"ЮНЕСКО бир йилни Навоий йили деб эълон қилсин!"

Афғонистондаги беш кунлик Мир Алишер Навоий халқаро симпозиуми қадим Ҳирот шаҳрида махсус резолюция қабул қилиниши билан ўз ниҳоясига етди.

15 банддан иборат махсус резолюция Ҳазрат Навоий хотирасини абадийлаштириш, Навоий меросини Афғонистон ва дунё бўйлаб оммалаштиришга қаратилган қатор чора-тадбирларни кўзда тутади.

Симпозиуам қатнашчилари маъқуллаган резолюция қарорида Алишер Навоийнинг Ҳирот шаҳридаги мақбарасини қайта қуриш таклифи илгари сурилган.

Шунингдек, Ҳирот шаҳрида Навоий замонидан сақланиб қолган ва ҳозир ёмон аҳволда бўлган меъморий обидаларни қайта қуриш лозимлиги таъкидланган.

Анжуман қарорида Афғонистонда Навоийшунослик тадқиқот марказини ташкил этиш мақсадга мувофиқ экани таъкидланган.

Шунингдек, дунёнинг бошқа мамлакатларидаги навоийшунослик билан шуғулланадиган муассасалар билан тўғридан-тўғри алоқани йўлга қўйиш таклиф этилган.

Афғонистонда адабиёт ва санъат соҳасидаги хизматлари билан танилган шахсларни мукофотлаш учун Навоий медалини таъсис этиш, Ҳирот шаҳридаги аэропорт дохил турли вилоятларда илмий-маданий ва давлатий муассасаларини Мир Алишер Навоий номи билан аташ таклифлари ҳам илгари сурилган.

Бирлашган Миллатлар ташкилотининг маданият жамғармаси ЮНЕСКОга мурожаат билан чиқиб, Ҳирот шаҳридаги Темурийлар давридан мерос қолган тарихий ва маданий обидаларни ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритиш учун минтақа ва жаҳон мамлакатлари диққатини жалб этиш ҳақида айтилган қарорда.

Халқаро анжуман иштирокчилари ЮНЕСКО томонидан бир йилни Алишер Навоий йили деб эълон қилиш таклифи билан чиққанлар.

Симпозиумда ушбу таклифларнинг ҳаётга татбиқ этилишини таъминлаш мақсадида бир қўмита тузилган.

Ушбу қўмита аъзоларидан, афғонистонлик таниқли адиб Муҳаммад Олим Кўҳкан, "симпозиумнинг сўнгги қарорини Афғонистон Президенти Ашраф Ғанига етказамиз. Чунки ушбу тадбир Афғонистон президенти фармони асосида ташкил этилди", дейди.

Ҳазрат Навоийга бағишланган йирик анжуман беш кун давом этди.

Симпозиум 11 апрель куни Кобул шаҳрида Афғонистон Президентининг саройида бошланди.

Унда Президент Ашраф Ғани маъруза қилди.

"Адолатга йўлни Навоийдек буюк шахслар очадилар. Ҳукумати сифатида бизнинг вазифамиз Навоийнинг эзгулик тамойилларини ҳаётга тадбиқ этадиган адолатли тузумни барпо этишдир", деб айтган Афғонистон президенти Ашраф Ғани ўз маърузасида.

Сўнг анжуман Мозори Шариф ва Ҳирот шаҳарларида давом эттирилди.

Халқаро анжуманда Ўзбекистон, Тожикистон, Покистон, Ҳиндистон, Туркия, Қозоғистон, Озарбайдондан навоийшунослар иштирок этганлар.

  • Навоий симпозиуми Афғонистонда чорак аср давомида ташкиллаштирилган энг йирик илмий-маданий анжуман бўлган.
  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.