Навоий: Одил шоҳ орзуси

Навоийшунос Муҳаммаджон ота Маҳмудов бу йил 100 ёшни қаршилайдилар.
Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига доир 10 га яқин китоблар муаллифи бўлган олим илк сабоқни Абдурауф Фитратдан олган.
У Чўлпон, Қодирий ва Усмон Носир каби қатағон қурбонлари ҳақидаги тирик хотиралар муаллифидир.
1937 йилда Сталин қатағонига учраган Муҳаммаджон ота 1943 йилгача қамоқда, 1943 йилдан 1955 йилга қадар эса сургунда бўлган.

Совет ҳукумати "троцкийчи" сифатида айбланган Муҳаммаджон Маҳмудовни 1955 йилда расман оқлайди.
1959 йилдан 1971 йилгача Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт институтида илмий ходим, 1971 йилдан 1999 йилгача эса Самарқанд педагогика институти ва Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетларида талабаларга ўзбек мумтоз адабиётидан сабоқ берган.
Охирги 15 йилда кўзи кўрмай қолганига қарамай, Навоий ҳаёти ва ижодини тадқиқ этишда давом этмоқда.

2011 йилда "Яна Навоийни ўқиб", 2015 да эса "Навоий ижодига янгича қараш" китоблари чоп этилди.
Айни пайтда ушбу китобнинг "Навоий ҳаёти ва ижодига янгича қараш" номли тўлдирилган янги нашри дунё юзини кўриш арафасида.
Биз қатағонлар остида кечган умрини Навоийга бағишлаган олим билан улуғ шоир ва мутафаккирнинг таржимаи ҳоли ва асарларидаги асосий мотивлар, жумладан, адолатли жамият ва одил шоҳ ғоялари ҳақида суҳбатлашдик.
Ҳақ сўзни айтган
Тошкентлик тадбиркор ва Навоий мероси тарғиботчиларидан Анвармирзо Ҳусайиновнинг айтишича, Навоий "подшоларнинг юзига ҳақ сўзни айтган, замонасининг амалдор ва уламоларини халқдан узоқликлари учун маломат қилган".
Унинг фикрича, агар Навоий ҳазратлари бугунги ўзбек жамиятини кўрганида "афсусланган бўларди".
"Худо сизларга мустақилликни берди, аммо сизлар 25 йилни зое кетказибсиз, деган бўларди Ҳазрат", - дейди Анвармирзо Ҳусайинов.
"Бобомиз бизга ҳар бир одам Оллоҳ яратган энг улуғ мавжудот, ҳеч кимни ҳуқуқсиз ва хор қилиб қўйманглар, дея насиҳат қилган бўларди.
Навоий айтганлар:
Мақсуд топилса яхши, йўқса нетайин, Бошимни олиб қай сори эмди кетайин?!
Яъни мақсади йўқ халқнинг аҳволи забун. Шунинг учун Навоийни ўқиш ақлимизнинг уфқларини кенгайтиради", - дейди Анвармирзо Ҳусайинов.
Ўзбекистонлик Твиттер фойдаланувчилари #Navoiy575 ва #Boburday ҳештегларини трендга чиқариш ҳаракатини бошлаганлар.
9 феврал куни улуғ Ўзбек шоири, мутафаккир, давлат ва жамоат арбоби Ҳазрат Алишер Навоийнинг таваллудига 575 йил тўлади.












