Ўзбекистонда газ ва электр нархлари ошади

Ўзбекистонда 1 октябрдан табиий газ ва электр энергияси учун тўловлар нархи ошиши эълон қилинди.

Ўзбекнефтегаз компаниясига кўра, аҳолига бериладиган табиий газнинг 1 кубометри ҳисоблагич бўлган ҳолда 194,7 сўмдан 208,9 сўмга оширилади. Ҳисоблагич бўлмаган ҳолда овқат пишириш ва иссиқ сув таъминоти учун ишлатиладиган газнинг 10 кубометри 3612,95 сўмни ташкил қилади.

Тошкент шаҳрида табиий газ учун нархлар охирги марта шу йилнинг 15 май кунида оширилганди.

Айни дамда Ўзбекэнерго компанияси ҳам 1 октябрдан бошлаб электр энергиясининг нархлари ошганини маълум қилди. Ширкат буни ёқилғи энергия бойликлари таннархи ошиш билан изоҳлади.

Охирги марта Ўзбекистонда 2015 йилнинг 15 май кунида электр энергияси учун тарифлар кўтарилганди.

Янги тарифларга кўра, аҳолига бериладиган 1 кВт/с электр энергияси ҳақи 155 сўмдан 167,40 сўмгача, электр плитаси билан таъминланган хонадонлар учун 77,5 сўмдан 83,7 сўмгача ошиши белгиланган.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида 1 октябрдан совуқ сув ва иссиқ сув ҳамда иситиш тизимлари таъминоти хизмати учун ҳам янгиланган тарифлар жорий этилади.

Охирги йилларда Би-би-си мухлислари қиш мавсумида юзага келадиган газ ва электр энергияси тақчиллигидан шикоят қилиб келадилар.

Аммо, баъзи туман ва қишлоқларда Совет Иттифоқи даврида ўрнатилган газ қувурлари олиб ташланиб, газ етказилмай қўйилгани туфайли, газ нархининг ошишига бепарво қараётганлар ҳам кўп.

Айни дамда ўзбек ҳукумати ўз аҳолисидан газни қисиб, уни Хитойга экспорт қилаётганидан арз қилаётганлар сони ҳам тобора кўпаймоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон экспортида энг катта улуш (32%) энергия заҳиралари, газ ва нефть маҳсулотларига тўғри келади.

Узбекнефтегаз компанияси газ қазиб чиқариш бўйича жаҳонда 11-ўринда туради. Баъзи маълумотларга кўра, Ўзбекистонда йилига 60-70 кубометр газ қазиб олинади.

Газнинг умумий кўламидан тахминан 20 фоизи электр энергетикасига, нефть ва газ саноати муҳтожликлари учун - 19%, саноат учун - 11%, аҳоли учун эса 24 фоизи ишлатилади.

Хорижга эса Ўзбекистон ўз газининг 20 фоизини сотади ва келгуси йилларда экспорт кўламини янада оширишни мўлжаллаяпти. Хабарларга кўра, ўзбек ҳукумати аввалига атом электростанциясини қуриб ички газ истеъмолини пасайтирмоқчи.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio