АҚШ Президенти Барак Обама ИШИД жангари гуруҳи Ироқ ва Сурияда ҳимояланиш аҳволига тушиб қолгани ва тобора кучсизланиб бораётганини маълум қилганди.
Халқаро ҳарбий таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг фаолияти билан боғлиқ воқеаларнинг Қундуз, Бадахшон ва Зобулдаги сўнгги ривожи нафақат Афғонистон ҳукумати, балки-да расмий Пентагоннинг хавотирларига ҳам сабаб бўлмай қолмайди.
Улар наздларида, биргина Қундузнинг мисоли Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Афғонистондаги унга алоқадор гуруҳларнинг қанчалик жиддий таҳдидга айланишлари мумкинлигини амалда кўрсатиб қўйган. Ва мавжуд ҳолат АҚШ томонини камида бу яқин йиллар ичида Афғонистонни тарк этмаслик қарорини қатъийлаштиришига олиб келади.
- BBC O‘zbek xizmati bilan Whatsapp, Telegram va Viber orqali bog‘lanishni istasangiz, telefonimiz: +44 78-58-86-00-02.
- TELEGRAMDA ESA kanalimiz - http://bbc.in/1Si6GlC
- Instagram - BBC UZBEK
- Twitter - BBC UZBEK
- Odnoklassniki - BBCUZBEK
- Facebook - BBC UZBEK
- Google+ - BBC UZBEK
- YouTube - BBCUZBEK (http://bbc.in/1WCQHUC)
- Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comga to‘siq bo‘lsa, uzbekweb.netga kiring.












