Таҳлил: ИШИД минтақада нималарга қодир бўлади?

Сурат манбаси, AP
Ўтаётган йил Ўзбекистон дохил бутун минтақа хавфсизлиги учун ҳам муҳим воқеалар билан ёдда қоладиган бўлди:
Дунёдаги энг қудратли ва бадавлати саналувчи Яқин Шарқдаги ИШИД жангари гуруҳи Покистонда минтақада ўзининг янги тармоғига асос солди.
Ундан сал аввал “Исломий Давлат” гуруҳига расман байъат келтирган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати эса, ўзларининг тўлиғича қўшни Афғонистонга қайтганликларини баён қилди.
Афғонистондаги зўравонликлар бир йилнинг ўзида Марказий Осиё чегаралари қадар ёйилди.
Мавжуд вазият бутунбошли минтақада Афғонистон иккинчи Ироққа айланиши мумкинлигига оид хавотирларни ҳам пайдо қилмай қолмади.
Шундай экан, келаётган йилда минтақа хавфсизлиги билан боғлиқ аҳвол қандай тус олиши мумкин?
Агар, Афғонистон Ички ишлар вазирлиги эълон қилган сўнгги маълумотларга таянилса, жорий йилга келиб, мамлакатнинг аксарият қисми Марказий Осиё минтақасига бевосита туташ шимоли ва шимоли-шарқидаги хорижий жангариларнинг сони 2.000 дан ортган.
Маҳаллий масъуллар эса, аксарияти марказий осиёлик, аммо ораларида чечен, татар, араб ва уйғурлари ҳам бўлган бу хорижий жангариларни айнан ўтган йил сентябр ойида Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига тўлиғича расман байъат келтирган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларига нисбат беришди.
Шу йил август ойида Туркманистонга бевосита қўшни шимолий Фарёб вилоятидаги махсус ҳарбий амалиётларга бошчилик қилган Афғонистон вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстум ҳам ўзларига қарши урушаётганларнинг аксарияти ИШИД жангарилари экани, уларнинг орасида чечен, уйғур ва ўзбекистонликлар ҳам борлигини баён қилди.
Худди шу манзарада Ўзбекистон Исломий Ҳаракати сафларидан ажралиб чиққан “Исломий Жиҳод Иттифоқи” гуруҳи ҳам айнан кечаётган йилда Афғонистоннинг Марказий Осиё билан чегарадош минтақаларида фаоллашганини иддао қилиб чиқди.
Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси бўлган “Исломий Жиҳод Иттифоқи”нинг бу каби баёнотлари манзарасида Толибон ҳаракати юзлаб хорижий жангарилар билан бир сафда Афғонистоннинг қўшни Тожикистон ва Туркманистонга бевосита чегарадош айрим туман ва шаҳарларини қайта-қайта босиб олишга муваффақ бўлди.
Афғонистонлик масъуллар эса, бу хорижий жангариларни ИШИД гуруҳи аъзоларига нисбат беришди.

Устига устак, уларнинг қисқа муддатга бўлсин кетма-кет эришган ва эришаётган бу ютуқлари кимнинг лидерлиги юзасидан Афғонистон Толибон ҳаракати сафларида жиддий парчаланиш юз берган, толиблар мамлакат шарқи ва жанубида ИШИД жангарилари билан қақшатқич жангларда банд бўлган бир манзарада кузатилди.
Юзлаб сонда экани айтилаётган хорижий жангарилар эса, бир йилнинг ичида Афғонистоннинг Покистонга бевосита чегарадош жанубий ва шарқий минтақалари қолиб, аксарияти Марказий Осиё давлатларига шундоққина чегарадош шимоли ва шимоли-шарқига қадар фаоллашишга муваффақ бўлишди.
Шундоқ биқинларида вужудга келган бу каби вазият минтақадаги барчани бирдек хавотирга солиш баробарида, Туркманистон ва Тожикистон каби айрим Марказий Осиё давлатларининг Афғонистон билан ўзаро чегараларида бу яқин чорак асрда кузатилмаган даражада хавфсизлик чораларига қўл уришларига ҳам сабаб бўлди.
Устига устак бу каби ҳолат катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари афғон можаросига бирор бир ечим топмай, Афғонистонни тарк этиб бўлган бир йилда кузатилди.
Покистондан етакчи минтақавий таҳлилчи Ходим Ҳусайннинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, узоқ йиллардан бери минтақада экстремистик фаолият билан шуғулланиб келган жангари гуруҳларнинг айнан Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида қайта фаоллашишга муваффақ бўлишгани, келаси йил назарда тутилганда ҳам, Марказий Осиё хавфсизлиги учун пайдо бўлган янги таҳдидга далолат қилади:
“Бу жангари гуруҳлар янгитдан уюша бошлашди ва қисқа вақтнинг ичида қадамлари қайтиб Афғонистон шимолига қадар етди. Мавжуд ҳолат эса, муайян маънода, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон учун хатарли бўлмай қолмайди, албатта. Бундан Хитой ҳам фориғ эмас. Чунки ўзбек, чечен ва араб жангари гуруҳлари Афғонистон ва Покистондаги турли қуролли гуруҳлар билан бирлашишди. Шимолий Вазиристондаги давомий ҳарбий амалиётлар сабаб пароканда бўлган Покистон Толибон ҳаракати жангарилари ҳам шу жумладан. ИШИД гуруҳининг минтақадаги тармоғи ҳам аксаран ана шу жангарилар ҳисобидан пайдо бўлди. Ҳиндистонда яқинда ўзининг янги тармоғига асос солгани, Покистон ва Бангладешда қайта уюшишга муваффақ бўлгани боис, сўзсиз, “ал-Қоида” ҳам бошқа жангари гуруҳларни ўзига жалб этмай қолмайди”, - дейди таҳлилчи.
Суҳбатдошимизга кўра, кечаётган бир йилнинг ўзида Афғонистондаги мавжуд вазиятдан ташқари, Марказий Осиё дохил бутун минтақа хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган янги стратегик факторлар ҳам пайдо бўлган:

Сурат манбаси, RIA Novosti
“Россиянинг Яқин Шарқда фаоллашуви, уларнинг бу қадар фаолликларига Оврўпо ва минтақадаги қатор кўплаб давлатларнинг муносабати, бошқарувдаги партиянинг қудратни яна якка ўз қўлига олишига имкон берган Туркиядаги сайловлар, Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги узоқ йиллик адоват ҳам келаси йили минтақа хавфсизлигида ўз сўзини айтмай қолмайди”, - дея сўзларида давом этади у.
Худди шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, юзлаб хорижий жангариларнинг Толибон билан бир сафда жорий йилнинг ўзида Тожикистонга шундоққина қўшни шимолий-шарқий Қундуз вилоятида устма-уст амалга оширган, сўнггисида вилоят маркази – Қундуз шаҳрини забт этишлари билан якун топган кенг кўламли ва қақшатқич ҳужумлари афғон ҳукумати қолиб, Афғонистондаги хорижий иттифоқ қўшинлари юқори мартабали қўмондонларини ҳам шошириб қўйган, уларнинг ҳамкорликда вазиятни тинчитиш учун ҳам ердан ва ҳам ҳаводан олиб борган амалиётлари ҳафталарга чўзилганди.
Худди шу манзарада Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатлари билан бевосита чегарадош Бадахшон, Фарёб, Сарипул, Жаузжон, Тахор, Балх ва Бағлон каби қатор шимолий ва шимолий-шарқий вилоятларида ҳам беқарорликларнинг кучайгани, толиблар билан бир қаторда хорижий жангарилар сонининг ҳам жиддий равишда ортгани кузатилади.
Аммо Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, сўз минтақа хавфсизлиги ҳақида кетганда, жорий йилдаги муваффақиятлари, барибир, хорижий жангарилар дохил толибларнинг ортиб бораётган қудратига далолат қилмайди:
“Биласизми, минтақага, айниқса, Марказий Осиёга толиблар ва Афғонистондан бўлаётган муаммоларни таҳдид дейиш ноўрин. Чунки бунинг сабаблари шундан иборатки, толибларнинг келаси йилда ҳокимиятга келиш эҳтимоли кам. Яъни, уларда Афғонистондаги бутун вазиятни тўлақонли, расман назорат қилиш потенциали мавжуд эмас. Бошқа томондан, Ғарб Афғонистондан бутунлай чиқиб кетаётгани йўқ, ўзининг чекланган сондаги ҳарбийларини қолдираяпти. Бунинг устига, йилдан-йилга Афғонистон ўзининг хавфсизлик тизими ҳам шаклланмоқда. Бошқа томондан, Афғонистон жамоатчилик фикрининг аксарият қисми ҳалиям толибларга қарши. Тўғри, Афғонистонда толибларнинг маълум бир ижтимоий базаси ҳам бор. Лекин улар мутлақ кўпчиликни ташкил қилмайди. Буларнинг барчасига қўшимча, толибларнинг ташқи дунёга бостириб бориш, яъни босқинчилик тажрибаси ҳалича кузатилгани йўқ. Шу боис ҳам, толиблар Марказий Осиё хавфсизлиги учун таҳдид эмас, хавотир, муаммо сифатида таснифланиши керак. Яъни, Афғонистон Марказий Осиёдан чиқаётган потенциал жиҳодчилар учун бир база, ҳудуд сифатида қолаверади. Лекин 2016 йил бурилиш палласи ёки толиблар учун муваффақиятли давр бўлади, деб ўйламайман”, - дейди асли ўзбекистонлик таҳлилчи суҳбатдошимиз.

Сурат манбаси, Getty
Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳининг Покистонда ўзининг янги тармоғига асос солиши ва қисқа вақтнинг ичида Афғонистонга ҳар томондан сизиб киришга муваффақ бўлаётганига оид хабарлар эса, жорий йилда аксарият минтақа давлатлари қолиб, қудратли Хитой ва Россиянинг ҳам жиддий хавотирларига сабаб бўлмай қолмади.
Агар, бу давлат раҳбарларининг ҳам ошкора, расман ва юқори минбарлардан туриб, такроран қилаётган баёнотлари мазмунига таянилса, улар ҳам шундоқ биқинларида жойлашган Афғонистондаги вазиятнинг худди Ироқдагиси каби тус олиб кетиши, Афғонистоннинг қайтаттан турли диний-экстремистик ва террорчи ташкилотлар уясига айланишидан хавотирдалар.
Аммо, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу йирик жангари гуруҳларнинг шу яқин йиллар ичида ягона глобал тармоққа бирлашиб, минтақа учун янги таҳдидга айланишлари эҳимоли борасида жорий пайтда, ҳатто, етакчи ҳарбий таҳлилчилар фикрларининг ўзи якдил эмас.
Уларнинг эътироф этишларича, бераётган баҳоларидаги бу каби қарама-қаршилик қўшни Афғонистонда шаклланиб бораётган вазиятнинг қанчалик чигал эканига далолат қилади.
Таҳлилчиларга кўра, бу яқин йиллар ичида Афғонистон минтақа хавфсизлигига солажак таҳдиднинг кўламини ҳам худди шу омил белгилайди.
Аксарият ҳарбий таҳлилчиларнинг бирдек эътироф этишларича, Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳининг фаоллашуви қўшни Афғонистондаги шундоқ ҳам мураккаб вазиятни янада чигаллаштирган.
Бунга Афғонистондаги Толибон ҳаракати, “ал-Қоида” ва ИШИД гуруҳи ўртасидаги алоқаларнинг ҳалиям ноаён қолаётгани далолат қилади”, дейишади улар.
Яъни жорий пайтда бу жангари гуруҳларнинг Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида иттифоқчидек кўринишса-да, мамлакат жануби ва шарқида бир-бирларига қарши аёвсиз жанг олиб боришаётгани кузатилади.
Франциядан сиёсий таҳлилчи суҳбатдошимиз Камолиддин Раббимовнинг айтишича, Толибон ҳаракати ва ИШИД гуруҳи ўртасидаги зиддият бундан буёғига ҳам чуқурлашса, чуқурлашадики, ўнгланмайди:

“Бу гуруҳларнинг бирлашиш потенциали ниҳоятда кам. Чунки улар ўртасидаги конфликт жуда чуқур. Бу гуруҳлар ўртасида сиёсий, тактик, стратегик ва кўпгина масалаларда, ҳаттоки, ирқий, шаръий, мафкуравий зиддият ўта чуқур. Агар, ўз кузатувларимдан келиб чиқиб айтсам, энг асосий фронт-жабҳа бир томонда ИШИД бўладиган бўлса, нариги тарафда Толибон, “ал-Қоида” ва бошқа жангари гуруҳлар бўлади. Ва бугунги кунда уларнинг бир сафга бирлашиши ёки битта иттифоққа айланиши амримаҳол. Чунки улар ўртасидаги зиддият жуда чуқур”, - дейди таҳлилчи.
Ўзбекистон Исломий Ҳаракати эса, жорий йилда яқин-яқингача ўзининг минтақадаги энг асосий иттифоқчиси бўлиб келган Афғонистон Толибон ҳаракатини ҳам “Исломий Давлат” сафларига қўшилишга даъват этиб чиққан, ҳаракат эса, шу пайтгача уларнинг бу каби баёнотига расман бирор бир муносабат билдирмаган.
Аммо Толибон ҳаракати раҳбарияти шу йил бошида лидери Абу Бакр ал-Бағдодийга очиқ мактуб билан чиқиб, ИШИД гуруҳини Афғонистондан узоқроқ туришга чақирган ва акс ҳолда бунинг оқибатлари ёмон бўлиши билан огоҳлантирганди.
Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, ўз ўрнида, айнан Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига келтирган байъати сабаб, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва яқин-яқингача уларнинг минтақадаги энг яқин иттифоқчиси бўлиб келган Афғонистон Толибон ҳаракати орасидаги зиддият ҳам жиддийлашиб бораверади:
“Толиблар борган сари фаоллашиб бораверади. Уларнинг фаоллашувидан мақсади иккита: Биринчиси – Афғонистонда ўзининг мавқеини мустаҳкамлаш. Иккинчиси – параллел равишда ИШИД ва Ўзбекистон Исломий ҳаракатига қарши рақобатни кучайтириш. Демак, ўтаётган 2015 йилнинг хавфсизлик масаласидаги энг жиддий воқеаларидан биттаси, бу – толиблар ва Ўзбекистон Исломий ҳаракати ўртасида чиққан зиддият бўлади. Чунки бу зиддиятнинг оқибатлари Ўзбекистон Исломий ҳаракати учун жиддий ва салбий бўлади. Бу икки гуруҳ қанчалик келишиб кета олади ёки йўқ, буни вазият кўрсатади. Агарки, Ўзбекистон Исломий ҳаракати ИШИД гуруҳи билан алоқаларини қайта кўриб чиқиб, яна Афғонистон Толибон ҳаракатига қайтадиган бўлса, унда улар сақланиб қолади”, - дейди суҳбатдошимиз.

Сурат манбаси, videodan
Ўзбекистон Исломий ҳаракати лидери Усмон Ғозийнинг ҳозир Афғонистоннинг жанубий Зобул вилоятида экани, у ердаги сўнгги йилларда Покистондан қочиб ўтган ва ораларидаги афғонистонлик толиблар ҳам бўлган мингга яқин хорижий жангарилар оиласига бошчилик қилаётгани айтиларди.
Аммо шу йил охирларида Зобулдаги Усмон Ғозий қўл остидаги жангариларнинг толибларнинг Мулла Муҳаммад Расул етакчилик қилаётган гуруҳини дастаклаб, ҳаракатнинг асосий лидери Мулла Ахтар Муҳаммад Мансур тарафдорларига қарши қақшатқич жангга киришганликларига оид хабарлар олинди.
Зобул ва унга қўшни шарқий Ғазний вилоятида кечган ана шу жанглар натижасида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати лидерининг ўнлаб жангарилари билан бирга қуршовга олингани, рақиб Толибон гуруҳи томонидан қўлга олингани ва ё ўлдирилганига оид хабарлар пайдо бўлган эса-да, улар йил якунига қадар афғонистонлик масъуллар томонидан расман ўз тасдиғини топмади.
Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг ўзи эса, шу йил сентябр ойида furqon.co веб саҳифасида “Хилофатга байъат келтирганларидан сўнг, бунга қарши бўлган жангарилар ва Хуросондаги мужоҳидлар ўртасида зиддиятлар тобора кучайиб бораётгани ва бу ҳозирда Зобул вилоятига ҳам етиб келгани” ҳақида ёзганди.
Аён бўлишича, “Афғонистоннинг Ҳелманд, Қандаҳор, Ғазний, Жалолобод каби турли вилоятлари ва Зобулнинг ўзидан бўлган “холис толиб мужоҳидлар” мотоциклларда ўзлари турган минтақага келиб, Мулла Ахтар Муҳаммад Мансурга байъат келтириш, Афғонистондан чиқиш ва қуролларини топшириш каби уч шартдан бирини танлашларини талаб қилишган”.
Аммо, айни шу хабар тафсилотларидан аён бўлишича, ўшанда “келган жангарилар ичида ҳақиқий толиб бўлганлари ўзлари билан гаплашиб, уларга айтилган гапларнинг ёлғон эканини билганларидан сўнг узр сўраб, ўз жиҳодларини давом этдириш учун ўзга минтақаларга тарқалиб кетишган”.
Покистон Қуролли кучларининг ўтган йил ёз ойида бошлаган йирик ҳарбий амалиётларидан бироз аввал эса, айрим маҳаллий таҳлилчилар сўнгги пайтларда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари сони яна ортмоқда, деган баҳолар билан чиқишганди.

Улар Ўзбекистон Исломий Ҳаракати сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатларидан янги аъзолар ёллаб, қўшни Афғонистон шимолида фаоллашиш орқали минтақа чегараларига яқинлашишга уринаётгани ҳақида сўз юритишганди.
Ҳарбий доираларда ҳозир Афғонистонда бўлган ва ИШИД номи остида бир йилнинг ўзида бутун мамлакат бўйлаб фаоллашишга улгурган ҳаракат жангариларининг сони бир неча юздан бир неча мингтагача, деб тахмин қилинади.
Лондондан халқаро ҳарбий таҳлилчи Пол Рожерснинг айтишича, Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи - Афғонистоннинг ўзи дохил барча минтақа давлатлари учун бу яқин йиллар ичида назардан қочирмай, диққат билан кузатиб боришлари шарт бўлган муаммодир:
“Ўтган 10-15 йил ичида “ал-Қоида” тармоғи Афғонистон ва Покистонда имкон қадар фаоллашишга муваффақ бўлганди. Бу тармоқнинг минтақадаги катта муваффақияти сифатида ҳам кўрилганди. Энди эса, уфқда “ал-Қоида”дан ҳам шафқатсиз ва зўравон бўлган ИШИД гуруҳи пайдо бўлмоқда. Жорий пайтда ИШИД минтақадаги турли мухолиф қуролли гуруҳлар билан рақобатда. Шу боис ҳам, ҳозир бу гуруҳнинг минтақада қанчалик фаоллашишга муваффақ бўлиши ҳақида олдиндан башорат қилиш жуда қийин. Бунинг устига, ИШИД Париждаги қонли ҳужумлар сабаб, Яқин Шарқда янада босим остида қолган. Аммо бу минтақа учун ИШИД билан боғлиқ хавф буткул ариди, дегани эмас. Гап шундаки, ИШИД аллақачон айримлари марказий осиёлик бўлган жангари гуруҳлар билан яхши алоқалар ўрнатиб, минтақага кириб келишга муваффақ бўлди. Балки, гуруҳ минтақада тезда кучайиб кетишга имконли бўлмас, аммо минтақа давлатларининг шундоққина биқинларида вужудга келаётган бу каби вазиятни диққат билан кузатиб боришлари шарт бўлади”, - дейди халқаро ҳарбий таҳлилчи суҳбатдошимиз.
Айрим минтақавий таҳлилчилар наздларида ИШИД га ошкора байъат келтириш билан Ўзбекистон Исломий ҳаракати дохил минтақадаги кучли сиёсий, ҳарбий инқирозларни бошидан кечирган бошқа айрим жангари гуруҳлар қайта фаоллашишмоқчи. Молиявий жиҳатдан ўз аҳволларини яхшилаб, сафларини ҳам тўлдириб олишмоқчи.

Сурат манбаси, IS propaganda
Ўтган бир неча ойнинг ўзида Ироқ ва Суриядаги каттагина ҳудудларни босиб олиб, ўз исломий халифалигини эълон қилган ИШИД эса, жорий пайтда барча жангари гуруҳлар орасидан “энг бойи” ва қудратлиси сифатида эътироф этилади.
Яқин Шарқда ўзининг исломий халифалигига асос солган ва бугунги кунда дунёдаги энг қудратли жиҳодчи гуруҳ сифатида тан олинувчи ИШИД аввалбошдан глобаллашиш ниятида эканини ҳеч кимдан яширмай келади.
Гуруҳ Ислом динидаги учта муқаддас заминни ўз ичига олувчи башарий халифат барпо этиш режасида: Яъни, Афғонистон, Эрон ва Марказий Осиё минтақасининг ҳам бир қисмини ўз ичига олувчи қадим Хуросон давлатини қайта барпо этишни мақсад қилган.
ИШИД ўзининг ўтган йилги расмий баёнотида, “қўшинларининг қадами етиб борган ҳар қандай ҳудуддаги барча амирликлар, гуруҳлар, давлатлар ва ташкилотлар йўққа чиқиши”ни ошкора баён қилган.
Жорий йил бошида Покистонда ўзининг Жанубий Осиёдаги янги тармоғига асос солган гуруҳ бор-йўғи бир неча ойнинг ўзида асосан толиблар ва бошқа хорижий жангарилар ҳисобидан минтақада ўзига юзлаб янги тарафдорлар ортдиришга муваффақ бўлган.
Айни шу манзарада ИШИД гуруҳи сафларига бориб қўшилаётган марказий осиёлик фуқароларга оид илк расмий рақамлар ҳам эълон қилинди.
Жумладан, Халқаро Инқироз Гуруҳи уларнинг сони икки мингтадан тўрт мингтагача бўлиши мумкинлигини айтиб чиқди.
Айни мавзуни тадқиқ қилган қатор халқаро ташкилотларнинг ҳисоботларида эса, Сурия ва Ироқда жанг қилаётган марказий осиёликлар аксариятининг ўзбеклар экани тахмин қилинди.

Сурат манбаси, AP
Америка Жосуслик Хизматининг қўшма ҳисоботида эса, ИШИД гуруҳи сафларидаги фуқароларининг сони бўйича Ўзбекистон кечаётган йилда Россия билан бирга рўйхатнинг юқори қаторларидан жой олган иккита собиқ Шўро давлатидан биттаси бўлди.
Минтақавий ва халқаро таҳлилчилар бугун Ироқ ва Сурияда жанг қилаётган марказий осиёликлар сони бир неча юздан бир неча мингга етиши мумкинлигини тахмин этишаркан, уларнинг сони ортиб бораётганига ҳам диққат қилишади.
Худди шу манзарада, ҳатто, халқаро таҳлилчилар орасида ҳам жиҳодчилар сафларида жанг қилиб, ватанларига қайтаётган бу каби фуқароларнинг ўз давлатлари хавфсизлиги учун асосий муаммога айланишлари мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар йўқ эмас.
Айни шу хавотирлар манзарасида кечаётган йилда Қирғизистон, Тожикистон ва Россия Яқин Шарқдаги Дойиш гуруҳини расман “диний-экстремистик” ва “террорчи” ташкилот, деб эълон қилишди. Унинг фаолиятини ўз ҳудудларида расман тақиқлашди.
Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон эса, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари орасидан биринчилардан бўлиб “Исломий Давлат” ва бошқа террорчи гуруҳларга алоқадорлиги аниқланган шахсларнинг автоматик равишда мамлакат фуқаролигидан чиқариб юборилишига оид фармонни имзолашгача борди.
Йил якунига келиб эса, Қирғизистон парламентида ҳам худди ана шундай даъватлар янгради, Россиянинг мамлакат хавфсизлигига масъул айрим идоралари ҳам худди шундай таклиф билан чиқишди.
Россия, ўз навбатида, ИШИД нинг Яқин Шарқдаги нишонларига қаратилган ҳаво ҳужумларига қўшилган ва ўзининг бу қарори учун гуруҳ расман жиҳод эълон қилган илк собиқ Шўро давлатига ҳам айланди.

Сурат манбаси, Getty
Аксарият минтақа давлатларида эса, ИШИД гуруҳига алоқадорлик айблари билан узоқ йиллик қамоқ жазоларига оид ҳукмлар янгради.
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳам ўтган йил ёзида илк бор ИШИД хавфидан жиддий огоҳлантирган ва ўшандан буён каттаю кичик минбарлар орқали Афғонистонда сўнгги пайтларда вужудга келаётган вазиятдан ўз ташвишларини изҳор этиб келади.
Орада Ўзбекистонда хавфсизлик чоралари кучайтирилган, ҳатто, Россия, Яқин Шарқ давлатлари ва Туркияга чиқиб келган ўзбекистонликлар ҳам масъул идоралар томонидан ИШИД гуруҳига алоқаси бор-йўқликда обдон текширилмоқда.
Яқинда мамлакатда ИШИД гуруҳига қарши йирик тарғибот кампаниясига ҳам қўл урилган, диний уламолар, журналистлар ва қўшиқчилар ҳам жалб этилган мазкур тадбир шахсан президент Каримовнинг ташаббуси бўлгани ҳам айтилганди.
Беқарорликлар кучайиб бораётган қўшни Афғонистон ва ИШИД таҳдиди қаршисида минтақа давлатлари кўраётган бу каби чора-тадбирларнинг асл мақсади борасида эса, барчани ҳам якдил фикрда дейиш қийин.
Минтақа аҳолисидан кимларнингдир наздида бу – диндорларни жиловлаш учун навбатдаги баҳона бўлса, бошқасининг фикрича, жамиятни кучлироқ назорат қилиш, одамларни янада кўпроқ қўрқувда ушлаб туриш учун қўл урилаётган яна бир амалдир:
“Биласизми, бу хавотирларни тўлақонли асоссиз, деб ҳам бўлмайди. Чунки мана шу хатти-ҳаракатлар, информацион кампаниялар ва хавфсизлик чоралари натижасида ИШИД ёки бошқа жиҳодий гуруҳларга нисбатан жамоатчилик фикрида катта ўзгариш бўлди...Лекин Россия, Ўзбекистон каби постсовет ҳудудининг бундан кўзлаган бошқа бир тактик мақсадлари ҳам бор. Россиянинг асосий мақсади, бу – бир томондан, изоляциядан чиқиш учун Ғарб билан бирлашув нуқтасини излаш. Яъники, ягона бир фронт тузиб, биз Ғарб билан конфликтда эмасмиз, аксинча, глобал терроризмга қарши биз битта жабҳада бўлишимиз керак, деган бир нуқта. Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон учун бу – ички сиёсий буюртма дейишимиз мумкин. Яъни, ҳокимият вазиятни назорат қилиш учун, кейинги икки йилда ўта оғирлашган ижтимоий-иқтисодий вазиятда жамиятни кучлироқ назорат қилиш ва жамоатчилик тафаккурини қўрқув билан кўпроқ бойитиш учун терроризм ва экстремизмга қарши информацион кампания кучайиб бораяпти. Яъни, бунинг ортида ҳар бир давлатнинг, ҳар бир ҳукуматнинг бир-биридан фарқли, баъзан зиддиятли бўлган мақсадлари, вазифалари турибди”, - дейди Франциядан сиёсий таҳлилчи бўлган суҳбатдошимиз Камолиддин Раббимов.

Сурат манбаси, AP
Агар, Россия Федерал Хавфсизлик Бюросининг шу йил якунида қилган баёнотига таянилса, ИШИД Афғонистонда ўз исломий давлатининг вилоятини ташкил этмоқчи. Кейинчалик унга Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Хитойнинг Шинжон Уйғуристонини ҳам қўшиб олмоқчи.
Россия томонига кўра, жорий пайтда Толибон ҳаракати ҳам Афғонистонда жадаллик билан фаоллашмоқда, аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадошлари дохил бутун мамлакат бўйлаб стратегик жиҳатдан муҳим туманларда ўз мавқеини мустаҳкамлаб олмоқда.
Агар, Россия Федерал Хавфсизлик Бюроси келтирган сўнгги маълумотларга ишонилса, “Афғонистондаги толибларнинг сони жорий пайтда 45-50 минг кишига етади. Уларнинг жанговарлик, қуролланганлик даражаси ва интизоми жиддий яхшиланган”.
Уларнинг бу каби хавотирли чиқишлари эса, ҳатто, дунёнинг иккита ҳарбий ва иқтисодий қудратидан биттаси бўлган Хитойнинг янги дипломатик воситачилик уринишлари ҳам афғон можаросига тинч йўл билан ечим топишга имкон бермаган бир манзарада кузатилди.
Аммо Франциядан сиёсий таҳлилчи суҳбатдошимиз Камолиддин Раббимовнинг айтишича, Афғонистоннинг Марказий Осиё минтақасига бевосита чегарадош ҳудудларида эришаётган сўнгги ютуқлари ва жорий йилда қанчалик фаоллашишга муваффақ бўлгани ҳам Толибон ҳаракатини жиддий таҳдид сифатида кўриш ва баҳолашга асос бермайди:
“Биласизми, Афғонистоннинг баъзи бир ҳудудларини босиб олиши – толибларнинг ўз куч-қудратларини кўрсатиб қўйиш мақсадини кўзда тутади, холос. Лекин улар ўзлари босиб олган ҳудудларни ушлаб қола олишгани йўқ. Аммо, шундан ҳам, толиблар ўзларининг бу каби муваққат ютуқлари билан Ғарб, Афғонистон жамияти ва афғон ҳукуматига биз билан келишишга мажбурсизлар, маҳкумсизлар, деган бир ишорани беришди. Толиблар келажакда, ҳатто, маълум бир қўпорувчилик амалларига ҳам қўл уришлари мумкин. Дейлик, Туркманистоннинг маълум бир ҳудудига тезгина кириб чиқиб кетиши ва бу билан Марказий Осиёни янада кўпроқ қўрқитиши ҳам мумкин. Лекин Туркманистон бўладими ва ёки бошқа бир минтақа давлати, бостириб кириб, у ердаги вазиятни ушлаб қола оладиган даражада уларнинг қўшинлари, имконияти, куч ва қудрати мавжуд эмас”, - дейди таҳлилчи.

Лекин, шунда ҳам, Покистондан етакчи минтақавий таҳлилчи Ходим Ҳусайннинг айтишича, Покистон, Афғонистон, Ҳиндистон, Марказий Осиё давлатлари, Россия, Хитой ва Эрон минтақа хавфсизлиги масаласида имкон қадар ҳамкорликка боришлари, таҳдиднинг олдини аввалдан олишлари ва бу масалада муҳим роль ўйнашлари шартдир.
“Афғонистондаги мавжуд вазиятдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, Толибон ҳаракатининг Мулла Муҳаммад Расул бошчилик қилаётган гуруҳи янада зўравонроқ бўлиши, ИШИД ёки “ал-Қоида” тармоғининг айрим қанотлари, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Шарқий Туркистон Исломий Ҳаракатининг уйғур жангарилари билан яқинлашишлари мумкин. Чунки бу – уларга Афғонистон Толибон ҳаракатининг Мулла Ахтар Муҳаммад Мансур бошчилик қилаётган асосий бўғини ҳозирлиги остида жон сақлаб қолиш имконини беради. Чунки Афғонистон Толибон ҳаракатининг асосий бўғини каттароқ дастакка эга ва кўпроқ ҳудудни назорат қилади. Бу каби иттифоқчилик эса, Толибон ҳаракати икки рақиб гуруҳининг янада жиққа-мушт бўлишлари, уларнинг орасидаги жангларнинг кучайиши эҳтимолини англатади. Бу курашларида уларнинг турли глобал жиҳодий гуруҳлар билан иттифоқчиликка киришиш уринишлари эса, ўз навбатида, Покистон, Афғонистон, Марказий Осиё давлатлари ва Эрон хавфсизлиги учун таҳдиднинг кучайишини англатади”, - дейди покистонлик таҳлилчи.
Таҳлилчи суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, бундай эҳтимолнинг амалга ошмаслиги –минтақа давлатларининг кўмаги билан Афғонистон Қуролли кучларини тўлиқ ва рисоладагидек оёққа қўйиш, Афғонистондаги фуқаровий жамиятларнинг фаоллиги ва энг муҳими, афғон ҳукуматининг Покистон, Эрон, Хитой ҳамда Россия билан яқиндан ҳамкорлигига боғлиқ бўлади.
Ўз навбатида, минтақадаги айрим мустақил таҳлилчилар эса, Россия томонининг сўнгги ойларда устма-уст янграётган хавотирли баёнотларини расмий Москва, жумладан, президент Владимир Путиннинг “мустамлакачилик” амбициялари билан боғлашади.
Уларнинг айтишларича, Афғонистон, Толибон ва “Исломий Давлат” таҳдидини баҳона қилиб, Россия минтақа давлатларини яна ўзига қарам қилиш ёки яқинлаштиришни истайди.
Дейлик, Украина инқирози ва Россия раҳбарининг Оврўосиё иттифоқини барпо этишни кўзлаган осмонўпар мақсади манзарасида минтақадаги аҳолиси энг катта Ўзбекистон ёки энергия захираларига бой Туркманистон расмий Кремлдан имкон қадар мустақил сиёсат юритишга интилишмоқда.

Сурат манбаси, ap
Ғарб ва минтақанинг бошқа қудратли давлатлари билан яқинлашишга уринишмоқда. Бу эса, Россия ҳукуматини чўчитмай қўймайди.
Аммо, ўз ўрнида, таъкидлаш жоиз, яқинда Натонинг Афғонистондаги Бош қўмондони ҳам илк бор Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳининг Афғонистонда фаоллик билан ўзига янги жангарилар ёллаётганини ошкора ва расман эътироф этиб чиққанди.
Халқаро ҳарбий таҳлилчиларга кўра, Афғонистонда кучайиб бораётган зўравонликлар манзарасида вужудга келаётган бу каби ҳолат камида АҚШ томонининг бу яқин йиллар ичида Афғонистонни тарк этмаслик қарорини қатъийлаштиришига олиб келади.
Ўтган йил охирида Кобул ва Вашингтон ўртасида имзоланган муҳим хавфсизлик битими доирасида аксарияти америкаликлардан иборат 10 мингдан ортиқ хориж аскари ва улар қатор ҳарбий базаларининг келаси йил якунига қадар афғон тупроғида қолишларига расман изн берилган.
Бошқа томондан, минтақадаги айрим етакчи таҳлилчилар бераётган баҳоларга таянилса, ИШИД минтақада янги феномен ва ғоялари, ҳалича, Афғонистон, Покистон, Марказий Осиё давлатлари ва минтақадаги йирик жангари гуруҳлар орасига кириб бормаган.
Уларнинг айтишларича, худди шу боис ҳам, дунёдаги бу энг қудратли жангари гуруҳнинг минтақа учун ростмана таҳдидга айланиши ҳақида айнан ҳозир сўз юритиш ноўрин ва бунга ҳалича анча эрта.
Маҳаллий кузатувчилар эса, бошқа томондан, собиқ Совет Марказий Осиёсида аксар аҳолининг исломий халифат ёки исломий давлатчилик ғоясига хайрихоҳ эмасликлари, бунга қарши кайфиятда эканликларига диққат қаратишади.

Бундан ташқари, улар, толиблар бўладими ёки ИШИД гуруҳи жангарилари, яхши жиҳозланган катта сондаги мунтазам армиясининг борлиги ва давлатчилигининг қанчалик кучли эканига қараб, айниқса, Ўзбекистонга ўхшаш давлатларда қуролли исёнчиларнинг ҳокимиятга келиш имкониятлари деярли йўқлигини таъкидлашади.
Энг сўнггида Покистондан етакчи минтақавий таҳлилчи суҳбатдошимиз Ходим Ҳусайннинг айтишича эса, кечаётган йилда саноқли бўлса-да, рўй берган кутилмаган ижобий ўзгаришлар айнан минтақанинг бу яқин йиллар ичидаги хавфсизлиги масаласида барча манфаатдор томонларнинг умидбахш бўлишларига замин яратиши мумкин:
“Булардан биринчиси – АҚШ ва Эрон ўртасида эришилган муҳим келишув бўлса, иккинчиси – қудратли Хитойнинг Яқин Шарқ, Марказий Осиё ва Ғарбий Осиёга очилиш ниятидир. Бу икки воқеълик минтақа давлатларини бизнес, савдо-сотиқ, ишлаб чиқариш ва тижорат ришталари билан боғлаши мумкин. Буларнинг барчаси эса, сўзсиз, бутунбошли минтақа хавфсизлигида ўз сўзини айтмай қолмайди”, - дейди лавҳамиз якунида покистонлик таҳлилчи.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












