Марказий Осиё давлатлари ИДга қарши курашда ҳамкорлик қиляптими?

Сурат манбаси, AP

Марказий Осиё давлатларида ўзини Исломий Давлат деб атовчи жангари гуруҳга қўшилишга отланганлар ёки гуруҳ мафкурасини тарғиб қилаётганларни ҳибсга олиш ҳоллари бот-бот юз бераяпти.

Хусусан, охирги хабарга кўра, Москвадаги аэропортда Қирғизистон фуқароси бўлган 25 ёшли аёлнинг Сурияга ҳудкуш ҳужумчи бўлиш учун отланаётганида қўлга олингани хабар қилинди.

Айни дамда Тожикистонда маҳкама 30 ёшли Ҳусайн Одинамаҳмадовни ёшларни ИД сафига ёллаш ва жангга сафарбар қилишда айбдор деб топиб 18 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этган.

Қозоғистонда эса ман этилган Таблиғи Жамоат ҳаракатининг раҳбари Сакен Тулбаевни экстремистик ғояларни тарғиб қилгани учун деярли беш йилга қамади.

Ўзбекистонда ўтган апрель ойида ИДга алоқадор шубҳали варақалар топилгани хабар қилинганди. Би-би-си манбаларининг айтишича, экстремистик мазмунда экани айтилган варақалар Паркент яқинидаги Ҳисарой қишлоғидаги 29-сонли умумтаълим мактабида топилган ва бунинг ортидан икки киши ҳибсга олинганди.

Марказий Осиё бўйлаб бу каби ҳибслар амалга оширилаётган бўлса-да, бу давлатлар орасида ИДга қарши кураш йўлида пухта ишлаб чиқилган ҳамкорлик йўлга қўйилганига ишоралар йўқ.

Бу каби ҳамкорлик ўзи мавжудми? Би-би-си бу савол билан Москвадаги Карнеги институтининг хавфсизлик масалалари бўйича эксперти Алексей Малашенкога мурожаат қилди.

Малашенко: Исломий Давлатга қарши курашда МДҲ давлатлари, Марказий Осиё ва Россия ўртасида ҳамкорлик, шубҳасиз, мавжуд. Чунки барча тарафлар ИДнинг барқарорликка таҳдид солмаслигидан манфаатдорлар. Ҳамкорлик деганда биринчи ўринда ИД сафига бориб қўшилишга интилганларни кузатиб қўлга олиш, ва у ерларга бориб келган шахсларни ушлаш, борган сари кенгайиб бораётган ИД сафига ёллаш тармоғини кузатиш шу ҳамкорликнинг энг асосий жиҳатлари бўлмоқда. Россия Давлат хавфсизлиги раҳбари Генерал Николай Патрушев Россия ҳақида гапира туриб, ИДга сафига ёллаш тармоғига қарши курашнинг деярли имкони йўқлигини айтди. Қандайдир чоралар кўришга уринишаяпти, лекин ҳозирча бунинг уддасидан чиқа олмаяптилар. Бошқа муаммо шуки, Яқин Шарқда жанг қилиш учун қанча одам кетганини ва қанчаси ортга қайтганини ҳеч ким аниқ билмайди. Биргина Россиянинг ўзидан кетганлар сони 1700дан тортиб 7 минггача дейилаяпти, лекин охирги вақтда 5 минг деган рақамни кўпроқ келтиришаяпти. БМТ таҳминан бир ойча аввал чиқарган рақамга кўра, Марказий Осиёдан камида 4 минг одам ИДга қўшилган. Шахсан мен бу рақам асли юқорироқ бўлиши керак деб ўйлайман. Бироқ, аниқ ҳисоб-китоб қилишнинг имкони бўлмаяпти. Қандай бўлмасин, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (ОДКБ), МДҲнинг аксилтеррор маркази доирасида ҳамкорлик давом этаяпти. Бу ҳамкорликнинг натижалари қандай бўлаётганини ҳозирча айтиш қийин. Исломий Давлат таркибида, БМТга кўра, 25 минг хорижий жангарилар бор. Агар собиқ совет республикаларидан борганларни ҳисобласак, демак, жангариларнинг ярми бизнинг фуқаролар бўлиб чиқади. Гап шундаки, ўзаро ҳамкорликни кучайтириш керак. ИДнинг ўзидаги халқаро ҳамкорлик жуда яхши йўлга қўйилган, улар бир-бирларига сафар қилиш ва жанг қилишда катта ёрдам берадилар, шундай экан уларга қарши фақат ҳамкорлик йўли билан курашиш мумкин.

Би-би-си: Сиз ҳамкорликни ошириш керак, деяпсиз. Айнан Марказий Осиё давлатлари орасида бу каби ҳамкорликни яна қандай кучайтириш мумкин? Ўзи у қандай шаклда ишлаяпти? Бу ҳамкорликка биз нега гувоҳ бўлмаяпмиз?

Малашенко: Бу ҳамкорлик бор, лекин уни ҳар доим ҳам очиқча намойиш қилиш қулай эмас. Ҳибсларга келсак, баъзида нотўғри одамлар ҳибсга олинган ҳоллар бўлаяпти. Айни дамда Россиядан бу каби фуқароларни Марказий Осиё давлатларига топшириш ҳоллари бор. Бизга бу очиқланмаётгани балки яхши нарсадир. Чунки, ИДга қарши кураш қандайдир хизмат сирларини талаб қилади.

Би-би-си: Тожикистоннинг юқори даражали ҳарбий мулозими, ОМОН қўмондони Гулмуров Ҳалимов Исломий Давлат сафига қўшилганида сиз нима деб ўйладингиз? Ва бу каби ҳарбийларнинг ИДга қўшилиши давом этиши ҳавфи борми?

Малашенко: Албатта, бор бундай хавф. Унинг кетишига ўзининг ички сабаблари ҳам туртки бўлган. Афтидан у Имомали Раҳмон олиб борган сиёсатдан норози эди. Дарвоқе, жуда кўп материалларга биноан, тожик хавфсизлик кучлари анча нопрофессионал иш олиб боришаяпти. Улар Исломий Давлатга қарши курашишга бутунлай қодир эмаслар ва буни хўжакўрсинга амалга ошираётганлари, ва бу билан одамларни ИДга қўшилишга ўзлари мажбур қилиб қўяётганлари айтилади. Мен у қўмондонни шахсан билмаганман, лекин айта оламанки, у ўз қалбининг чақириғи билан шу ишни қилган, чунки у ИД тарғиб қилаётган мафкурага ишонади. Унинг ортидан кетадиган бошқа ҳарбийлар бўладими деб сўрадингиз, менимча, ҳа, бўлади. Яна айтаман, буни кузатиш қийин бўлади. Тожикистонга ИДдан қайтганларнинг ўзигина 400-500 атрофида дейилаяпти. Тожикистон Афғонистон билан умумий чегарага эга ва ИДчилар Афғонистонда анча муваффақиятли амал қилишаяпти.

Би-би-си: Сиз Генерал Патрушевдан иқтибос келтирдингиз. Яъни ИД сафига ёллашни тўхтатиш деярли имконсиз эканини қайтардингиз. Нима учун имконсиз?

Малашенко: Сиз тасаввур қилинг бу жараён қандай амалга оширилади. Улар интернет орқали амал қилишади, ва нафақат ўзларининг сайтлари, балки Одноклассникига ўхшаган сайтларни ҳам ишга соладилар. Буларнинг барини кузатиб ўтириш учун минглаб хавфсизлик ходимларини жалб қилиш керак. Бу тармоқни кузатиш ўта қийин. Чунки жангари гуруҳнинг ичида иерархия ёки структураси йўқ. Шундай экан, бир ёлловчини қўлга олиш билан бутун тармоқни барбод қила олмайсиз.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio