Россиядан биометрик паспортсиз чиқиб бўлмайди

Сурат манбаси, RIA Novosti
Ўзбекистон ҳаво йўллари ўз вебсайтида маълум қилишича, Россиядан чиқишга уринаётган Ўзбекистон фуқароларига фақат биомертрик паспорт асосида чипта сотилади.
"Маълум қиламизки, 2016 йил 1 январидан Россия Федерацияси ҳудудидан чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун фақат Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти асос бўлади", деб ёзилган вебсайтда.
Россия Федерацияси чегара хизмати ҳам бу жараёнга жалб қилинган.
Сайтда айтилишича, Россия чегара хизматлари "эски паспорт"и бўлган ўзбекистонликларга аэропортлар, денгиз портлари, темир йўллар ёки автомобилларда Россия ҳудудини тарк этишга рухсат бермайди.
"Агар Ўзбекистон Республикаси фуқароси Россия чегарасини "эски нусхадаги" паспорт билан кесиб ўтишга уринса, у рейсдан чиқариб олинади ва унга жарима солинади", дейилади Ўзбекистон ҳаво йўллари сайтида.
Сайтда билдирилишича, Россия Федерацияси ҳудудидан Ўзбекистон ҳаво йўллари рейсларига чипта сотиш фақат биометрик паспортлар асосида амалга оширилади, ҳамда "эски нусхадаги" паспортларга чипта сотиш ман этилади.
Хабарларга кўра, бу ҳолат Россиядан ватанга қайтишни режалаган кўплаб ўзбекистонликларни сарсон қилмоқда.
Россиянинг турли бурчакларида миллионлаб ўзбекистонликлар меҳнат қилади. Улар биометрик паспортларини ёки паспорт ўрнига вақтинча бериладиган сертификатларни фақат Москва ва Новосибирскдаги Ўзбекистон консулликларида олишлари мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг Москвадаги элчихонаси сайтида биометрик паспорти бўлмаган фуқароларнинг Россиядан чиқарилмаслиги борасида бирон маълумот йўқ.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












